Асосий мавзулар
11 октябр 2019

Туркистон ойдинлари қатағони бошланганига 80 йил тўлди

Сиёсий таҳлилчи Анвар Назирнинг «Элтуз»га билдиришича, Тошкент қатлгоҳларида 1938 йилнинг 4 октябридан 8 октябрига қадар Туркистоннинг беш юздан зиёд ойдини отилган. Унинг фикрича, ўзбек зеҳниятидаги бугунги тоқатсизлик аслида 37-йили бошланган Сталин даври қатағонлари асоратидир.

«Тошкентнинг Юнусобод мавзесидаги Оқтепа ҳудуди, ундан кейин Тошкент политехника институти ҳарбий кафедраси олди ва бошқа бир қанча жойларда қатлгоҳлар бўлган ўша пайтда», дейди у «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, айни даврда миллатнинг Абдурауф Фитрат, Ғози Юнус, Хайринисо Мажидхонова, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Худойберган Девонов каби буюклари уйдирма айбловлар билан қамоққа олинган ва отишга ҳукм қилинган.

Бироқ Анвар Назир Сталин қатағонлари хотираси ҳамон ҳукумат даражасида нишонланмаслигидан афсусланади.

«Биз ҳар йили 8 октябрни қатағон куни сифатида норасмий тарзда бўлса ҳам хотирлаймиз, айни шу куни Туркистон жадидларининг энг кўп нафари қатл қилинган», дейди Анвар Назир.

Мақсад – миллатнинг буюкларини йўқ қилиш

Халқнинг энг ёрқин вакилларини йўқ қилишга қаратилган Сталин даври қирғини бутун собиқ Совет Иттифоқини қамраган, ўз ҳаёти учун қўрқув туйғуси зиёлиларни ўз ҳамкасблари устидан чақув ёзишга мажбур қилган эди.

Масалан, Абдурауф Фитратга қўйилган айбловга сабаб унинг Навоийни улуғлагани бўлса, Қодирийни русларга қарши гапиргани учун йўқ қилишган.

«Жиноят ишларига оид ҳужжатларда даҳшатли нарсаларни ўқиш мумкин. Масалан, биринчи болалар адиби Мунаввар қори Абдурашидхоновни лақаби «Студент» бўлган кимсанинг чақувига асосан айблашган», дейди Анвар Назир.

Анвар Назир «Элтуз» мухбири билан суҳбатида швед журналида босилган КГБ архивидан иқтибос келтириб, бугунги кунда улуғланувчи Ҳамид Олимжон ва унинг хотини Зулфиянинг ҳам чақувлар уюштиргани ҳақида билдиради.

«Сотқинлик, хиёнат ва туҳмат қатағоннинг асосий мотори бўлган. Масалан, Ҳамид Олимжон «Чўлпон, Фитрат, Қодирий баччабоз. Менга тегажоғлик қилишган» қабилидаги ёмон ва кир нарсаларни ёзган. Шулар ҳам жиноят ишига киритилган», дейди у.

Бу чиркин тарихга баҳо бераркан, «босмачиларга қарши кураш» унча ҳам шонли бўлмагани, баъзан хотин эр, эр эса хотин устидан чақув ёзганини айтади.

«Сталиннинг мақсади буюк авлодни йўқ қилиш эди, у бу мақсадга эришди. Бунинг учун 20-йиллардан бошлаб НКВД зимдан шогирдларни устозларга қарши тайёрлай бошлаган эди», дейди у.

Бугунги давр билан параллел

Таҳлилчининг сўзларига кўра, ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ ходимлари томонидан ўз уйидан ўғирлаб кетилган журналист Бобомурод Абдулланинг ёзган мақолалари учун бадном қилиниши, ёзувчи Нурулло Отахоновга ёзган китобидаги фикрлари учун жиноят иши қўзғатилиши совет қатағонларининг бугунги кундаги давомидир.

Анвар Назирнинг фикрича, ўша Сталин даври яратган репрессив иллатларни Ўзбекистонда ҳар қадамда кузатиш мумкин.

«Бу нафақат цензура ва эркин сўзнинг бўғилишида кўринади: пропискадан бошлайсиз, пахта мажбурий меҳнати, шахсий мулкнинг кафолатланмагани…», дея санаб кетади у бугунги ўзбек зеҳниятини маданий дунёдан узувчи иллатларни.

«Инсонга қулдек қараш, уни фикрдан маҳрум қилиш, эркин меҳнат ўрнига мажбурий меҳнатга тортиш, эътибор беринг шунга, примитив мафкуралашган дунёқараш ҳалиям ҳукм сурмоқда», дейди таҳлилчи.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 сентябр 2018
Совет даврида болаларни мактаб партасидан пахта даласига қувиш одатий ҳол саналарди. Қайта қуриш йилларида сал сусайган бу анъана Ўзбекистон ...
21 январ 2019
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева 21 январь куни ўзининг 62 ёшга тўлган кунини Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси олдида ҳокимларнинг ...
30 март 2021
Музработ туманидаги судда аëн бўлишича, термизлик 41 ёшли блогер Сатторий йиллар давомида барча мулозимларга даҳшат солиб келган. «Элтуз» рассоми ...
23 декабр 2019
Шарқий тақвим бўйича 2020 йил рамзи каламушдир. Каламуш йили шарқий тақвимнинг янги 12 йиллик циклини бошлаб беради. Каламуш йилида ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...