Асосий мавзулар
15 май 2017

Аҳмадбойга 40 минг доллар берган аëл шикояти

Чинозлик «Аҳмадбой» номи билан машҳур бўлган Аҳмад Турсунбоев томонида ташкил этилган молиявий пирамида фаолиятига барҳам берилганига ҳам бир йилга яқинлашиб қолди.

У ўтган йилнинг 15 июнида ҳибсга олинганидан буён бу молиявий пирамидага пул тиккан минглаб фуқаронинг маблағлари тақдири ҳалигача номаълумлигича қолмоқда. Уларнинг ўз маблағларини қайтаришга бўлган уринишлари ҳам натижа бераётгани йўқ.

Молиявий пирамидадан жабр кўрганлардан бири Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ариза билан мурожаат қилиб, ўз маблағлари қайтарилишига ёрдам сўради.

Қуйида биз бу аризани муайян қисқартириш ва таҳрирлар билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Пул бизга цех очиш учун керак эди…”

«Мен, Мамлакат Мўминова, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўқлиги, мамлакатда ишсизлик ҳукмронлик қилаётгани сабабли турмуш ўртоғим Зоиржон Мўминов билан оилавий равишда Россия Федерациясига бориб, ишлаб пул топиб, юртимизда тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлдик. Дастлаб турмуш ўртоғим билан 2006 йили Москва вилоятининг Литкарино шаҳридаги “Гера” МЧЖга қарашли ўғит ишлаб чиқариш ва қадоқлаш заводида ишлай бошладик. Ишимиз оғир, лекин маошимиз, ётоқ шароитларимиз яхши эди. Турмуш ўртоғим билан ҳар ой 2500-3000 АҚШ долларини уйга пул жўнатиб турдик. 2007 йилда катта ўғлим Шерзодбек (1981 йилда туғилган)ни ҳам ишлаш учун ўз ёнимизга чақирдик. У алюминийдан лифт учун керакли жиҳозлар ясаш заводида пайвандчи бўлиб ишлай бошлади. Унинг ойлиги ҳам 1000-1200 АҚШ долларига тенг эди.

Қисқаси, биз оилавий 11 йил ишладик. Шу йиллар давомида уй-жой қилдик, ортган пулларимизни тўплаб, Марҳаматда ногиронлар (кар-соқовлар) учун корхона қурмоқчи бўлдик, яъни пойабзал ишлаб чиқариш цехи очмоқчи эдик. Мен Москвада хитойлик Ки Цей деган тадбиркор билан суҳбатлашиб, ундан цех учун ёрдам беришлигини сўрадим. У менга цех ва жиҳозлар учун 80 минг АҚШ доллари кераклигини айтди. Бизнинг жамғармамиз бунга етмагани сабабли мен Ўзбекистонга бориб, шароитни ўрганиб, цех учун жойни аниқлаб, пулни жамғариб сўнг унга хабар беришимни билдирдим.

Нима қилишни билмай турганимизда иккинчи ўғлим Дилшодбек (1987 йилда туғилган) Чинозда Аҳмадбой деган янги бой чиққани, тадбиркорларга ёрдам бераётгани, 3-4 йилдан буён у билан ҳамкорлик қилаётганлар ўзини тиклаб олганини айтиб қолди. Алданиб қолмаймизми, деган истиҳолани айтганимдан кейин ўғлим: «Ойи, мен бориб ўз кўзим билан кўриб келдим, қонуний бўлмаса, эшик олдида давлат соқчилари, милиция ходимлари турармиди?! Қонуний бўлганлиги учун 4 йилдан ошиқ вақтдан бери у ўз иш фаолиятини юргизяпти экан. Шунингдек, давлат органи ҳисобланмиш ҳуқуқ- тартибот ходимларининг ўзлари унга шароит яратиб бериб қўриқлаб турибди-ку!? Агар ноқонуний бўлганида эди, улар аллақачон солиқ томонидан, ўша ички ишлар томонидан жавобгарликка тортилган бўлар эди», деди.

Бу гаплардан кейин биз аввалига Аҳмадбойга оз-оздан пул бериб, бир йиллик натижасига қараб, натижаси яхши бўлса, цех қуриш имконига эга бўламиз, деб ўйладим.

«Аҳмадбой бир тийинимизга ҳам ҳиёнат қилгани йўқ …»

Менинг Аҳмад Турсунбоевга ҳеч қандай адоватим йўқ. Чунки у пулларимизни худди қонуний банкдаги каби паспортларимиздан нусха олиб, компьютерга киритиб, қўлимизга пул-маблағимизни олганини тасдиқловчи махсус жетон берди. Энг асосийси, у бизнинг бир тийинимизга ҳам хиёнат қилгани йўқ!

Масалан, 2016 йил 8 январда 10 500 (ўн минг беш юз) АҚШ доллари бериб жетон олдик, аммо телевизорда журналистлар овоза қилганларидек ҳеч қандай тилхат ёзганимиз йўқ. Шахсан мен «Аҳмадбой пулларни тилхат ёздириб олади», деган шов-шувга қаршиман. Ўша пулни келаси ой шу кундан бошлаб ойма-ой 6 ой давомида 875 АҚШ долларидан қилиб бериб турди.

Аҳмадбойга ишонганимиздан кейин 2016 йил 8 март куни биз унга яна 40 миллион ўзбек сўми бердик. Аҳмадбой алдамасдан, бизга ойма-ой 4 ой давомида 8 миллион берди. Аҳмадбойга ишончимиз ортганидан кейин унга яна 7 минг АҚШ долларини топширдик, бу сафар ҳам ойма-ой 4 ой давомида 1400 (бир минг тўрт юз) доллар олдим.

2016 йил 20 март куни яна 7 минг АҚШ доллари топшириб, ойма-ой 3 ой давомида 1400 (бир минг тўрт юз) АҚШ доллари олиб турдик.

2016 йил 8 апрелда яна 500 (беш юз) АҚШ долларини топширдик, уч ой давомида 100 АҚШ долларидан олиб турдик.

2016 йил 24 май куни 17 500 (ўн етти минг беш юз) АҚШ доллари ва 8 миллион ўзбек сўми топширдик, лекин бунга фоиз олмадик. Жами олган фоизимиз 15350 (ўн беш минг уч юз эллик) АҚШ доллари ва 32 миллион ўзбек сўми бўлган эди. Бу маблағларнинг ҳаммасини биз ўзимиз яна Аҳмад Турсунбоевга кўпайиб қайтса иш бошлаймиз, деган мақсадда қайтариб топширдик. У бизни мажбур этмаган….

“Давлатнинг ўзи ғирромлик қилди…”

2016 йил 24 май куни биз доимгидек шартлашув асосида 10 минг АҚШ долларини, 8 июнда эса 17500 (ўн етти минг беш юз) АҚШ долларини ҳамда 8 миллион ўзбек сўми олишимиз керак эди. Лекин бизнинг ўз қўлимиз билан топширган жами 42500 (қирқ икки минг беш юз) АҚШ доллари, 48 миллион ўзбек сўми ва қўшимчаси бўлган 27500 (йигирма етти минг беш юз) АҚШ доллари ва 8 миллион ўзбек сўми бўлган пулларимиз қайтарилмади.

Умумий олганда 70 минг АҚШ долларим ва 56 миллион ўзбек сўмимни давлат олиб қўйди. Чунки Аҳмад Турсунбоев давлат томонидан ноқонуний иш қилган деб топилиши оқибатида барча фуқароларнинг, жумладан, бизнинг пулларимизни ҳам давлат ўз тасарруфига ўтказиб юборди. Шу кундан бошлаб қон босими касалига учрадим, кўп жойларда даволандим, фойдаси бўлмаяпти.

Шу ўринда бир савол туғилади. Нега 4 (тўрт) йил давомида халқнинг ишончини оқлаб, вақтида ўз мижозларининг ҳожатини чиқарган бу одам бирданига ҳибсга олинди? Хўп, агар А.Турсунбоевнинг бу ҳотамтойлиги амалдаги қонунчиликка зид келса, унда нега давлатимизнинг жиноятчиликка қарши курашувчи органлари ҳисобланмиш, биринчи ўринда, Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари, ҳуқуқ-тартибот ходимлари, прокуратура ва ҳоказолар унга дарҳол чора қўлламади?

Демак, хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, ҳар кимда ўз-ўзидан бу ерда давлат биз фуқароларнинг пулларини тортиб олиш учун А.Турсунбоевдан бир хўрак сифатида фойдаланган экан, деган шубҳа келиб чиқади.

Бугун биз бир давлат органининг қилган хатоси туфайлими ёки лоқайдлигими, ёхуд жинояти туфайлими, иккинчи бир давлат органига бор будимизни бой бериб ўтирибмиз.

Ахир бу пуллар бизнинг қийналиб, мусофир юртларда ишлаб топган пулларимиз эди-ку?! Нега пулларимиз давлат томонидан олиб қўйилади?!

Агар Аҳмадбой ғайриқонуний фаолият юритган бўлса, марҳамат, унинг ўзига амалдаги қонун асосида чора кўрилсин! Нима учун фуқароларнинг пул маблағлари ўз эгаларига қайтариб берилмаяпти?!

Аҳмадбойни бадном қилаётган журналистларга эътироз

Журналистлар 2016 йил ёз кунларининг бирида ҳали тергов қилиниб, суд томонидан айби исботланмаган фуқаро Аҳмад Турсунбоевнинг ҳақ-ҳуқуқини бемалол бузиб, уни ғирт жиноятчига чиқарди-қўйди. Зеро, Конституциянинг 26-моддасида айб ёки жиноят содир этган шахсга суд жараёнида судьядан ўзга бир шахс айбдор деб ҳукм ўқишга ҳаққи йўқлиги таъкидлаб ўтилган.

Қойил-э! Мана сизга ўзбек журналистларининг фаолияти! Аслида улар фуқароларнинг ҳаётида юз бераётган мушкулотлар ҳақида, айниқса, аҳоли ўртасидаги ишсизлик тўғрисида ҳар куни «Аҳмад васвасаси» деганга ўхшаган кўрсатувлар тайёрлаб эфирга узатса, қандай яхши бўларди-а! Чунки биз фуқаролар айнан ана шу ишсизлик сабаб юртимизни ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрибмиз. Оиламиздан узоқда, бир марта келадиган бу ҳаётда мусофирчиликда умргузаронлик қилиш ахир бизга ҳавас эмас-ку?! Ана шунинг учун четга бормайлик деб, биз ҳам пулларимизни кўпайтириб тадбиркорлик қиламиз, деб Аҳмадбойга ўз пулларимизни ишониб топширган эдик.

Яна бир бор айтаман, Аҳмадбой пулларимга бирор марта ҳам хиёнат қилмади, аксинча, менга уларни кўпайтириб берди-ку!?

Ўзбекистонда фуқаролар нега давлат банкига омонат сифатида пул қўймайди? Сабаби, аввало, банклар ўз вақтида фуқарога зарур бўлганда ўша пулларини нақд шаклда чиқариб бера олмайди. Иккинчидан, фуқаронинг пуллари давлат омонат банкларида Аҳмадбойга берилгани каби тез ва ишончли кўпаймайди.

Марҳамат, журналистлар мамлакатимиз, жумладан, фуқаролар ҳаётида юз бераётган ўткир муаммоларни ёритсин. Афсуски, ўзбек ОАВ вакиллари том маънодаги тўртинчи ҳокимият эмас! Чунки газета-журналларни варақласанг ёки телевидение-радионинг қулоғини бурасанг, кечаси-ю кундуз диринг-диринг мусиқа ёхуд фақат ютуқларимизни овоза қилишдан ўзга нарса йўқ.

Мактабда ишлаб юрган чоғларимда юқоридан текширувчилар келса, ҳеч қачон ютуқларимизни мақтаб кетмас эди. Аксинча, уларнинг топиб олган битта машҳур гаплари бор эди: – Ютуқларимиз ўзимизники, лекин биз бугун сизларнинг камчиликларингизни ўргангани келганмиз. Шунинг учун биздан хафа бўлмайсиз.

Истагим шуки, ОАВ вакиллари ҳеч кимдан қўрқмасдан юртимизда бўлаётган муаммоларни тез-тез жамоатчиликка эълон қилиб турсин. Турмушимиздаги ютуқларимизни ҳаёт ўзи кўрсатиб турибди. Бизга уни ҳадеб реклама қилиш шарт эмас. Бизга давлат бюджетини каламушдек кемириб еяётган раҳбарларнинг қилмишларини фош қилувчи танқидий репортажлар керак. Ошкора танқид йўқми, демак, мамлакат иқтисодиётида ривожланиш ҳам бўлмайди. Ривожланиш йўқми, демак, биз фуқаролар пул топаман деб Россия ёки Қозоғистон томонларга эски халтамизни елкамизга илиб хатарли сафарга йўл олишга мажбур бўлаверамиз!

Биз ўзбекларни у ерларда рус ёки қозоқлар қучоқ очиб кутиб олмайди, албатта. Аксинча, биз у ерларда мардикормиз, афсус!

Меҳр кўзда, дейди доно халқимиз. Бироқ йиллар давомида ота-онасини кўрмай улғаётган фарзандларимиз қалбида яқин келажакда бизга нисбатан меҳрга жой қолармикин!

Журналистлар ҳали айби судда исботланмаган Аҳмадбойга осилмай, аксинча, ишсизлик аталмиш муаммога бот-бот мурожаат қилсалар, фойдадан холи бўлмасди менимча!

Майли, Россияни қўя турайлик, ўзбек фуқароси Қозоғистонга бориб мардикор бўлиб ишлаётганини ОАВ вакиллари ҳисобланмиш журналистлар бирон марта ўз дастурларида ёритдиларми?! Йўқ, албатта. Қозоғистон ўзи бир қип-қизил чўли биёбон бўлса-ю, унда нега бирорта ҳам қозоқ фуқароси Россияга бориб ишламайди? Ўзбекистонимизни эса биз ўзбеклар жаннатга ўхшатамиз, бироқ бирорта рус ёки қозоқ фуқароси бизга ўхшаб мардикор бўлиб Ўзбекистонда ишлаётганига гувоҳ бўлмаймиз! Ажабо, жаннатда пул бўлмайди, деганлари ростга ўхшайди.

Жаноб журналистлар мана шунақанги долзарб мавзуларда танқидий кўрсатувлар тайёрлаб, халқимизнинг кўзини очиб, билимларимизга билим қўшса, айни муддао бўларди. Бироқ ўзбек журналистларимиз суд ҳали айбдор деб топмаган Аҳмадбойга ўхшаганларга ўз ҳукмларини ўқийверсалар, демак, ҳали биз билмаган, Конституциядан ҳам юқори турадиган қонун-қоидалар бор экан-да, деб ўйланиб қоласан киши.

Қонунга нисбатан қонун посбонларининг ҳурматсизлиги

Мен янги Президентимиз эълон қилган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»дан илҳомланиб, 2016 йил 18 декабрда унинг виртуал қабулхонасига, яъни порталга 12096016 рақам билан рўйхатга олинган мурожаат йўлладим. Бир ой кутдим, яна қўнғироқ қилдим. У ердан мурожаатим ички ишлар органларида кўриб чиқилиши ҳақида жавоб олдим. 2 ой ўтиб яна қўнғироқ қилдим, фойдасиз бўлди. Учинчи қўнғироғимдан сўнг 2017 йил 6 март куни мени Тошкент ички ишлари бошқармасига чақиришди (телефон рақами: +998712330994). Мени қабул қилган капитан Обиджон деган йигит аризамни ёзиб олди ва жетон нусхаларидан ҳам олиб қолди. У ерда менга муаммо Наврўз байрамигача ҳал қилиниши ва миллий хавфсизлик тасарруфига ўтказилишига ваъда беришди. Аммо ҳануз жавоб йўқ.

Бу каби салбий ҳолат фуқароларнинг мурожаати бўйича қабул қилинган қонунларга нисбатан айнан қонун посбонларининг ошкора ҳурматсизлиги ҳисобланмайдими?!

Шунинг учун мен сизлардан яна бир бор илтимос қиламан, бу ишни адолатли ҳал этилишига амалий кўмакларингизни аямасангиз!

Мамлакат Мўминова
22 апрель 2017 йил
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 ноябр 2016
23 ноябр куни Алишер Навоийнинг 575 йиллигига бағишланган адабий мусиқий кечада сўз берилган ҳофиз гапиришга қўрқишини билдирди. Мусиқий кеча ...
6 январ 2017
Миллий олимпия қўмитасининг 6 январ куни бўлиб ўтган XXX Бош Ассамблеяси йиғилишида Қўмита Вице президентлигига Салим Абдувалиев сайланди. Шунингдек ...
6 феврал 2017
Республика Бош вазири топшириғига кўра, ортиқча маҳаллий ўғитни фермер хўжаликларига чиқариш, молхона ва ҳожатхоналарни тозалаш, вақт-вақти билан дезинфекция қилиб ...
10 апрел 2017
9 апрел куни эрталабдан, одамлар оқими Дроттнингатан марказига интила бошлади. У ерда юз берган террор ҳужумига қарши мотам митинги ...
Блоглар
9 май 2017
Болалигимизда Дўстжон дадамнинг Улуғ Ватан уруши иштирокчиси эканлигидан фахрланардик. Ҳар 9 май байрами арафасида дадамни ...
8 май 2017
3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишлаб “Олтин қалам” мукофотларини топшириш маросими журналистлар ва ...
5 май 2017
Андижонда мактаб ёшидаги болалар ўртасида «довучча бизнеси» авж олди. Шаҳардаги мактабларнинг бирида ўқийдиган 7-синф ўқувчиси ...