Видео
3 июл 2020

РТдан ваъз: Бор гапни айтиб ташлашдан олдин…

Ҳафта айланиб яна сизлар билан юзлашганимдан мамнунман. Суҳбати чор – анда мазза бор, дейишади. Сизлар эса юз мингларсиз. Шунча одам билан бир вақтнинг ўзида суҳбатдош бўлиш завқига ноил бўлишнинг ўзи ҳам бир саодат. Сиз яхши бўлганингиз учун ëндошаман. Яхшига ëндош – ëмондан қоч, дейишади-ку.

Энди билдим замонанинг озганин,
Ёмонлар яхшидан қоча бошлади.
Қайтиб баднасллар аслзодадан,
Писанд этмай, тўрга кеча бошлади.

Махтумқули

Одамзод қизиқ. Масалан, узоқ вақт Россияда ишлаб юрган одам коронавирус пайтида Ўзбекистонга келсам, деди. Чартер рейсдан минг машаққат билан жой олган бу одам Ўзбекистонга ҳам келди. Не ажабки, уни текширишса, коронавирусга чалинибди. Контейнер касалхонага жойлаштиришди. Сал ўтмай, бу одамни контейнер касалхонаси палатасида шифтга осилган ҳолда топишди.

У одам туғилди, меҳнат қилди, азоб чекди ва ўлди. Балки у ким биландир дардлашмоқчи бўлгандир. Кимгадир ҳасратини айтмоқчи бўлди, аммо айта олмади. Чунки унинг телефони олиб қўйилган эди. Нафақат унинг, контейнер касалхонадаги бошқа касалларнинг ҳам.

Нега уларнинг телефони олиб қўйилганини мантиқ билан изоҳлаш қийин. Зотан, телефонда гаплашсангиз, короновирус юқмайди.

Контейнер касалхона ҳарбий сир эмас. Одамни мулоқотдан маҳрум қилиб ўлимгача олиб борган мулозимларда ҳеч бўлмаса виждон азоби бормикин!?

Умуман, одам ижтимоий мавжудот. У нафақат ўз дардини, балки ўзгалар дардини ҳам гапиришни истайди. Узоқ йўлдан келган йўлчига еб ичганинг қизиқ эмас, нима кўрганингни гапириб бер, дейишади.

Одам кўрганини гапирар экан, баъзан таънаю дашномлар нишонида қолади. Баъзан одам шундай даҳшат нарсаларни кўради.

Кўрганини айтса, уни ўлдиришлари ҳам мумкин. Айтсам ўлдурурлар, айтмасам ўлам, дейишган каби.

Баъзан ҳақиқатни гапирган одамни ғийбат қилди, дейишади. Ғийбат билан ахборотнинг фарқини дунë кўрган журналист Ибрат Сафо яхшигина таҳлил қилибди.

«Ғийбат ва жамоатчилик муҳокамаси ўртасидаги ФАРҚ ҳақида яна бир эслатай, дедим.

Айтайлик, маҳаллангиздаги қўшни уйда яшовчи Маънавиятхон нариги маҳалладаги Маърифатбек билан юради. Икковининг ҳам оиласи бор. Агар сиз билан биз буни ўзаро чойхонада ё интернетда очиқчасига муҳокама қилсак, бу – ғийбат. Бу фақат уларнинг ўзи ва оиласига тааллуқли масала. Ортидан гапиришга ҳаққингиз йўқ.

Маҳаллангиз бошида турадиган Бахтишўр ака ўғлини уйлантиргач, кўчанинг бошига уйига қўшиб яна икки хона солди. Энди сиз ва қўшниларингиз торайган кўчадан ўтолмай хунобсиз. Ариқлар ҳам тўсилиб қолди. Сиз бу ҳақида қўшнилар билан гаплашсангиз, бу – жамоатчилик муҳокамаси. Ғийбат эмас. Чунки Бахтишўрнинг бу иши бутун маҳалла ҳаётига таъсир қилди. Гапиришга ва ҳатто чора кўришга/ундашга ҳақлисиз.

Шаҳар ҳокими Яллама Ёримова эри билан ажрашди. Яллама опани бу аснода муҳокама қилиш – ғийбат. Бу унинг шахсий ҳаёти. (Ўзи эри – Уриб Ёримов аблаҳ эди. Майли, ғийбатга берилмайлик.)

Энди ҳоким Яллама опам жаҳли чиққаниданми ё зерикибми, ядершиклар тайёрлайдиган олий мактаб очмоқчилар. Унинг бу қарорини ва ядровий физикага қанчалар алоқаси борлигини муҳокама қилиш – жамоатчилик муҳокамаси. Чунки унинг мактаби тайёрлаган ёмон ядершиклар қўлида қоладиган атом станцияси портласа, бутун авлодингиз асфаласофилинга равона бўлади. Шундай экан, бу ғийбат эмас, жамоатчилик муҳокамаси.

Дарвоқе, Асфаласофилин акани эсдан чиқармайлик. Унинг катта ўғлининг ақли ожиз. Ногирон. Буни муҳокама қилиш – ғийбат.

Лекин Асфаласофилин ака – бош вазир ўринбосари. У иккинчи ўғлини Швейцарияга хусусий мактабга юборди. Унинг бу ишини ва давлат маоши билан шундай қиммат мактабга пулни қаердан олганини муҳокама қилиш – жамоатчилик муҳокамаси. Ғийбат эмас. Чунки у сиз тўлаётган солиқларни ўғирлаётган бўлиши мумкин.

Ғийбат ва жамоатчилик муҳокамасини ажратолмасликни тушунса бўлади – жамиятимиз учун бу янги нарса. Ўзбекчиликка ҳам тўғри келмаслиги мумкин. Лекин агар кимдир бундай жамоатчилик муҳокамасини бошласа, уни ғийбатда айблашга ҳақимиз йўқ. У сиз ҳақингизда ҳам қайғураётган бўлиши мумкин».

Ибрат Сафо ëзган ибратли гапдир бу. Бирни кўриб фикр қил, мингни кўриб шукр қил. Шу ўринда «Элтуз» жамоаси таътилга чиқиши ҳақида эслатмоқчиман. Ҳатто қассоблар ҳам муайян муддатдан сўнг танаффус қилар экан. Бизнинг кичик жамоа ҳам бир муддат тин олишни истади. Ваъз охирида закий шоир Асқар Маҳкам мисраларини ўқисам.

Кулфат итлари сур тортган кечада
деворларни егач оч қумурсқалар.
Бир сағир Ватанни тутиб елкада
қаён кетяпсан, Асқар…

Асқар Маҳкам ичида нима бўлса айтиб борса келмас жойга кетди. «Элтуз» жамоаси эса ичидаги бор гапни айтиш олдидан тин олишга қарор қилди. Худди камон ўқи отилишдан олдин орқага тортилган каби. Жамоамиз сиз билан мулоқотни бир ойдан кейин давом эттиради.

Яна сиз билан юзлашамиз.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
24 июн 2016
Истанбул полициясига кўра, 23 июн куни тушлик пайтида Истанбулнинг Енибосна мавзеида Ўзбекистонлик тадбиркор (балки мулозим) О.Е. йўлтўсар қароқчилар ҳужумига ...
4 июл 2019
Шифокорлар далаларда ишлашга мажбур этиларкан, шифохоналарда беморлар ҳаёти учун таҳликали вазият юзага келади. 2018 йилнинг 28 июнь куни Брюссель ...
9 октябр 2019
Тарихга Горбачёв ҳуррияти дея кирган 1985 йилдан 1991 йилгача бўлган даврда ўзбек журналистикасида кўтарилиш пайдо бўлгани кузатилди. Ошкоралик, демократия ...
23 ноябр 2018
Италиянинг Бари шаҳрида 22 ноябрь куни бўлиб ўтган махсус маросимда «Элтуз» нашри директори Умида Ниязовага «Тинчлик мухбири» (Reporter for ...
Блоглар
3 январ 2023
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 20-қисмида журналистнинг «Адабиёт нима?» деган ...
25 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 18-қисмидан 90-йилларда таниқли адабиётшунос Иброҳим ...
20 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ суҳбатнинг 17-қисми мухолифат ва ҳокимиятнинг келажаги ҳақида ...