Ўзбек ҳукуматининг ипак ёлғони
Ипак толаси ўта нозик бўлса ҳам ниҳоятда пишиқ бўлади. Унча-мунчага узилавермайди. Аммо ипак ҳали толаси олинмай пилла ҳолатида ичидан тешилса, фойдаси йўқ чиқиндига айланади. Ўзбек пилла саноати ҳам ташқаридан бутун кўрингани билан ичини ёлғонлар тешган кераксиз пуфакдир, холос.
Коррупция, ёлғон ҳисобот, қўшиб ёзиш (приписка) ва бюджетдан соҳага ажратилган пулни ва ерни ўмариш схемаси, мажбурий меҳнат ўзбек пилла саноатини ичидан тешиб ётган қурт.
Элтуз мухбири пилла саноати тепасида турган ва ишдан ажралишидан қўрқиб исмсиз суҳбатлашган кластер корчалон фикрлари ва юзлаб фермерларнинг соҳага оид дийдиёлари асосида бу мақолани ёзди.
Приписка (Қўшиб ёзиш)
Ўзбекистонда приписканинг камида 50 йиллик тарихи бор. Совет даврида йўқ пахтани бор деб қўшиб ёзиб орден олиш Ўзбекистонда илдиз отган эди. Янги Ўзбекистоннинг пилла саноати корчалонлари ана шу эски услубда қўшиб ёзиш билан обдон шуғулланмоқда.
Худди совет давридаги каби янги Ўзбекистонда пилла етиштиришга давлат режаси яъни план жорий қилинган. Йиллик план вилоят ва туманларга бўлиб берилади ва Узбекипаксаноат таркибидаги бўлган Агропилла корхонаси пилла планини бажаришига масъул.
Бу план бажарилишидан қатъий назар пиллани қайта ишлаш корхоналари (кластерлар) планда кўрсатилган пилла экспортидан тушадиган муҳтамал пулнинг икки фоизи миқдоридаги ўлпонни Ўзбекипаксаноат уюшмасига тўлаб беришга мажбур. Пилла асосан Хитойга экспорт қилинади.
Бир туман мисолида вазият таҳлили
Археолог қадимчилар бир парча сопол синиғига қараб бутун бир кўза ҳақида маълумот бера олади. Биз ҳам ўзбек ҳукуматининг пилла ёлғонини Андижондаги битта туман мисолида таҳлил қилсак.
Андижоннинг Асака туманида пиллага давлат плани 315 тоннани ташкил қилади. Бу дегани тумандаги фермер ёки чакана қуртбоқарлар 315 тонна пиллани кластерга топширади дегани. Лекин бу туман яралганидан бери бу миқдорда пилла тўпланмаган ва тўплашни иложи ҳам йўқ. Масалан, бу йил айни туманда фақат 44 тонна пилла етиштирилди. Лекин кластер ҳар хил сохта шартномалар асосида 315 тонна ипакни экспорт қилгани ҳақида қоғоз тўлдиради. Яъни 270 тонна йўқ пиллани бор деб, приписка қилинади. Қўшиб ёзилди. Бу кўзбўямачиликдан кластер катта зарар кўрди, лекин “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига 315 тонна ҳисобидан бадал тўлади.
315 тонна пилла (ипак толаси)дан келган даромад бир ярим миллион доллар деб ҳисобланиб, шунинг икки фоизи уюшма кармонидан жой олади. Бу ҳолатда кластер камида 100 минг доллар зарар қилди.
Икки фоизлик ўлпон
Камида 40 мулозим бемалол ишлаб ётган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бу икки фоизлик ўлпонни кенг шим киссасига солиб, ўзи хон кўланкаси майдон бўлиб юрди. 2023 йилда ишдан олинган уюшма раиси Бахром Шарипов кластерчилардан банклардан кредит олиб грензавод ва пиллани қайта ишлаш фабрикалари қуришни асоссиз талаб қилган.
Йилда бор-йўғи бир ярим-икки ой ишлаб қолган пайтда тек турадиган заводларнинг эшови қимматга тушди.
Ҳар вилоят ва туманда биттадан завод бўлиши Ўзбекистонда етиштириладиган пиллага тақрибан кўплик қилади. Бир нечта туманга битта завод етиб ортади, дейди Элтуз суҳбатлашган кластер раҳбари.
Ўзбекипаксаноат уюшмаси чўнтагига пул туширган приписка кластер ва фермерлар учун мусибат занжирига айланиб улгурган.
«Агропилла» кераксиз ҳамда вазифаси мавҳум паразит давлат ташкилоти
Паразит сўзи ҳақорат эмас, балки ташкилот кун кечириш тарзини ифода қилади. Бошқалар ҳисобидан кун кўрувчи организм ёки ташкилотга паразит дейилади. Элтуз суҳбатлашган пиллани қайта ишлаш ташкилоти раҳбарининг айтишича, Агропилла моҳияти ва шаклига кўра типик паразит.
2017 йили президент қарори билан «Узипаксаноат» уюшмаси тузилди. Уюшма пилла ва уни қайта ишлайдиган корхоналарни ўз ичига олади. Бундан ташқари, уюшма таркибида 13 та регионал тузилмадан иборат «Агропилла» ҳам бор. Кластерлар расман кичик корхона бўлиб, аммо де-факто давлат идораси бўлган «Агропилла» ходимларини ойлик билан таъминлайди.
Элтуз мухбири «Агропилла»нинг Андижондаги ходими билан суҳбатлашди. Ходимга кўра, ташкилот қоғозбозлик гирдобида қолган. 2024 йил ёз охирида ёзиб олинган бу суҳбатдан узунти:
«Бугун роса кўп ташкилотда йиғилиш-да. Ҳамма ёқни Тошкентдан комиссия босиб кетган. Ҳозир битта ўзимизга саккизта келган, Президент администрациясидан.
— Нимага?
— Полний текширяпти-да.
— Агропилла давлат ташкилотими?
— Давлат ташкилоти. 2016 йили ўзгарди, унгача қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарардик. Ҳозир “Ўзбекипаксаноати” ташкил қилинган, 2016 да. Аши… ташкил бўлганда битта Шарипов деган одам машнақалар қилиб хорамини чиқариб кетди.
— Ҳозир ўрнига бўлган одам — Икром Сайфуллаев яхши иш олиб боряптими? — Йўқ, уям яхши оборолмаяпти. Ўзи аши қишлоқ хўжалиги вазирлигимизда қолсак бўларди. У болаям яхши обормаяпти. Ҳалиги…куйиб-ёниб ишлайдиган раҳбар йўқда.
Пиллани ўраган муаммолар қатлами
Суҳбатдан чиқадиган хулоса Ўзбекистон пилла етиштирувчиларини саратон ўсимтасидай қоплаган приписка муаммолар қатламини яратган.
Ҳар бир туман пилла ҳосили ҳақида Тошкентга рапорт беради ва ўтган йилгидан кам рақам бермаслиги керак.
Андижондаги битта туман мисолида кўрганимиз каби реал 44 тонна пилла етиштириб, қоғозда буни 315 тонна деб кўрсатиш ортида қанча машмаша ётибди.
Махсус шотирлар сохта келишув ва шартномалар ясаб беришга ихтисослашган. Учар мулозимлар фиктив компанияларни топиб, пулларни чет эл банкларидан «аққа баққа» ўтказишади. Бориб келганида пул анча ориқлаб келади.
Бу кўзбўямачилик театри ортида реал пилла ҳосили йўқ. Ҳеч қандай экспорт ҳам йўқ. Тадбиркорларга зарар келтирадиган сохта рақамлар бор, холос.
Ўзбекистон мутлақ ёпиқ бўлган совет даврида приписка қилиш нисбатан осон бўлган.
Фермерлар сал пал эркин бўлиб, «тили чиқиб», ҳақ-ҳуқуқини таний бошлаган Янги Ўзбекистонда қўшиб ёзиш мушкул ишга айланмоқда.
Кластер раҳбари айтишича, буғдой ва шоли экиб бойиган фермерлар машаққати кўп, даромади кам пилла етиштиришдан ошкора бўйин товламоқда. Ҳокимларнинг ҳам илгаригидек қамчисидан қон томиб фермер ёки оддий аҳолини пилла етиштиришга мажбур қилиш истаги йўқ.
Аслида фермерларни пилла етиштиришга фақат нимадир эвазига мойил қилиш мумкин. Кўпроқ буғдой ва шоли етиштиришга изн бериш орқали фермерлар қалбида «пилла севгиси»ни ёқса бўлади. Чунки буғдой ва шолида даромад кўп.
Ниманинг бадали? Кластер раҳбари билан суҳбат
Хўш, кластерлар уюшмадан чиқиб кетиб ўзлари пилла етиштирса бўлмайдими?
Бўлмайди! Ўзбекистонда “Ўзбекипаксаноат” уюшмасини айланиб ўтиб ипак етиштиришнинг амалда иложи йўқ. Биринчидан, барча тутқаторлар вилоят агропилла балансида. Ўзбекипаксаноат уюшмасидан чиқиб кетсангиз, тутқатордан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўласиз. Ер олиб тут эксангиз, унинг барг чиқариши учун камида 8 ёки 10 йил керак.
Ўзбекистон ипак саноати учун глобал фалокат бўлган иккинчи муаммо коррупционер ҳокимларнинг жинояти. Тут экиш учун давлат ажратган ерларни ҳокимлар аллақачон сотиб юборган. Масалан, Андижондаги битта туманда тут учун ажратилган ерларнинг 20-30% маҳаллий прокурор ва кадастр бошлиғи сотиб юборган.
Аввалига одамларга ер учун сохта васиқа берилган. Одамлар бу ерга уй қурган. Кейин эса давлат бу ноқонуний уйларни амнистия қилган. 2018 йилгача қурилган барча ноқонуний уйлар амнистияга тушган. Тутзорлар кесилган, тутқаторлар йўқ. Ер сотиб юборилган.
Кластерлар прокуратура ва Ўзбекипаксаноат уюшмасига шикоят қилишди. Аммо ҳеч ким шикоятга қулоқ ҳам солмади. Пиллага нисбатан де-факто давлат плани кундан-кунга ўсмоқда. Пилла етиштиришнинг реал суръати пастга шўнғимоқда.
Нега керак бу кўзбўямачилик? Пилла ёлғони ким учун? Ҳисобот учунми? Туман ёки Тошкентдаги ёшуллилар учунми?
Ўзбекипаксаноат уюшмаси ўтган йилги камомадни қоғоз билан ёпа олмай ҳалак.
Ўзбекипаксаноат уюшмасининг экс раҳбари Бахром Шариповга оид корхона Андижондаги тўртта тумандан олган пилла пулини ҳануз тўламади. Тўламасаям керак.
Кластерлар фермерга пул тўлай олмаяпти. Чунки ўзлари томоғигача қарз.
Сиз кўрган тутларни халқ совуқда кесиб ёқиб юборган
Ипак бу табиатдаги бир бири билан боғлиқ жараёнлар ҳосиласи. Тут барг чиқаради, қурт (навхон) бу баргни еб пилла ўрайди. Яъни тут бўлмаса, пилла ҳам бўлмайди. Аммо ўғри ҳокимлар, порахўр кадастрчи ва таъмагир прокурор ва ДХХчилар шайкаси тутқаторлар ўрнини одамларга ер участкаси сифатида ноқонуний сотиб, пилла етиштириш саноатига ўнглаб бўлмас зарба берди.
Асака туманида минглаб кўп йиллик тут дарахтлари кесилгани оқибатида атроф-муҳитга ниҳоятда катта талофат етказилган. Тут боғлари аҳоли турар жойларига айлантирилмоқда. Ипак етиштиришга ихтисослашган маҳаллий кластер раҳбарининг ташвишидан тутун чиқади:
“Бу жараённи тўхтатишга маҳаллий раҳбарларнинг кучи етмаяпти. Чунки бу масаланинг илдизи Андижон вилояти прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизматига бориб тақалади. Бу муаммо юзасидан қилинган кўплаб шикоятлар ўрганилмасдан жавобсиз қолмоқда. Яқинда тутзорлар бузилиб ўрнига қурилган уйларни ўрганиш жараёнида ҳам гўёки бу жойлар 2018 йилда бузилиб қайта ўзлаштирилган деб ҳужжатлаштиришган. Бундан мақсад эса Президентнинг 2018 йилгача эгаллаб олинган ерларга амнистия эълон қилиш тўғрисидаги қарорга боғлаб, ҳужжатларни сохталаштириб қўйишмоқда. Бу ачинарли ҳолатдан табиат азият чекмоқда.”
Бундай аянчли аҳвол ортидан нега кластерлар банкрот бўлмади? Бу яшовчанлик сири нимада, деб савол бердик суҳбатдошга. Жавоб оптимизмдан холи бўлди:
“2023 йилдан бери кластерлар бу соҳада даромад кўраётгани йўқ, кўпчилигининг рентабеллиги жуда паст ва банкротликка юз тутган. Кластерлар ишларини ташлаб қочадиган даражада катта зиён билан йилни якунламоқда. Айрим кластерлар бундан даромад олаётганининг сабаби нимада? Бунинг сабаби, улар туман планини тўлдирмай туришади. Бунинг ортидан эса туман ҳокими фермерлардан унга пул йиғиб беради. Пилла режасини бажара олмаган фермерларни қўрқитиш усули билан бир килограм пилла учун 25-30 мингдан кластерга пул ундириб беради. Шунинг ҳисобига кластер экспортларини ёпади. Ҳозирда 90 фоиз кластерлар шу усул билан тадбиркорлигини қилиб юрибди. Вилоят ҳокимининг буйруғига асосан туман ҳокимлари, туман Ички ишлар бўлими ва прокуратура ходимлари пилла қурти етиштирмаган фермерларга турли усулдаги босимларни ўтказиш орқали улардан пул ундириб кластерларга беришмоқда. Кластер эса ҳар бир килограм пилла учун пулни йиғиб олганидан кейин туман пилла режаси тўлганлиги ҳақида ахборот беради. Ва ипак кластери шу маблағ ҳисобидан кун кечиради.”
Бу масала ҳаммага аён ва бунга ҳеч ким эътироз билдира олмайди. Ҳамма туманларда вазият бир хил ва кластер фермерлардан пилла учун йиғиб олган маблағлари ҳисобига даромад кўрмоқда. Фермерлар пилла режасини бажара олмаса ва/ёки пилла етиштирмаса, улар бажарилмаган режа учун кластерга пул тўлашлари керак.
Кузда саналмайдиган жўжа
Ипак ҳосили кўлами ҳақида май охири июнь бошида тўла маълумот ҳосил бўлади. Жараён тут барг чиқариши билан бошлангани бу жадвалга асос бўлган. Аммо табиат билан боғлиқ бўлмаган бюрократик тўсиқлар боис соҳа таназзул ёқасида турибди. Бир вақтлар ипак йўлига асос солган бу саноатни ўзбек мулозимлари ўлдириб йўқ қилиш учун астойдил тиришмоқда.
Ўзбек ҳукуматининг пилладан тўқилган ёлғони боши берк айланма кўчани эслатади.
Касални беркитсанг, иситмаси ошкор қилади. Ўзбек пилла саноати ичидаги ёлғон ва сохталик қурти қанот чиқариб, тизимни ичидан тешиб ташқарига чиқишга ҳам улгурди.
Элтуз Ўзбекистондаги пилла етиштириш билан боғлиқ муаммолар занжирини кузатади ва бу сўнгги мақола эмас.