Исроилга ракеталар ҳужуми, мигрантларга қарши намойиш ва ушланган ўзбек педофил
Хизбуллох Исроилга ракеталар билан ҳужум қилди. Британияда мигрантларга қарши намойишлар авж олди. Россияда 11 яшар қизчани зўрламоқчи бўлган ўзбек қўлга олинди ва бу 600 секунд.
3 август куни “Хизбуллоҳ” гуруҳи Ливандан Исроилга қарата 50та ракета билан ҳужум қилди. Ракета зарбаларига жавобан Исроилнинг ҳимоя гумбази ишга тушди. Гумбаз тизими аксарият артиллерия снарядларини зарарсизлантирди. “Хизбуллоҳ” гуруҳи зарбаларни “Катюша” ракеталари воситасида уюштиргани маълум бўлди. Аввалроқ Исроил Ливан жанубидаги икки қишлоққа авиа ҳужум қилган эди. “Хизбуллоҳ”нинг ракета зарбалари шу ҳужумга жавоб бўлгани таъкидланмоқда. Бунга жавобан Буюк Британия, АҚШ ва Австралия каби давлатлар ўз фуқароларидан Ливанни зудлик билан тарк этишни сўрамоқда.
Исроилдаги мавжуд хавфсизлик вазияти муносабати билан Ўзбекистон элчихонаси ушбу мамлакатдаги ватандошларимизга эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилди. Элчихона тавсиясида Исроилнинг айрим ҳудудларига боришдан сақланиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва элчихонанинг алоқа маълумотларини олиб юриш, оммавий йиғинлар ва жамоат жойларига бормаслик ҳақида огоҳлантирилади.
+++
Россия президенти маъмуриятига яқин инсайдерлар мамлакатда YouTube блокланиши муқаррар эканини таъкидлашмоқда. Тармоқ шу йилнинг сентябрь ойида блокланиши кўзда тутилган. Аввалроқ Россияда Facebook ва Instagram каби йирик ижтимоий тармоқлар тақиқланган эди. Блокланган тармоқлар ўрнига мамлакатда Россия измидаги платформаларни оммалаштириш кўзда тутилади. Бироқ мухолифатдаги россиялик блогер ва фаоллар ўз видео материалларини доимгидек улашишда давом этишларини билдиришган.
+++
Россиянинг Бурятия ва Забайкале ҳудудларидан сув тошқини боис 200 дан ортиқ киши эвакуация қилингани хабар берилмоқда. 4 август куни ушбу ҳудудларда сув тошқини сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинган, тошқин натижасида учта кўприк ва федерал магистрал йўл зарар кўрган.
+++
Буюк Британияда мигрантларга қарши намойишлар алангаламоқда. Намойишлар мамлакат маркази ва шимолидаги шаҳарларларда кучайган. 29 июл куни Саутпорт шаҳридаги рақс тўгаракларидан бирида қочқин мухожир уч нафар ёш болани пичоқлаб ўлдирган, бир неча болаларни жароҳатлаган. Қотил 17 яшар араб миллатига мансуб қочқин эканлиги аниқланди. Бу қонли фожиа Буюк Британия жамоатчилигини ларзага солди ва мухожирларга қарши намойишларга сабаб бўлди. Намойишларда британияликлар, мусулмон мухожирлар ва полиция тўқнашди. Болтон шаҳрида “Мусулмонлар Мудофаа лигаси” фаоллари “Аллоҳу акбар” деган ҳайқириқ билан британия ватандошларининг намойишига қарши чиқишди. Мутасаддилар бу фожиани террористик ҳужум деб баҳолади ва жиноятчи устидан одил суд ҳукм чиқаришини маълум қилди.
+++
Россияда 11 яшар қизчани зўрламоқчи бўлган яна бир ўзбек педофили қўлга олинди. Москва вилоятидаги Истра шаҳарчаси терговчилари 21 яшар Ўзбекистон ватандошини «Вояга етмаган ëш болага сексуал тегажоғлик қилганлик» айбини қўйишди. Тергов ҳужжатига кўра, 28 июл куни 21 яшар ўзбек йигити Истра шаҳридаги ўз уйи яқинидаги кўлда чўмилиб қайтаëтган 11 яшар қизалоқни ушлаб, ўрмонга етаклаб, зўрламоқчи бўлган. Қиз бир амаллаб унинг қўлидан қутулиб қочиб, ота-онасига айтган. Терговчи ва криминалистар атрофни текшириб, гувоҳларни сўроқ қилиб, кузатув камераларидаги тасвирларни кўриб, жиноятчини қидириб топишди. Қизалоқ бу шилқимни очний ставкада таниб кўрсатма берди.
+++
Бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндори Лазизбек Мулложонов Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари финалига кўтарилди. Ярим финалда тожикистонлик Давлат Болтаев билан жанг қилган ўзбекистонлик боксчи 9 август куни чемпионлик учун рингга чиқадиган бўлди. Айни пайтда ўзбек боксчилари Баҳодир Жалолов ва Ҳасанбой Дўстматовлар ҳам медаллар учун мусобақалашишда давом этишмоқди. Париж-24 ёзги Олимпиадасида Ўзбекистон спортчилари орасида дзюдо ва бокс жамоаси яққол фаворит бўла олди.
+++
Камондан ўқ отиш бўйича бир неча бор Осиё кубоги совриндори Зиёда Абдусатторова жорий йил баҳорида тантанали равишда машина билан тақдирланган эди ва унинг сертификатини топширишди. Масъуллар машинани тез кунларда спортчи қиз хонадонига етказишга ваъда беришди. Аммо, мана орадан ойлар ўтган бўлса ҳамки, машинадан дарак йўқ. Марғилонлик Зиёдахон Абдусатторова 2018-йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. 23 яшар Зиёдахон Абдусатторова бир неча бор Осиё кубогида совриндорлар қаторидан жой олган. Коня-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида аралаш жамоавий дастурда шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилган. Жорий йил „Зулфия“ номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. 2023-йил ноябрь ойида Таиландда ўтган Осиё турниридаги муваффақиятли иштирок этган. Айни вақтда Зиёда Франциянинг Париж шаҳрида ёзги Олимпиада баҳсларида иштирок этмоқда. Зиёданинг ота-онаси машинадан умидини узиб бўлган. Аммо қўни-қўшни олдида кўзбўямачиликдан изза бўлиб қолишган.
+++
Тошкент шаҳри, водий ва Бухоро вилояти бўйлаб барча мактабларда Давлат рамзлари, Президент сурати мажбурий тарзда янгиланмоқда. Рамзли суратлар айнан Ғафур Ғулом нашриётидан шартнома асосида сотиб олиниши шарт қилиб қўйилган. Давлат рамзлари мактабнинг нобюджет маблағлари ҳисобидан тўланиши лозим. Мактаб – бюджет ташкилоти, унда ҳеч қандай тижорий даромад манбаси йўқ. Нобюджет маблағ деганда ўқитувчи ва ўқувчилардан йиғиб олинадиган пул назарда тутилади. Давлат рамзларини янгилаш ҳақидаги топшириқни мактаб ва мактабгача таълим вазири Ҳилола Умарова бергани таъкидланмоқда. Давлат рамзларида ўзгариш бўлмади, Шавкат Мирзиёев президентлик ваколатини давом эттирмоқда. Ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса, давлат рамзлари суратини янгилаш сабаби нимада эканини мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги изоҳламади.
+++
Андижонда халқ орасида “Зелений мост“ деб аталадиган кўприкка юк машинаси бориб урилган. Ҳолат 4-август куни кеч соат 23:00 ларда содир бўлган. Маълумотга кўра ҳайдовчи рулда ухлаб қолган. Ҳайдовчи шифохонага ётқизилган. “Авария“ ҳақида тўлиқ маълумот берилгани йўқ.
+++
Ангренлик 26 яшар ҳайдовчи Мирзаев Юсуфали Бурхониддинзода Дамас русумли машинасини бошқаришда йўл қоидаларини қўпол равишда бузиб одам уриб юборди. Воқеа 13 апрель куни «Чашма» савдо дўкони ёнида содир бўлган. Жабрланувчи 65 яшар Аҳмедов Салимжон Инамджанович оғир мия жароҳатидан ўлди. 24 июл куни суд Юсуфали Бурхониддинзодани 2 йил транспорт воситасини ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, дастлаб 4 йил қамоқ жазоси белгилади. Сўнг 4 йил қамоқ жазоси ўрнига 2 йил синов муддати берилди. Юсуфали Бурхониддинзода 2 йил мобайнида кеч соат 22:00 дан эрталаб 6:00 гача яшаш жойини тарк этмаслиги керак.
+++
Фарғонада програф дориси йўқлиги сабаб икки бемор вафот этди. Республика бўйлаб жигар, юрак ва буйрак трансплантациясини бошидан ўтказганларга давлат томонидан бепул Програф дориси тарқатилади. Бироқ Фарғона вилоятида шу дори вақтида тарқатилмагани сабаб 2 бемор вафот этди. Айни дамда Фарғона вилояти бўйлаб 700 ногирон ватандошнинг Програф дорисига эҳтиёжи бор. Фарғона вилояти ССВ бошқарма бошлиғи Бобур Пиримқулов вазиятни қўл қовуштириб кузатмоқда. Дори тақсимотига масъуллар, шу жумладан, мутасадди Бобур Пиримқулов дастлаб бюджетдан маблағ ажратилмагани учун дори йўқлигини баҳона қилди. Ваҳолангки қонунан бундай вазиятда ногиронларнинг дориси маҳаллий бюджетдан олиб берилиши керак. Кейин мутасаддилар томонидан дорилар келтирилди, фақат божхона текширувидан ўтказилмоқда деган сабаб келтирилди. Масъуллар ва вилоят ССВ турли баҳоналар билан дори тақсимотини кечиктирар экан, беморлар қарзга дори сотиб олмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги масалага жиддий ёндашиб, ногиронларни зудлик билан Програф дориси билан таъминлаш сўралмоқда. Дори етишмовчилигидан қурбонлар сони 2 кишига етди. Элтузга юборилган видеолардан англашилича, дори тақчиллиги бутун Ўзбекистон бўйлаб сезилаётган экан.
Бу 600 секунд эди. Ёнгинангизда юз берган аммо сиз билмаган воқеалардан хабар топмоқчи бўлсангиз Элтузга обуна бўлинг.