Дайжест
2 ноябр 2016

«Ижтимоий фикр»нинг навбатдаги лофи

«Халқ сўзи» газетаси (29.10) «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган навбатдаги сўровнинг натижалари ҳақида мақола эълон қилди.

Ўзбекистон президенти яқинда суд-ҳуқуқ тизимига оид фармон имзолагани муносабати билан ўтказилган «Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари жамоатчилик нигоҳида» мавзуидаги бу сўров ҳам аввалгилари каби ҳаққоний вазиятни ифодаламайди.

«Тадқиқот одамлар мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларининг асосий мақсад ва моҳиятини теран англаб етганини намойиш этди», деб хулоса қилган «Ижтимоий фикр».

«Сўров шуни кўрсатдики, фуқаролар ҳуқуқлари бузилганда уни қонуний асосда тиклашга ишонишади. Кўпчилик юртдошларимиз ҳуқуқлари бузилганда унинг тикланишига шубҳа қилмайди», дейилади газетада.

Маълум бўлишича, респондентларнинг аксарияти, яъни 93,8 фоизи ўз ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлангани ва таъминланганини қайд этган.

Ижтимоий сўровни ўтказаётганлар ёки барча рақам ва хулосаларни хаёлига келганича ёзади, ёки сўров ўтказаётганларида бечора респондентлардан ўзига маъқул жавоб олиш учун ёнида прокуратура, милиция ва МХХ вакили бўлади. Бўлмаса, бугун мамлакатдаги вазиятни кўра-била туриб аксарият фуқаролар бузилган ҳуқуқлари шубҳасиз тикланишига ишонишини қандай баҳолаш мумкин?

Агар ишонч шундай юқори бўлса, қолаверса, салкам юз фоиз фуқаро ўз ҳуқуқ ва манфаатларини таъминланган, деб билса, бош вазирнинг виртуал қабулхонаси очилгандан бери ўтган бир неча ҳафта ичида унга 100 мингга яқин шикоят келиб тушганини қандай баҳоласа бўлади?

Улар айнан қонунсизликдан, манфаатларига зиён етгани учун шикоят қиляптиларми ёки оммавий ишсизлик оқибатида келиб чиққан бекорчиликданми?

Газетада ижтимоий сўров натижалари «фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг сиёсий жараёнларда, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирокини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарали амалга оширилганини кўрсатаётгани» таъкидланади.

Энди бу хулосага баҳони давлат рўйхатидан ўтказилмаётган ва сайловга қўйилмаётган мухолифатдаги партиялар вакиллари, ҳаққоний сайлов нималигини аллақачон унутиб қўйган халқ берсин.

Мазкур газетада гарчи реклама ҳуқуқи асосида берилган бўлса-да, яна бир мақола эътиборни тортди. Унда «Ўзфармсаноат» акциядорлик концернига қарашли «Ўзкимёфарм» акциядорлик жамияти фаолияти тўғрисида сўз боради.

Ёзилишича, корхона ўтган йилнинг 9 ойи давомида 6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 22,2 миллиард сўмдан ошган. Соф фойда эса, эътибор беринг, 18 миллиард 720 миллион сўмни ташкил этган.

Ҳисоблаб кўринг, хомашё, иш ҳақи ва бошқа кўплаб ишлаб чиқариш харажатларига бор-йўғи 3 миллиард сўмдан сал ошиқроқ маблағ сарфланган ҳолда бундан бир неча баробар ортиқ фойда олинган. Бундай даромадли соҳани яна қаерда кўргансиз ёки эшитгансиз?

Халқ дори-дармон қимматлигидан дод деяётган бир пайтда бу каби монополиялар хоҳлаганча фойда қилиб ётибди, деган хулосани бермайдими бу рақамлар!?

Агар берилган рақамларда хатолик ўтмаган бўлса, улар назорат органлари томонидан жиддий эътибор қаратилишини талаб этади назаримизда.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 январ 2023
Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг 18 январь сонини тақдим этади.+++Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Самоқ МФЙда қор эриши оқибатида сел юзага ...
27 сентябр 2024
Данғаралик сўконғич дея хатга тушган  фермерни  қасоскор  деб иддао қилинган прокурор қаматгани ҳақида охири ëмонлик билан тугайдиган ошкора бахти ...
8 сентябр 2018
Британиянинг «Гардиан» (the Gardian) газетаси дунёдаги энг яхши кўча овқатлари рўйхатини эълон қилди. Газетхонларнинг гастрономик таъбига кўра, ўзбек палови ...
6 январ 2024
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам карвонсаройга айланди. Вазир бўлиб кўрмаган ким бор! Рассом Туз
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...