Блоглар
3 апрел 2018

3 апрель – мобил телефондан илк қўнғироқ қилинган кун

Бу 1973 йил 3 апрелда Нью-Йоркда, ҳайрат билан қараб турган одамлар кўз ўнгида рўй берди. Motorola ширкати ходими Мартин Купер рақиб Bell Laboratories компаниясининг телефон рақамларини терганди.

«Айт-чи, қаердан қўнғироқ қиляпман?»- деб қизиқади жаноб Купер рақобатдош ширкатнинг тадқиқот бўлими раҳбари Жоэл Энгелга. Сўнгра хурсандчилигидан ичига сиғмай: «Мен сенга ҳақиқий мобил телефондан қўнғироқ қиляпман!» дея ўзи жавоб қайтаради.

Бу қўнғироқ ғолибнинг мағлуб устидан, рақобатда оти ўзган чавандознинг чангда қолган рақиби устидан қаҳқаҳаси эди.

Зотан, Bell Laboratories 1940-йилларнинг охирида биринчи бўлиб мобил телефонлар кашф этиш ғояси билан чиққан эди.

Купер телефонининг оғирлиги 1,5 кгни ташкил қилиб, ҳозирги телефонларга солиштирганда жуда баҳайбат туюлса-да, ўша пайтда бу деярли оғир саналмаган.

Бу воқеа муносабати билан Bell Laboratoriesнинг матбуотга гапирган ходими Ричард Френкель бундай деганди:

«Ўша пайтда биз машиналарда 14 килолик телефонлардан фойдаланар эдик. Ундай телефоннинг бутун имкониятларини бор-йўғи 1 килограммлик телефон орқали амалга ошириш улкан ёриб чиқиш деб айтиш мумкин эди».

Дастлабки қўл телефони модели Motorola DynaTAC 8000x бўлиб, 22,5 сантиметр ҳажмдаги телефонга икки минг детал сиғдирилган.

Тўлиқ зарядли телефон билан 20 дақиқалик суҳбатни амалга ошириш имкони бўлган.

Motorola ширкатининг муҳандиси ўз умрини симсиз телефонлар яратишга бағишлади.

Мартин Купер 1967 йил ўзининг дастлабки қўл рацияларини Чикаго полицияси учун яратган эди.

Орадан ўн йил ўтгачгина Motorolaнинг омма учун мўлжалланган биринчи мобил телефонлари 1983 йил 6 мартда савдога чиқарилади. Бу телефон оғирлиги 800 грамм бўлиб, 3,5 минг долларга баҳоланган.

1980-йилларда мобил телефоннинг нархи бир автомашина баҳосига тенг келгани ҳам айтилади. Америка матбуоти ёзганидек, мобил телефонга эга бўлиш бизнесменлар учун ҳашамат белгиси ҳисобланса, сиёсатчиларнинг жамиятдаги мавқеи қандайлиги рамзи сифатида ҳам кўриларди.

Бугунга келиб мобил телефон инсон қўлининг табиий давомига айланди. Мобил телефонларнинг Ўзбекистон учун муҳим аҳамияти эса смартфонларда интернет имкониятининг борлигидадир. Балки шунинг учун ҳам Eltuz.comнинг мобил версияси компьютер версиясидан кўра оммабоп, 80 фоиздан зиёд ўқувчилар сайтга мобил телефонлардан киришади.

Дунëдаги глобал алоқа саноати кўламини кузатаëтган GSMA ташкилоти 2014 йилда 7,230 млрд қўл телефони мавжудлигини аниқлаган эди. Бу эса сайëрадаги одамлар сонидан анча кўп.

Ботир Ражабов
Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 октябр 2015
У пайтлардаги катта кризис қаршисида ҳукумат ожиз эди. Мигрантларнинг келиб ишлашлари тугул, ҳатто маҳаллий халқ ҳам ишсиз, пулсиз юрарди. ...
10 июн 2018
Бу мақолани ўтган йили ёзган эдим. Лекин ҳеч қаерга жўнатмадим. Сабаби, Ўзбекистон Республикасининг президенти Ш. М. Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ...
5 сентябр 2016
Ўзбекистонда қатағон йилларининг қораловчиларидан бири бўлгани иддао қилинадиган 54 ёшли Ниғматулла Йўлдошев шахси ҳақида матбуотда жуда кам эшитганмиз. Ниғматилла ...
16 май 2018
Мирзиёевнинг АҚШга сафари бошланган 16 майда Россия нашрлари ИШИДнинг 5000 жангариси Ўзбекистонга ҳужум қилишга тайёрлиги ҳақида фейк хабарларни тарқатди. ...
Блоглар
18 декабр 2018
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жойлардаги ўз қўл остидаги раҳбарларга хат йўллаб, бир неча талабларни ...
18 декабр 2018
Бундан роппа роса 32 йил олдин 1986 йилнинг 17-18 декабрь куни Совет раҳбарияти Олмаота ëшларининг ...
14 декабр 2018
Фарғона мусиқали драма театри актрисаси Малоҳат Тоирова томошаларига қалбаки чипталар сотилганлигини фош қилгани учун ишдан ...