«Барса»нинг собиқ етакчиси ўзбек футболини нимадан қутқармоқчи?
9 ноябрь куни Тошкентга Пуйоль келди, биласиз-а? Карлес Пуйоль «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси. Жамоа тарихидаги энг зўр ҳимоячи. 2007 йил ҳам келган эди у Тошкентга. «Бунёдкор» олиб келган эди ўшанда уни.
У пайтда футболчи эди. Пуйоль «Пахтакор» ўйинига тушди. Стадионга талабалар мажбурий олиб борилди. Гўёки Пуйолни «бизда футбол стадионларига шунча мухлис тушади», деб ишонтиришмоқчи бўлишди. Пуйоль ҳам аҳмоқ эмас-ку, фақат талабаларни кўрса, мажбурий олиб келинганини билади-ку:)
Одил «Зеромакс»ининг ишларини такрорлашяпти. Яъниким, муаммоларни шунақа ишлар билан хаспўшлаб ёпиш…
«Пахтакор»га ҳакамларнинг ён босиши очиқча бўлиб кетди. Шармандаси чиқди ҳаммасининг. Энди шунақа йўллар билан эътиборни бошқа томонга қаратишяпти.
Шодиевдан катта пул олиб қўйишган, «Пахтакор» чемпионлар лигасида ўйнайди, деб ваъда беришган. Лекин олдинги раҳбарияти «Пахтакор»ни жазолаб, мавсум аввалида роса очкосиз қолдиришган. Кейинги раҳбарият жамоани пастки ўринларга тушириб топширишган. Энди иккинчи ўринни олиш учун ҳакамларни «Пахтакор»га ёрдам беришга шу қадар очиқча мажбурлашмоқдаки, ҳатто ҳакамларнинг ўзи нолияпти.
ЎФФ «Ўзрепорт» телеканали билан ҳамкорликни бошлади. Чунки ушбу телеканал раҳбари Равшан Жўраев мафиозларнинг ҳаётига қизиқади, улар билан ҳамкор бўлгиси келади. Ҳамкорлик бошланиши билан ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев ўрнига «Ўзрепорт» ходими Ёқубжон Бобожонов ишга олинди. Илмилиқ бола, танқиддан узоқ. Хуллас, «Спорт» канали нуқул танқид қилишини ҳисобга олиб, «Ўзрепорт» телеканали орқали ўзбек футболининг «ёрқин» тарафларини кўрсатиш бошланди. Бу жараёнда иштирок этаётган Даврон Файзиев кўп ҳолатда ҳамкасбларига бўлаётган ишлардан норизолигини айтган. Лекин барибир ўз раҳбарининг буйруқларини бажариб, ПФЛ раҳбари билан суҳбат уюштириб, муаммоли масалаларни четлаб ўтган.
Журналистик хиёнат
Ҳозирда ижтимоий тармоқларда Мираброр Усмонов даврини қумсаб ёзаётганлар кўпайган. Чунки янги раҳбариятнинг оёғи хайрли келмади. Ўсмирларимиз, ёшларимиз ҳатто Осиё чемпионатига ҳам йўлланмани қўлга кирита олишмади. Авваллари-ку, асосан, ёшлар футболи билан фахрланардик. Энди шуям йўқ.
Ҳакамлар қўмитаси бошлиғи Ноил Лутфулин ўз аризасига кўра ишдан олинди. Манбанинг келтиришича, собиқ ҳакам бу адолатсизликларга чидаёлмаган…
Хуллас, эскиси кетиб, янгиси яхши бўлмас экан. Ўзбек мухлисларининг фикри шу…
Мамлакатнинг энг яхши ҳаками Равшан Эрматов 24 ноябрь кунги «Насаф» – «Пахтакор» ўйинига қўйилмаслигидан ҳам билсак бўладики, Равшанга нисбатан ЎФФ босим ўтказа олмайди. Эрматов охирги марта «Пахтакор» иштирокидаги Самарқанддаги ўйинни ҳалол бошқарган ва тошкентликлар ғалаба қозона олишмаган. Қаршидаги ўйинда яна шундай бошқарса, «Пахтакор» чемпионлар лигасига йўлланма берувчи 2-ўриндан мосуво бўлади.
«Пахтакор»нинг ижтимоий тармоқдаги мухлислари ҳатто «бизга бунақа ғирром «Пахтакор» керакмас», деб чиқишлар қилишмоқда. Мухлисларнинг-да асабини ўйнаётган масалаларга мутасаддиларнинг кўз юмаётгани ачинарли ҳолат. Лекин уларнинг пул олган манбаси бу жиҳатларни ҳисобга олмайдилар. Нима қилсанг қил, шунча пул сарфланган «Пахтакор»га ғалабалар олиб бер, дейишяпти. Бунақа шармандагарчилик ўтган аср охирларидан бери энди кузатилмоқда.
Зайниддин Бозоров
Тошкентлик муаллиф тахаллуси
Eltuz.com