Асосий мавзулар
11 декабр 2017

Ўлмаслиги мумкин бўлган ўликлар

5 декабрда Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўлими ва уларнинг ўлдирилиши ҳолатлари кўпайиши тенденцияси мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳисоботини эълон қилди. Фото: чапдан ҳуқуқ фаоллари Фаҳриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзов.

«Олдини олиш мумкин бўлган ўлимлар: Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўлдирилиши ва зўравонлик билан йўқ қилиниши» номли ҳисоботида Amnesty International қатор мамлакатларда ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаол фуқароларни муҳофаза қилишга оид давлат сиёсатининг муваффақиятсизликка учраганини кўрсатиб беради.

Ушбу ҳисобот Amnesty International нинг ўтган йил май ойида бошланган ва давлатларнинг ҳуқуқ ҳимоячилари фаолиятини тан олиш, ҳамда уларга хавфсиз ва қулай шарт-шароитларда ўз фаолиятини амалга ошириш имкониятини таъминлашни кўзда тутувчи «Жасорат» кампанияси доирасида эълон қилинди.

Бутун дунё бўйлаб ҳуқуқ ҳимоячилари таъқиб қилинмоқда, қўрқитилмоқда, жазога гирифтор қилинмоқда, адолатсиз судларга тортилмоқда, ҳибсга олинмоқда. Бу амалиётлар ҳамон давом этмоқда.

Ҳисоботда айтилишича, давлат ва нодавлат тузилмалари саъй-ҳаракатлари оқибатида минглаб ҳуқуқ ҳимоячиси ўлдирилмоқда, турли зўравонликларга дуч келмоқда. Уларнинг фаолияти нафақат тан олинмаяпти ва ҳимоя қилинмаяпти, балки улар жиноятчи, «хориж жосуси», «халққа қарши шахслар», «террорчилар» сифатида талқин қилинмоқда, жамият тараққиёти ва анъанавий қадриятларга таҳдид ўлароқ кўрилмоқда.

Бу каби айбловлар уларнинг фаолиятига ишончни барбод этаётир ва бошқа суиистеъмоликлар, ҳатто уларни ўлдириш ҳаракатларигача йўл очиб бераётир.

Ҳисоботда асосий эътибор энг оғир жиноятлар – ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўлдирилиши ва ғойиб бўлишига қаратилган. Бу ҳужумларнинг сабаби турлича бўлиши мумкин.

Масалан, айримлар инсон ҳуқуқларини бузаётган ҳукмрон доираларга қарши тураётган, хабар тарқатаётган ва жамоатчилик эътиборини тортаётган қонуний фаолияти учун ҳужумга дучор бўлмоқда.

Бошқалар эса жамиятдаги инсон ҳуқуқига қарши фикрлари ва ижтимоий нормаларга қарши исёни, қолаверса, айнан шундай фаолият билан шуғулланаётгани учун тазйиқ остида қолмоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Нуриддин Жуманиёзов 2016 йил декабрда турмада ўлди. Унинг ўлими ҳақида фақат олти ойдан сўнг маълум бўлди.

У айни пайтда қамоқда қолаётган бошқа бир ҳуқуқ ҳимоячиси Фахриддин Тиллаев билан биргаликда Мардикорлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи мустақил касаба уюшмаси маркази тузишга уринганди.

Н.Жуманиёзов 2014 йил январда ҳибсга олинди. Унга ва Фахриддин Тиллаевга одам савдоси бўйича сохта айблов қўйилди. Улар адолатсиз суд ҳукми билан узоқ муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Н.Жуманиёзов диабетнинг оғир тури билан оғриганди ва 2014 йил апрелда ўз адвокати Полина Браунергга дори сўраб мурожаат этганди. Аммо дорини етказиш ҳаракати вақтида масъуллар Н.Жуманиёзов турма шифохонасига ўтказилганини айтиб, унинг аслида қаерда экани ҳақида маълумот беришни рад этди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича таниқли адвокат саналган Полина Браунерг бу жиноят иши бўйича доимий тазйиқ остида бўлди ва 2017 йил майда инсультдан вафот этди.

Даволаниш учун хорижга чиқишга рухсат сўраганида эса унга қамоққа олиш билан таҳдид қилинганди.

Ўзбекистонлик яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси Абдурасул Худойназаров турмадан тиббий хулосалар асосида озод қилинганидан уч ҳафта ўтиб вафот этди. У охирги босқичдаги саратон, лимфома ва силга чалинганди.

Қамоқдалигида у қийноқларга дучор этилганди. Оила аъзоларининг билдиришича, у саратонга ва бошқа жиддий хасталикларга чалинганига, доимий тиббий қаровга муҳтожлигига қарамай, қамоқхона маъмурияти унга зарурий тиббий ёрдам кўрсатишни ҳар доим рад этиб келган.

Ҳибсга олинганига қадар А.Худойназаров «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси сифатида ҳамда ички ишлар ва хавфсизлик хизматидаги коррупцияга қарши фаолияти туфайли танилган инсон эди.

У 2005 йил июлда қамоққа олинган, таъмагирлик ва фирибгарлик айби билан тўққиз йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Кўпчилик бу ҳукм адолатсиз бўлгани, ундан ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун қасд олиш мақсадида чиқарилганини айтганди.

Яқинда эса марҳум диктатор Ислом Каримов режимининг ашаддий танқидчиларидан бири Мурод Жўраев вафот этди. У Ўзбекистон турмасида энг узоқ ўтирган сиёсий маҳбуслардан бири эди.

Элтуз

Тағин ўқинг
9 март 2020
Ўзбекистон Жиноят кодекси асосида “пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият»и учун устидан жиноят иши ...
4 май 2017
Ўрислар «живучий» дейди. Ўзбекчада «яшовчан», «чидамли» деб таржима қилинади кўпинча. «Мослашувчан» деб ўгириш ҳам мумкин. Ўзбек матбуотига нисбатан шу ...
21 январ 2023
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман. Совуқларда дирдираëтган тошкентликлар, сиз билан ҳамдардман. МС: ...
18 апрел 2016
«Миллий тикланиш» газетаси шу номдаги партиянинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари томонидан «халқ фаровонлиги» йўлида олиб борилаётган ишлар, улар ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...