Асосий мавзулар
18 июн 2018

Ёшлар Қуронбоевсиз қоладиганга ўхшайди

Жорий ой сўнггида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (ЎЁИ)нинг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтади ва унда мазкур ташкилот раҳбари, президентнинг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг истеъфога чиқарилиши кутилмоқда.

УЁИнинг бу ҳақда “Элтуз”га маълум қилган манбасининг айтишича, президент Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг собиқ “Камолот” каби иш юритаётгани ва Қаҳрамон Қуронбоевнинг популистик хатти-ҳаракатлардан норози бўлмоқда.

“Камолот” ташкил топгандан кейин бир йил давомида деярли сезиларли ишларга қўл урмаган бўлса-да, бунча қисқа давр ичида ўзини Ёшлар иттифоқи каби дискредитация қилмаган эди”, деди манба.

Унинг сўзларига кўра, Қ.Қуронбоевнинг водийда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтирғизиб жўнатиб юборгани ҳақидаги баёноти ижтимоий тармоқда жуда катта шов-шувга сабаб бўлгани президентнинг ундан норозилигини янада кучайтирган.

“Президентнинг ЎЁИ фаолиятидан кўнгли тўлмаётган эди. Шунинг учун қурултойда Мирзиёев қатнашиши ва Қуронбоев масаласи ҳал этилиши кутилаётганди. Менимча, тўй кортежи воқеаси шундай ҳам тақдири қил устида турган Қуронбоев масаласида узил-кесил қарор қабул қилинишига сабаб бўлиши табиий”, деди ЎЁИ тизимидаги манба.

Ҳақиқатан ҳам Ш.Мирзиёев яқинда Фарғонада ўтказилган йиғилишда тўй кортежи воқеасига тўхталар экан, Қ.Қуронбоевни президентга хиёнатда айблаганди.

“Тўйларни йўлда тўхтатгандан кўра, ёшларнинг сенга ўхшаган катталари, дунёқарашларингни ўзгартиринглар. …Президент айтди деб тўйни тўхтатиш президентга хиёнат”, деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Ёшлар иттифоқи раҳбарини тўғридан-тўғри истеъфога чиқишга чақирди.

“Ёшлар билан ишлашда фақат қуруқ гап, мажлисбозлик, тўй кортежини тўхтатиш қилинмоқда. Бошқа нарсани билмайди. Бу ишлар сиёсатга хиёнат. Биласизларми, тўйни тўхтатишдан олдин тўй маънавиятини ота-онасига тушунтириш керак. Қўлингдан келмаса, президент маслаҳатчиси, ўрнингни бўшатиб қўй”, деди президент.

Ўтган йил августда президент ўзбек тўйларидаги исрофгарчилик, кимўзарга баҳслашувларни кескин танқид қилган эди. Бунинг ортидан Тошкент шаҳрининг эндиликда собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов тўйхоналарни ёпишга тушиб кетганди.

Шундан сўнг президент “Мен тўйхоналарни ёпиш керак демадим, тўйларни тартибга келтириш керак дедим”, дея ундан норози бўлганди. Орадан бир неча ой ўтиб, “калласи борларни ёнига йиғишни” уддалай олмаган Р.Усмонов ишдан олинганди.

Қуронбоевнинг эҳтимолий истеъфосига ҳам у раҳбарлик қилаётган тизимда ишлар кўнгилдагидек эмаслигидан президентнинг жиддий норозилиги сабаб экани айтилмоқда.

Ёшлар иттифоқининг хурмача қилиқлари анчадан буён кўпчиликда ташвиш уйғотиб келаётган эди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ЎЁИ фаолиятидан қониқмаслик ҳисси
тобора кучайиб бормоқда.

“Чиндан ҳам, ҳижоб, соқол, поездларда “катайса”, тўй кортежи – бир йилга кўплик қилди. Мадда бойлаб келаётган яра ёрилди: ичидан жуда кўп нарсалар чиқяпти”, деб ёзди, жумладан, филолог ва блогер Шаҳноза Тўрахўжаева.

Яқинда Ёшлар иттифоқи Бухоро вилоятида мақсади 1-2 сўм пул топиб, рўзғорини тебратиш бўлган мардикорларга футбол ўйнатиб, ғолибга 1 баклашка ёғ совға қилгани ҳақида тарқалган хабар бу ташкилотнинг юзини кўрсатадиган яна бир далил сифатида қабул қилинмоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 апрел 2016
Бугун Eltuz.com сайти Ўзбекистоннинг оғриқли муаммоларидан бири, ўзбек сўмини ҳорижий валютага айирбошлаш масаласини акс эттирган рассом Элсеварнинг ҳажвий расмини ...
26 июн 2018
Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек театри ва киноси актёри Ҳусан Шарипов 26 июнь куни 81 ёшида оламдан ўтди. Таниқли комик ...
2 июн 2017
Қоидалар Россия президентининг «2017-йилги ФИФА Конфедерациялар кубоги ўтказиш даврида кучайтирилган хавфсизлик чоралари» ҳақидаги 202-сон фармони билан боғлиқ. Ҳавфсизлик чораларига ...
18 сентябр 2017
Мамлакатимизда ўзгаришлар бошлангандан сўнг матбуотда «нима қилсак мамлакатимиз юксалади» мазмунидаги кўплаб мақолалар чоп этилди, этилмоқда. Буларнинг баъзисини ўқиб кулгингиз ...
Блоглар
16 июл 2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз ўтмишдоши Ислом Каримов даврида ишдан урилган раҳбарларни қайта лавозимларга тайинлаш сиёсатига ...
9 июл 2018
Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга ...
9 июл 2018
(фермер хўжалиги ишчисининг ҳикояси) Хоразмлик Ҳасанбой фермер хўжалигида ишлайди. Умри далада ўтган, деса ҳам бўлади. ...