Асосий мавзулар
19 июн 2017

Президент ишора берди: диний маҳкумлар озодликка чиқадими?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкентда дин арбоблари, жамоат ва давлат идоралари вакиллари билан ўтказилган учрашувда мамлакат учун жуда муҳим бўлган бир масалага тўхталди.

Лекин негадир на мустақил нашрлар, на шу масала ҳақида ўнлаб йиллардан буён гапириб келаётган инсон ҳуқуқлари фаоллари бунга жиддий эътибор қаратмади. Ҳар ҳолда шу кунгача бу ҳақда ўқимадик.

Гарчи видеоселектор шаклида ўтган мазкур тадбир ҳақида кўп гапирилди. Аммо Мирзиёевнинг дипломатларга хос тарзда айтган гаплари қанчалик муҳим бўлмасин, эътибордан четда қолди, деб дейишга тўла асосимиз бор.

Гап шундаки, президент диний айбловлар билан қамалганларнинг бир қисмини озодликка чиқаришга тайёр эканига ишора берди!

«Адашган ёшларни тарбиялашимиз, керак бўлса, жазони ўташ жойларига ҳам бориб, улар билан гаплашишимиз лозим. Чин дилдан тавба қилиб, ота-онаси, оиласи бағрига, тўғри йўлга қайтишни ният қилган одамларга амалий ёрдам беришга мен давлат раҳбари сифатида доимо тайёрман», деди президент Мирзиёев.

Бу жуда муҳим ишора эмасми? Ахир у ерда гап Ўзбекистон қамохоналарида ётган минг-минглаб диний маҳкумлар тақдири ҳақида боряпти-ку?!

Гап айнан улар ҳақида бораётганини президентнинг: «Агар у эътиқодсиз бўлиб, чаласавод бўлиб, хиёнат қилиб, боя айтганимдек, икки томон билан ҳам “ўйин” қиламан, бу давлат кетса, анавилар келиб қолса, улар билан ҳам тил топишаман, деб найранг қиладиган бўлса, билиб қўйинглар, бундай “номер”лар бизга ўтмайди«, деган сўзлари ҳам тасдиқлаб турибди.

Яъни президент тавба қилганидан сўнг озодликка чиқарилажак маҳкумларни огоҳлантиряпти!

Бундан ташқари, у Ўзбекистонда давлатнинг давлат сифатидаги ролини таъминлашга, керак бўлса, радикал диндорларнинг танобини тортиб қўйишга, бунинг учун қаттиққўл сиёсат юритишга тайёрлигини ҳам билдирди.

«Ўзбекистонда давлат давлатчилигини қилади, қонун устувор бўлади. Худога шукур, давлат раҳбари сифатида буни таъминлашга менинг кучим ҳам, билимим ва салоҳиятим ҳам албатта етади. Бу ҳақиқатни ҳеч ким, ҳеч қачон эсидан чиқармасин!» деди Мирзиёев.

Шу билан бирга, президент «ашаддий террорчи ва экстремистлар»ни аяб ўтирмаслигини баён этди. Чунки «уларга гап уқтириб, инсофга чақиришнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ», деган қарорга келганини билдирди.

Шавкат Мирзиёев уларга қарши шафқатсиз курашиш борасида дунёнинг зўрлари, хусусан, АҚШ президент Дональд Трамп билан фикри бир жойдан чиқаётганини қистириб ўтганида катта маъно бор.

У бундай курашиш учун ана шу зўрлардан «добро» олганига ишора қилмоқда.

Албатта, президентнинг нутқида арзимаган сабаблар, туҳматлар билан қамоққа тиқилган диний маҳкумларни оқлаш ёки уларни тўлиқ реабилитация қилиш ҳақида гап бормаяпти.

Улар барибир айбдор ҳисобланиб қолаверади. Зеро, гап тавба қилганлар ҳақида бормоқда.

Аммо мана шу қадамнинг ўзиёқ некбин кайфиятлар уйғотишга асос бўла олади назаримизда. Биринчи қадам ҳар доим оғир бўлади.

Балки бу кейинроқ айбсиз қамалганларни реабилитация қилиш йўлида пойдевор бўлиб хизмат қилар?!

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисобига кўра, Ўзбекистонда, ҳукумат томонидан «диний экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланган»  10 минг нафар атрофидаги маҳкумлар бор. Уларинг аксарият кўпчилиги ҳеч қандай зўровонлик ҳаракати содир этишмаган, бироқ номутаносиб тарзда узоқ муддатли жазолар олишган. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини, «давлат ташкилотлари доирасидан ташқарида» исломни ўрганаётган одамларга нисбатан ортиқча шафқатсизлик қилаётганини қоралаб келади.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 июл 2019
Хайрулло Файз 1970 йилда Ҳўжандда туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини битказган. Би Би Си радиосининг ўзбек хизматида ишлайди. Очилган кўздан ...
3 июл 2020
Ҳафта айланиб яна сизлар билан юзлашганимдан мамнунман. Суҳбати чор – анда мазза бор, дейишади. Сизлар эса юз мингларсиз. Шунча ...
20 март 2020
20 март куни Ўзбекистонда коронавирус юқтирилгани қайд этилган шахслар сони 33 нафарга етди. Дастлаб Ўзбекистон эпидемиология маркази Франциядан қайтган ...
6 ноябр 2023
Жорий йилнинг 22 ноябр куни Тошкентда ўтиши режаланган “Машина времени” рок группаси концерти қолдирилди. Ўзбекистонлик галерист Белла Собирова, Тошкентда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...