Вақт машинаси
3 май 2017

3 май — Халқаро матбуот эркинлиги куни

Ҳар йили шу куни БМТ Бош котибининг Халқаро матбуот кунига бағишланган баёноти тарқатилади. Жумладан 2006 йилги баёнотида, Оммавий ахборот воситалари низо, бузғунчилик ва нафрат ташвиқоти қуроли бўлиб хизмат қилмаслиги кераклиги таъкидланган.

1997 йил 3 майдан буён ҳар йили матбуот эркинлигига муносиб ҳисса қўшган инсонлар ЮНЕСКО тарафидан мукофотлар билан тақдирланишади.

БМТ резолюциясга эркин Африка матбуоти ривожига бағишланган Виндҳук Декларацияси асос қилиб олинган.

rasm1290
Қудрат Бобожон, 2004 йил, 3 май, Тошкент.

Ўзбекистонда «Эркин сўз»

1988 йили «Эркин сўз» газетасини, тўғрироғи норасмий Ўзбекистон Эркин ёшлари уюшмаси хабарномасини чиқаришга муваффақ бўлганимни эслайман. Бунгача биз уюшмамиз фаоллари билан Ўзбекистон мустақиллиги ва демократия тарғиб қилинган турли варақа ва чақириқлар кўпайтириб тарқатардик.

Журфак талабаси бўлароқ, нима учун варақа ва брошюралар чиқариш мумкин бўлган ускунада газета қилиш мумкин эмас деган ҳаёл менга тинчлик бермасди.

Рассом дўстим Қуронбой Матмуродов билан кечаси (кундузи ўқиш) ишга киришдик. Биз мўлжалдагидан икки хисса (масштабини 50 фоиз кичрайтириш имконини ҳисобга олиб) катта ватман қоғозга, бўлажак газета матни, сарлавхалари ва расмларни жойлаб ёпиштиришимиз керак эди.

Қуронбой қўлбола тайёрланган махсус туш ва скалпелини олиб ишга киришди, мен эса ёзув машинкасида колонка матнларини тера бошладим.

Мақсад тўрт саҳифага долзарб ва қисқа мақолаларни ихчам шаклда жойлаш эди. Адолат нуқтаи назаридан айтишим керак, ўша йили газетамиз билан параллел Фаҳриддин Ҳудойқулов бош қош бўлган «Бирлик» ҳаракатининг хабарномаси ҳам чиқа бошлади.

«Эркин Сўз»ни сотишдан тушган пулга тўртта мегафон сотиб олдик. Тарқатиладиган материаллар, Уюшма низоми ва яна анча варақалар, жумладан алоҳида нашр тарзида «Ку-Ку-88» (Яъни Қудрат ва Қуронбой) имзоси билан сатирик карикатуралар кўпайтирилди.

Ҳатто, айрим хизматчиларимизга озроқ қаламҳақи бериб, қолганига иккита хона ва битта мажлислар залини доимий ижарага олиш қувватига эга бўлдик.

Тугатилаёзган цензура

Норасмий нашр фаолияти узоққа бормади. Уни давлат рўйҳатидан ўтказиш масаласи бошни қотирди.

1989 йили мен “Эркин сўз” газетасини қайддан ўтказиш учун Давлат матбуот қўмитаси раиси Рустам Шоғуломовнинг қабулига кирдим.

У кишининг асосий эътирози аввалига газетанинг номига бўлди. «Нима дегани эркин сўз, нима эркин эмас сўз ҳам бор эканми?», дея мени калака қила бошлади.

Лекин, у пайтлар ҳар ҳолда ошкоралик – мен ҳам тап тортмай, газетани унинг руҳсатисиз ҳам чиқариб келганимиз ва шундай давом эттиришдан бошқа чорамиз йўқлигини айтдим.

Ҳукуматнинг бош цензори ўша пайтда тутақиб менга тағин ғазабини сочишдан нарига ўтмади. Бу пайтда цензура идораси тутатилиш арафасида эди.

rasm1291
«Муносабат» газетасининг нишона сони

«Муносабат» газетаси

1990 йилнинг ноябрида Фаҳриддин Худойқулов рахбарлигида «Муносабат» газетасининг нишона сони босилди. Газета қайта қуриш йилларида қўлга киритилган ютуқ, ҳусусий мулк яратилиши натижасида барпо қилинган «Ўсарфильм» қошида таъсис этилди.

Бироқ биз яа ҳам долғалироқ янги ўзгаришларни кутардик.

1991 йилнинг 13 апрел куни Совет иттифоқида цензура тугатилиб, матбуот тўғрисида қонун қабул қилинди.

“Матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари эркиндир, цензурага йўл қўйилмайди” деган икки жумла бизни эркинликнинг янги уфқлари сари қанотлантирди. Ўшанда мен ҳам Фаҳриддин акага ҳамроҳ бўлиб Москвага бордим.

rasm1295
Фаҳриддин Худойқулов

Москва шамоли

Москвада қарийб бир ҳафта қолиб кетдик. Сафаримиз анча сермаҳсул бўлди, Фаҳриддин ака 200 минг рус ва 200 минг ўзбек тилларида чиқадиган бутуниттифоқ газетани рўйҳатдан ўтказишга эришди, 007 рақамли чўғдай қип қизил гувоҳномани олганимизда ҳурсандчилигимиз чексиз эди.

Орадан уч ой ўтиб ноябр ойида бу газетанинг нишона сони чиқди. Ёзувчилар уюшмаси биносидаги офисимизга ўрнатилган учта компютерда кечалари билан уйга бормасдан газетани макет қилар эдик.

Бироқ, тағин бахтиёрлигимиз узоққа бормади. Газетанинг бор йўғи учта сони чиқди.

Референдум арафасида газета тайёрлаб ўтирган пайтимиз офисимизни бир гурух ментлар келиб босди. Ҳаммаёқ ваҳима.

Қизиқ ҳол ҳеч эсимдан чиқмайди. Милиция қуршовида ўтирган кишанбанд Фаҳриддин акага яқинлашмоқчи бўлдим. У киши кулимсираб, «Э, бу бола бизда ишламайди» дегандай шаъма қилди, мен нима қилишим кераклигини таҳминан тушундим. «Муштум»да ишлаган Фаҳриддин акада юмор ҳисси анча кучли эди.

Эртаси куни Фаҳриддин акани қўйиб юборишди. Чимкентда «Муносабат»нинг янги сони чиқиши керак эди. Босмахонага мен борадиган бўлдим.

Газетани юклашга ажратилган «Камаз»да менга тошкентлик олифта йигитлар ҳамроҳ бўлди. Улар икки юз минг тираж газетани кўриб капалаклари учиб кетди.

«Бундан кўра, ерёнғоқ юклаганимиз яхши эди» дея тихирлик қила бошлашди, лекин ўртага қўйилган яримта ароқ ишни ҳал қилди. Камаз тезгина газета тахлами билан лиқ тўлди.

Тезгина биз босмахонани тарк этдик. Чимкент-Тошкент шоссеси бўйлаб бораркан газета ортилган «Камаз» юкхонасидан, бир тахлам газета ажралиб йўлга сочилганини эслайман.

Машина йўл чеккасида тўхтаганида беш юзтача газета саҳифалари шамолда учаркан, уларни йиғиштириб олишдан мантиқ ҳам йўқ эди…

Газеталарни келтириб Ёзувчилар уюшмасидан ижара олинган омборга жойладик. Бироқ газетани тарқатишга улгурмай, тираж сақланган омборга ўт қўйилди. Таҳририятга қарши иш очилди.

Шу билан газета фаолияти тўхтади. Бироқ газета атрофидаги муаммолар яна анча давом этди. Бунинг кўп тафсилотлари Фаҳриддин аканинг хотираларида бор.

Кейин мен журналистиканинг босма тури билан ҳайрлашгунимга қадар анча вақт Муҳаммад Бекжон ва бошқа кўп ҳурфикрли ҳамкасбларим билан «Эрк» газетасида бир муддат ҳамкорлик қилдим.

Кейин, аллақачон кремлдан мустақил ҳукумат цензураси бу газета фаолиятини ҳам тўхтатди.

Сўз эркинлиги узра дам оқ, дам қора булутлар алмашаётган суронли даврлар эди бу.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 декабр 2016
«Халқ сўзи» газетаси (17.12) «Жаҳон» ахборот агентлигига таяниб Европа парламенти Ўзбекистон билан «тўқимачилик битими»ни ратификация қилиш учун овоз берганини ...
31 май 2017
Шўролар ҳукуматининг кескин сиёсати, аҳолининг ҳусусий мулки, чорва молларини тортиб олиб, кўчманчи халқларни мажбуран ўтроқлаштириш, колхозлаштириш ҳаракатлари оқибати ўлароқ, ...
13 январ 2016
Ўзбекистонда қалбаки дорилар бозори, айниқса, кейинги йилларда ривожланди, дейди Eltuz.Com билан суҳбатлашган ўзбекистонлик шифокор Сабоҳат Аҳмедова. Вазият шундай тус ...
9 феврал 2017
«Энг катта порахўрлик туғуруқхоналарда. Порахўрликни ҳаёт нормаси деб қабул қила бошлашди», деди Шавкат Мирзиёев 7 феврал куни ўтказган мажлисида. ...
Блоглар
16 ноябр 2017
Сал аввалроқ ўзбек матбуотида Меҳнат вазирлиги ва Миграция агентлиги масъуллари Росссияга сафар қилиб, кўплаб учрашувлар ...
13 ноябр 2017
Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди. Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа ...
10 ноябр 2017
9 ноябрь куни Тошкентга Пуйоль келди, биласиз-а? Карлес Пуйоль «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси. Жамоа тарихидаги энг ...