Асосий мавзулар
17 октябр 2024

Россиянинг Ўзбекистондаги «смотрящий»си

Агар Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларини Россия фойдасига сотаётган тижоратчиларнинг авангарди ким, деб сўралса, Бахтиёр Фозилов деб айтаман.

Ўзбекистонда “тегилмаслик” иммунитетига эга ва Президентдан ҳам кучли “қудрат эгаси” ким, деб сўрашса, яна Фозилов исмини зикр қиламан.

Ўзбекистонда Россия назоратини ким олиб бормоқда? Ким ўзбек раҳбариятини Россия измида юритади?

Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида технологик жараён бузилиши туфайли олтингугурт (водород сулфид) гази чиқишига сабаб бўлган бизнес каттаси ким? 

Нега атрофга заҳарли газлар тарқалиб одамлар ўлган бўлса ҳам, жиноят иши очилишига йўл қўймаган қудрат соҳиби ким? 

Бухорони атом бомба тушган каби вайрон қилган ва ЮНЕСКО ғазабига дучор бўлган вандал ким? – Бахтиёр Фозилов.

Ўрис, советпараст ва Сталинни улуғловчи кинолар, жаллод ўрис солдатига ҳайкаллар ва ғалаба боғларини миллиардлаб ўзбек бюджети пулидан яратишга бош қош бўлган ким? Албатта, Фозилов. 

Ундан бошқа ким бўларди! Украинадаги урушни ва СССРни қайта тиклаш ғоясини очиқ қўллаб-қувватлаган Тошкент кинофестивали ҳомийларидан бири ERIELL гуруҳидир.

Ўзбекистоннинг йирик газ конларига эгалик қилаётган ERIELL ва унинг раҳбари Бахтиёр Фозилов Путинга яқин олигарх ўлароқ рус пропагандасининг Ўзбекистондаги карнайларини пул билан таъминламоқда.

Бухоронинг тарихий қисмига туташ ҳудудда “Боқий Бухоро” сунъий этнографик сайёҳлик мажмуаси қурилиши сабабли ўнлаб тарихий биноларни бузиб ташлаган 21 аср Геростратининг исми ҳам Бахтиёр Фозилов.

Ўзбек халқи совуқда дирдираб ўтирганида, бошқа юртни газ билан таъминлаётган мамлакат газ-транспорт тизимининг “юраги” саналган «Газли» газ омборининг эгаси ҳам Бахтиёр Фозилов.

Ҳозир Президентнинг нефт-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган Алишер Султонов билан махфий келишув ва сохта компаниялар орқали «Газли»ни олган Геннадий Тимченко босқинчилик уруши сабаб жорий қилинган санкцияни айланиб ўтиш учун омборни Фозиловга топширди. 

Бу махинация 2024 йил 14 февраль куни имзоланган ҳужжат асосида амалга оширилди.

Ўзбекистон газ-транспорт тизимининг “юраги” саналган “Газли” газ омборининг Бахтиёр Фозиловга ўтиши, профессор Кристиан Ласслетт фикрича, мамлакатнинг энергетика мустақиллигини йўққа чиқарди.

Барча маблағни Россиянинг уруш ғилдирагини мойлаш учун йўналтириб, ўзбек ишчиларига беш ойлаб маош бермаётган Enter Engineering ширкати кимга қарайди? Албатта, Фозиловга.

Ўн мингга яқин ишчига маош тўламай, қақшатиб қўйган икки компания — Enter Engineering ва ERIELL ҳам Кремлпараст олигарх Бахтиёр Фозиловга тегишли.

Янги Ўзбекистоннинг ўриспараст ҳукумати 2019 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан сийлаган Кремл олигархи Бахтиёр Шуҳратович Фозилов 1975 йилда Самарқандда туғилган.

Фозилов ERIELL Group, Enter Engineering ва Ferkensco каби йирик компанияларнинг асосий акциядоридир. 

Айни пайтда ERIELL Group бошқаруви раиси, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти васийлик кенгаши раиси ҳамда Ўзбекистон хоккей федерацияси президенти ҳисобланади.

2022 йилда Фозилов Air Samarkand авиакомпаниясини таъсис этди ва унинг тўлиқ назорат пакетига эгалик қила бошлади. Бундан ташқари, у Самарқанд аэропортини бошқарадиган Air Marakanda компаниясининг ҳам эгасидир.

Ўзбекистоннинг бутун ҳаётий томирлари ва энергетик юрагининг Кремлпараст тожир қўлида бўлиши миллий хавфсизликка жиддий таҳдиддир.

Олигарх ва мулозимлар “буюк келажак” ҳақида нутқ сўзласа, сиз чўнтагингизга қараб қўйинг. Ватанпарварлик ҳақида ваъз ўқиётганларнинг кўринмас қўли аллақачон сизнинг чўнтагингизни қоқлаганини кейин биласиз. 

Эртага кунлар совиб кетса нега газ чиқадиган мамлакатда ўтин ва кўмир ёқяпмиз, деб ўзингизга савол беринг.

Қаҳратон қиш аномал совуқда шаҳардаги охирги дарахтни ўтин учун чопаётиб қўлингиздаги болтага бир қаранг. Одатда, дарахтни чопаётган болтанинг сопи ўша дарахтнинг ўзидан бўлади.

Агар Бахтиёр Фозилов болта бўлса, унинг сопи Алишер Султоновдир. Бу жуфтликнинг мамлакат иқтисодига етказаётган зарари қанчалигини биз санамасак, келажак авлодга нисбатан ҳақсизлик қилган бўламиз.

Элтуз Ўзбекистон бойликларини Россия манфаати йўлида йўқ қилинаётганига оид воқеалар ва шахслар фаолиятини ёритишда давом этади. Каналимизга обуна бўлинг.

Тағин ўқинг
11 март 2020
Коронавирус: «Кунлар исиди. Ўлимим яқин. Алвидо, Тошкент!» Рассом Кирпи
31 декабр 2020
Кечган йилда Мирзиëев номидан Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россияга ëрдам юборилди. Газ ва электр энергияси етказиб берилди. Eltuz.com
6 июн 2018
Мажбурий меҳнат мониторинги бўйича 4 июнь куни Навоий вилоятларига борган журналист Малоҳат Эшонқулова участка нозири капитан Одил Қурбонов томонидан ...
2 август 2021
Иккита кокилига икки хил бантик таққан сепкилли қиз аслида 23 ëшда. Исми Назокат, аммо ўзига НОЗИ деб исм қўйволган. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...