Фарғонадаги иккита коллеж ўқувчилари буфетдаги овқатдан заҳарланишди
21-22 сентябр кунлари Бувайда туманидаги шифохонага бирин кетин туманнинг иккита коллеж буфетидаги пишириқларда захарлангани иддао қилинган ўқувчилар келтирилган.
Туман тиббиёт бирлашмасидаги Еltuz.com нашрининг манбаси, коллеж ўқитувчилари ва ота оналарнинг тасдиғича, қизлардан беш нафарининг аҳволи оғир ҳолда шифохонага ётқизилган, бошқаларга эса енгил заҳарлангани боис уйларига жавоб берилган.
Педагогика коллежидаги айни ҳодиса 21 сентябрь куни рўй берган бўлса, худди шу тумандаги Тиббиёт коллежида ҳам 22 сентябрь куни 20 дан зиёд ўқувчилар заҳарланиб тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам бўлимига келтирилган.
«Қизимнинг организми жуда бақувват эди, унча-бунча нарсага касал бўлмасди. Отравления бўлиб қолди. Коллеж буфетида «хотдог» еган экан. Кетчупи эскириб қолган экан, – дейди бу ҳақда Eltuz.сom нашрига хабар берган ўқувчи қизнинг онаси.
«Коллеж буфетида фақат печенье ва вафли қолди холос»,- дейди Тиббиёт коллежи ўқитувчиларидан бири.
Унинг билдиришича, ҳамма маҳсулотни ўша куниёқ СЭС (Давлат санитария эпидемиология назорат бўлими) йиғиштириб кетган.
Ота оналар, ва туман коллеж ўқувчилари буфетларидаги овқатлар сифатсизлигидан шикоят қилишмоқда.
«Кўпчилик асалли тортдан, яна бошқалар хот догнинг кетчупидан заҳарланишган», дейди тиббиёт коллежи ўқитувчиси.
Eltuz.com нашри манбалари, шунингдек, айни пайтда уйларига қўйиб юборилган коллеж талабалари ҳам баъзан хушдан кетиб, тағин бетоб бўлиб қолишаётганини айтишмоқда.
Eltuz.com