Асосий мавзулар
2 май 2023

2 май – жадид Исмоил Гаспирали Бухорода Саид Абдулаҳадхон билан учрашди

1893 йил май ойида Туркистон ойдинларига йўл кўрсатган “Таржимон” газетаси ташкилотчиси Исмоилбек Гаспирали (Исмоил Гаспринский) Бухоро амири таклифига кўра Бухорога келади.

Гаспирали Бухорода қушбеги, девонбеги ва қозикалон билан учрашади. Бир неча маҳаллий мактабларга боради.

Унинг бу саёҳатдан кўзлаган мақсади маҳаллий мактабларни ислоҳ қилиш ва “усули жадид”ни ёйиш эди.

Лекин Исмоил Гаспиралининг амир билан учрашувидан кўзлаган мақсади амалга ошмади.

rasm1285
Бухоро амири Абдулаҳад

Бухоро ва Туркистоннинг бошқа шаҳарларида “усули жадид” мактабларини очиш ва ёйиш учун Гаспирали иқтидордан кўмак топа олмади.

Шундай бўлса-да, ҳар қандай тўсиқларга қарамай, Гаспирали ўлкада “усули жадид” мактаби уруғини экишга имкон топа олди.

У Самарқандга келган вақтида татар миллионери Абдулғани бой Ҳусаинов зиёфатига таклиф қилинади.

Ушбу зиёфат самараси ўлароқ, Исмоил Гаспирали “усули жадид” мактабини очишга муваффақ бўлди.

Аммо бу мактаб рус колонизатор маъмурлари тарафидан ëпиб қўйилди.

Ойдинлик сари

Гаспирали Қримда «усули жадид» мактабларини йўлга қўйиб олганидан сўнг мусулмонлар яшайдиган бошқа минтақаларда ҳам ушбу йўналишни жорий қилишга киришади.

Чунки у Туркистон миллатини қолоқликдан чиқишига асосий туртки маориф, ўқитиш усулини янгилашда, деб билди.

Гаспирали 1891 йил кузида Россия Ички ишлар вазирлиги қошидаги комиссияга мактуб йўллаб, Туркистонда янги мактаблар очиш таклифини илгари суради.

Айни таклиф Туркистон генерал-губернатори барон А.Б.Вревскийга ҳам етказилади.

Генерал-губернатор мактубни ўрганиб, таклиф бериш учун И.И.Ильминский шогирдилари – Тошкент ўқитувчилар семинарияси директори Н.П.Остроумов ва ўлка бўйича мутахассис ҳисобланган В.П.Наливкинга топширади.

Н.П.Остроумов ўзининг маҳаллий миллатларга нисбатан бўлган шовинистик қарашлари билан танилган эди.

Шу боис, у В.П.Наливкин билан бирга И.Гаспиралини ўлка учун хатарли одам сифатида таснифлашади.

Уларнинг билдирган фикрларга таянган ҳолда генерал-губернатор И.Гаспирали мактубидаги таклифларга рад жавобини беради. Шундан кейин Гаспирали ўз ғояларини ўлкада амалга ошириш ишларига маҳаллий шахслар эътиборини қаратади.

Бухоро амири Абдулаҳад ёрдамида ўз ишларини олға силжитишни ўйлайди.

1891 йил бошларида “Таржимон” газетасида Бухоро ва унинг амирига бағишланган туркум мақолалар босилади.

Амир 1893 йил бошларида Россияга саёҳат қилади. Бухорога қайтишда Қримга келади ва И.Гаспирали амир билан биринчи маротаба кўришиш имконига эга бўлади.

Ушбу учрашувда амир И.Гаспиралини Бухорога таклиф қилади.

Гаспирали ҳаёти ва фаолияти

rasm1286Қримлик сиёсий арбоб ва Марказий Осиёда жадидлар ҳаракати етакчиларидан бири Гаспирали 1851 йили 8 март куни Қримнинг Гаспра қишлоғида Мустафо Али ўғли ва Фотима Султон Темир ғози қизи оиласида дунёга келди. Гаспирали (Гаспринский) тахаллуси ҳам шундандир.

Қисман эски мактаб ва Симферополб гимназиясида, кейинчалик Москва гимназиясида таҳсил олгач, у 1871 йили Францияга кетади, маълум муддат Туркияда яшайди.

Қримга қайтгач, у Боғчасарой шаҳри думаси депутатлигига сайланади.

Исмоил Гаспирали ғоялари у ташкил этган «Таржимон» газетаси орқали аввал Қримда ва Уралда, кейинчалик Хива хонлиги, Бухоро амирлиги ҳудудларида кенг тарқалди.

Тез орада туркий тилдаги бу газета Форс, Хитой, Туркия, Озарбайжон, Миср, Болгария, Франция, Швейцарияда тарқала бошлади.

«Таржимон» газетасидан ташқари, Гаспирали қизи Шафиқа муҳаррирлигида газетанинг аёллар учун мўлжалланган иловаси «Олами Нисван», «Хотин», шунингдек, Туркистон халқларининг илк ҳажвий сатирик нашри «Ҳа ҳа ҳа»ни чиқаради.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 октябр 2015
Бугун дунё матбуоти Россия миграция хизмати ва полицияси ушлаган тожик оиласининг олиб қўйилган беш ойлик эмизикли боласи Умарали Назаров ...
2 март 2016
Швециянинг Сундсвалл шаҳрида ўтган аппеляция маҳкамасига кўра Обид Қори Назаров жонига қасд қилган тошкентлик ёлланма қотил Юрий Жуковскийга берилган ...
2 ноябр 2020
Намангандаги Grand Sherdor меҳмонхонаси олдига осилган Франция байроғи йиртиб ташланиши воқеаси расмий жавобларда билдирилганидан анча бошқачароқ кечгани маълум бўлди.  ...
9 май 2023
Қўқон хонлигининг Тошкент ҳимоясига отланган мулла Алимқул бошчилигидаги асосий кучлари 1865 йилнинг 9 майида шаҳарни рус босқинчиларидан тозалашга муваффақ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...