Асосий мавзулар
21 январ 2023

РТдан ваъз: Ҳокимлар ҳам йиғлайди

Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман. Совуқларда дирдираëтган тошкентликлар, сиз билан ҳамдардман.

МС: Туз оға қишлоқдагилар 2016 йилдан биëн сувуқда ўтирибди амаллаб. Қўйни гўтти бир марта гўринса ҳамма гулган акан. Геччиники ҳаммавоқт очиқ. Биравни ишам йўқ. Тошкентдагилар сувуқа чидамсиз акан.

РТ: Матчонбой замонавий психология фанида ролларни алмаштириш деган приëм бор. Масалан рак касал бўлиб ëтган одам унга қараб, чой нонидан ҳабар олиб турган хотини билан ўрин алмашиб кўради. Соғ хотин касал бўлиб ëтиб кўради. Касал одам бўлса соғга чой нон бериб туради, бирор соатча. Бу кимнинг ичидан нима ўтаëтганини билиш учун керак.

МС: Ичимнан ўтканни иштоним билади деган гап бу (кулги)

РТ: 2016 йилдан бери қишлоқлардаги одамлар газ ва свет танқислиги билан яшашди. Тошкентда эса уч кун газ свет ўчганида қиëмат қўпди. Азиз тошкентликлар қишлоқдагиларнинг бошидан нима ўтканини билдингиз. Бунинг учун собиқ ҳоким Ортиқхўжаевга раҳмат. У сизни люкс вип холатдан чиқариб, бутун республика билан тенг қилди. Кемага тушганнинг жони бир.

МС: Дузоғо, шу Ортиқхўжаевни ҳамма сўкиб ëтибди. Ҳамма гунони шуни бўйнина илдила. Как будто қолғонлор ой. Биламизқу болиқ бошиннан сосийди, лекин қуйруқиннан бошлаб қилчиқини олодило. Улли ëшуллидо гуно йўқми. Қўйғондо мисмилло диди ишдан олғондо астоприлло…

РТ: Жахонгир Ортиқхўжаев чарчади. Агар Нух минг йил яшаб бир тўфон кўрган бўлса у беш йил хоким бўлиб минг тўфон кўрди. Одамларнинг ëлғони ва амалдорларнинг найранглари чарчатди уни. У «Шум бола» каби кўчада ўсди. Кўчани гапи билан тили чиқди. Ўн сўм ўғирласа, тўққиз сўмини тепага берди. Амалдорларни пора билан боқиб, эвазига дашном эшитди. Уни ҳамма ëмон кўради. Бой бўгани ва амалда ўтиргани учун. Ҳоким бўлганидан бери тўйиб ухламади. Президент ëки Бош вазирдан қўнғироқ бўлса чўчиб тушадиган бўлди. Куëв ва қариндошлар қилмишлари аферистик схемаларидан тўйиб кетди. Бу очкўз куëвлар уни ўз чўнтагига айлантиришди. Тошкентни буздириб ер участкаларни олишди. Айбдор сифатида эса Жахонгир рўпара қилинди. Матбуотга ҳам у балогардон бўлди. Ўзим уни кунора танқид қилдим. Карикатураларини чиздим. Жахонгир Ортиқхўжаев хозир ўлса жаннатга тушади. Чунки у жаҳаннамни бу дунëда кўрди. Мирзиëев даврида амалдор бўлиш бу азоб ва уқубат. Жахонгир Ортиқхўжаев ҳам одам. Уни ҳам она туққан. Тадбиркор бўлиб топган тутганини бамайлихотир ея олмай асаб касалига дучор бўлди. Инсонни тушуниш керак. «Мен ҳам одам эдимку ахир инсон фарзанди, бу бечора Жахонгирнинг маломат банди»

МС: Кўнглим бузилиб гетди. Ичимни увиштирипардингиз. Хозир зор зор йиғлиймон. Лекин ина Ортиқхўжаеб гетди, лекин свет газ проблемаси чешилмадиқу. Қони гоз?

РТ: Эй матчонбой. Яхшиси шеър билан жавоб берай.

Сен сўрайсан қачон газ келар

Мен айтаман газ эмас ëз келар

Лайлак келар ғоз келар

Қаноти қоғоз келар

Ëдингдами эй, Матчон,

Ëзда чиққан эди жон…

МС: Дузоға сизам ëшуллилара ўхшаб одомни саволина дўғри жувоп бармисиз. Совет давриндаги Ўзбекистон гимнинда бир гап боради. Дарëлар бўйида эдик сувга зор. 

(музика янграйди)

МС: Мени саволим шу нега ўзимизда чиққан газ бизани халқни ўйинда ëнмийди? Бу топ шу дарëлар бўйида бўлдик сувга зор деган гапни ўзиқу ахир.

РТ: Матчонбой, мана уламолар айтяпти халқимиз қадим замонда газсиз яшаган экан.

МС: Дуз оғо, Хитой олимлари Ўзбекистонда топилғон склета қараб қадимғи одомни расмини ясапти. Гўрдим. Топ ëнқи блоггер Хушнудни ўзгинаси.

(кулги)

Танишга ўхшади юзингиз. 

Аввал, аввал қайда кўришган эдик?!.

 Ҳа, бу — Сиз! Узингиз, ўзингиз! 

Сира ўзгармабсиз! Қанча вақт ўтди… 

Уша тийран кўзлар. 

Меҳр, Эътибор. 

Ўша куйинчаклик. Имон. Оқибат. 

Ўша фидойилик. Ўша ғурур. Ор.

Биринчи учрашувимиз ёдимда йўқ. 

Унга кўп замонлар бўлди. 

Қирқ Аср! 

Мен бугун қишлоқда учратдим Сизни; 

Жуда, жуда таниш юзингиз. Исмингиз нимайди, ҳалиги? Аттанг… 

(Омон Матжон) 

Цзилинь университетининг бир гуруҳ палеоантропологлари Ўзбекистондаги Тешик-Тош ғоридан топилган неандертал боласи кўринишини намойиш этди. Бу биринчи бор 3D-реставрация ёрдамида тошга айланган одам бош суягини компьютерда тикланишидир. 

(Олимлар бу аждодимизни кийимсиз тасвирлабди. Уни аëллар кўриб, ғулуга кетмасин дея Рассом Туз кийим кийгизиб қўйди. Анжанлик бир ака кийимини бериб турди) 

Тахминан 300 минг – 400 минг йил олдин яшаган 8-9 ёшли неандерталга тегишли бўлган, тошга айланган бош суяги 1938 йилда топилган. Бу суяк Осиёда топилган биринчи неандертал қолдиғидир. Унинг кашфиёти неандерталларнинг шарққа кўчишини исботлаган. 

Қуйидаги матнни эса сал олдинроқ ëзувдим. 

НЕАНДЕРТАЛ МУЛОЗИМ

Бир антрополог олим битта ўзбек мулозимини чет давлатга чақириб бериш бўйича ўртага тушишимни илтимос қилди. Бу мулозим Хайделберг шаҳрида ўтадиган илмий анжуманга келиши исталган эди. Мени ажаблантирган нарса – бу мулозимнинг илм-фанга мутлақо алоқаси йўқлиги бўлди. Пастдан олиб тепага узатадиган, ўзини ҳам унутмайдиган умумий, савод даражаси паст, типик коррупционер, жоҳил мулозим эди. Хайделбергдаги илмий анжуман генлар тадқиқодига оид эди. Илтимос қилган олим нега ўзбек мулозими бу анжуманга келиши боисини айтмади. «Этик сабабларга кўра айта олмайман», деди. Мулозимни баъзи қудратли қариндошларим таниркан. Телеграм номерини оберишди. Муомалани жойига қўйди бу мулозим. Бир-икки гаплашгандан кейин нега анжуманга чақирилганини айтиб берди. Хуллас, бу мулозим ëшлигидан «идентификация» билан боғлиқ комплексга йўлиққан. Унинг фамилияси Соатов бўлгани учун мактабдошлари устидан кулишган. Аснода у нега Соатов бўлганини ўргана бошлаган. Уруш вақтида катта бобоси бедарак йўқолгани ҳақида қора хат келган. Бева бувиси эса Сағатбай деган қоплонбеклик қозоқни ўзига бойфренд-спонсор қилиб олган. Ўша пайтда нимадир бўлиб бувиси военкоматга борган. Военкоматдаги одам унга фамилиянгни ўзгартирмасанг, сени Алжирга юворишади, деб қўрқитган. 

МС: Алжир дегани бу Африкадаги дўлатмасми. Исси. Палмалар хурмолар ўсип ëтқон.

РТ: Алжир – бу Қозоғистондаги хотинлар қамағи. АЛЖИР дегани қисқартма бўлиб, Акмолинский Лагерь Жён Изменников Родины, ўзбекчаси эса – Ватан Хоинлари Хотинларининг Оқмўлладаги лагери (А. Л. Ж. И. Р.) деган маънони берган. Гапнинг қисқаси, мулозимнинг катта бовоси Саидтўрахўжа урушда Власов армиясида бўлган. Власов Гитлер тарафига ўтиб кетгани учун барча аскарлар сотқин мақомини олганди. Хуллас, Саидтўрахўжаев деган памила ўрнига Сагатова деган памила олинган. 1987 йили эса саводли загс ходимаси буни тўғирлаб, бувининг набиралари ҳужжатига Соатов деб ëзган. Буларни ўрганган мулозим Соатов деган фамилияни ўзгартириб, Саидтўраходжаев қилиб олган. Бу фамилияни огандан кейин суриштирса, ота-бовоси Бухоро хонлигида жондор вазифасида ишлаган экан. Бу пайтга келиб, барча ўзбек мулозимлари ўзларининг Совет пайтида семичкачи ва трамвай ҳайдовчи бўлган ота-оналари аслзодалар бўлгани ҳақида пулга эртак тўқиттириб шажаранома китоблар чиқариш эпидемиясига чалинган эди. Қаҳрамонимиз бўлган мулозим ҳам ўзининг аслзодалигини аниқлашга киришади. Кимдир унга Бухоро хонлигидаги барча амир жондорлар Чингиз авлоди бўлгани ҳақида айтиб, мулозимга ўз генини текшириш учун бир кубик қон, соч ва бошқа биометриал топширишга ундайди. Мулозим ўз ДНКсида Чингиз гени борлигидан астойдил хурсанд эди. Аммо мулозим генини ўрганган институт хулосасига кўра, бу мулозим ДНКсида Чингиз генлари йўқ эди. Олмаотадаги ДНК институтининг раҳбари бўлган фан докторининг ўзи хулоса солинган конвертни олиб келиб, тошкентлик бу мулозим билан учрашиб суҳбатлашган. Чунки, бу мулозим ДНКсида дунëда ўта оз сонли бўлган неандертал геномлари бор эди. Ҳозир Африкадан ташқарида яшовчи одамларнинг тахминан 2 фоизи неандертал генларини олиб юради. 600 минг йил олдин неандерталлар ҳозирги Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларида яшашган. Албатта, бу хулоса ўз сулоласи ҳақида яхши фикрда бўлган мулозимга ëқмаган эди. Мен билан суҳбатда бу мулозим унинг генларини аниқлаган олимларни «долбоëблар» деб атади ва Ҳайделбергингга палонимни қўйдим деб, илмий анжуманга тажриба қуëни ўлароқ боришдан бош тортди. Мен эса кўпдан бери мени қийнаган саволларга жавоб топгандай эдим. Ўзбек мулозимлари – хомо-сапиенс яъни фикрлайдиган яратиқ эмас. Улар томирларида фақат кўринган нарсани тутиб олиб ейдиган неандертал ëввойилар қони оқмоқда.

МС: Дузоғо, холқни ҳам пели гетган. Ол бирини ур онгирқисини дейан гапни ўзи. Юрт бизилди. Жиллихона бўлди.

Бугунги ўзбекистондаги миллионларнинг мияси чўпчак ва нафрат билан тўла. Аммо у ерда асло илм¸ фаҳм ва фаросат йўқ. Олдин айтганимдек Ильи Ильф ва  Евгений Петровнинг «12 стул» романи қахрамони Эллочка-людоедка луғати 30 сўздан иборат бўлса, оддий чўпчакхўр ўзбек луғати 15 сўзга ҳам бормайди. Бу сўзларнинг ярмисини ўзиям тушунмайди. Масалан, ўша мўъмин ë мўъмина энг кўп ишлатадиган «зайбал» сўзини маъносиниям тушунмайди. Бу биомасса эртага бугундан ҳам баттар саводсиз бўлади ва охирида икки кўзли, оғзи бор аммо тили йўқ, еб ичиб туалетга борадиғон махлуққа айланади. Баъзилари айланиб ҳам бўлди. Изох қолдиришдан олдин мактабда 8 йил ўқиб эга нима, кесим нима, эргашган қўшма гап нималигини билиб олинглар,

МС:  ОМ қонуни билан пуанкаре гипотезасини билмасак гечирасизми?

РТ: Кечираману, лекин ҳар бир ватандош ОМ қонунини билгани яхши. Сен масалан шу кунда нима билан бандсан?

МС: Шер ëзиб ўтирибмон, ўйда ўдин ëниб дурғон пеша суяниб. Ўқиб баринми?

РТ: Ўқи қани

МС 

Учак учака боқади,

Трубадан газлар оқоди

Газ идорони ëшуллиси 

Бой бой жонимни ëқоди.

РТ: Матчонбой, шу газ свет темасининг ҳам сийқаси чиқиб кетди. Гапираверсанг, маймун ҳам тилга кирар экан. Йиллар давомида «яшасин мусаппо осмон» деб юрган ашлачилар ҳам, свет ва газ йўқлигидан жилаб бошлади. 

Энг катта катастрофа тўйларда свет ўчиб қолгани бўлди. Чунки бутун қўшиқ тарақ-туруғи билан бирга файлга ëзилиб, «светомузикачи» лаптопида турувди. Ашлачи фақат оғиз очиб юмиб туради. Кўп ашулачилар дудуқ ëки соқов. Сал-пал саси чиқадиганлари ҳам совуқда томоғини шамоллатган. 

Нилупар Усмонова деган ашлачи (ҳожонани қизи) «уйим совуқ» деб, гастинсага бориб ëтволибди. 

Халқ орасида Шарапат деб оти чиққан Йилдз ҳожона бўлса Ортиқхўжаев расмига бармоғини ниқтаб «Мен маши одамди даврида эзилдим», дебди. 

У одам нега эзди? Ўзинг хоҳлаб эздирдингми? Қачон эзди? Бу саволларга жавоб берадиган тилни совуқ уриб кетган аллақачон. 

Лекин Актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров тилга кириб, «газ, свет йўқ» деди. 

МС: Дедими? 

РТ: «Ҳа, деди у». Хуллас, ашлачилар ëмонам совқотибди. 

Ортиқхўжаев кетиши билан минус 20 бўлган совуқ ўз ўрнини плюс иккига алмаштирди. 

Яқинда ëз келиб кўрмагандай бўп кетаслар. 

МС: Бу кунлар ўтар кетар, артслар аяғди кўтар. Туз оға, анови эртакни яна айтиб беринг.

РТ: Қайси эртакни?

МС: Трубани йейман деган дев ҳақидагини.

РТ: Уни айтиб берганман. Эсингдан чиқибди. Дев трубани бермасанг, деворни ейман дейди.

МС: Овонг шуни айтиб баринг. 

Бир мамлакатнинг атрофи улкан тош девор билан ўраб олинган экан. Мақсад ичкаридагилар ташқарига чиқмасин ва душманлар келиб мамлакатни издан чиқармаслиги учун. Шу мамлакатнинг яқин чегарасида бир дев яшар экан. У мамлакат девори ëнига келиб ультиматум қўйибди: «Менга мамлакатнинг бутун олтин, валюта ва углеводородли ëнилғи заҳираси ва газ ўтадиган трубаларни бермасангиз шу деворни еб ташлайман» 

Бу ультиматумни эшитган президент селектор ўтказиб, машварат қилибди. 

Агар дев мамлакат деворини еб қўйса, бутун мамлакатдаги қўрқоқлар кетиб, ташқаридан ботирлар келиб, сайлов қилиб президентни ағдариши мумкин.

«Бунга йўл қўйиб бўлмайди» дебди тепакал вазир. «Девор бўлмаса чиқиш рухсатидан келадиган пулдан  мосуво бўламан» дебди қорни катта вазир.

Шу пайт президент қўлидаги сабзи тўғрайдиган тахта каби ясси ойподини бармоқ билан силаб гугул қоридан маслахат сўрабди.

Гугул қори  маслаҳат берибди:

«Олдин дев шу ҳажмдаги тош деворни еб битира оладими, йўқми шуни аниқлайлик» дебди ойпод ичиндаги гугул қори.

Буни қандай биламиз дебди президент.

«Математика ва физикани  биладиганлардан сўранг» дебди гугул қори.

Президент атрофига қараса, нуқул шиғир тўқийдиган ва алмисоқдан қолган диний чўпчак айтадиган шарлатан муллалар  қолганмиш атроф жонибда.

– Палончи математик қани?

– Америкада.

– Нариги мен мошин берганимчи?

– Германияда.

– Арнасойлик болачи?

– У математик эмас, у фақат Навоийдан ғазал айтади. 

Президент ғуссага ботиб ўйлай бошлабди.

– Комсорг бўлишимдан 4 йил олдин биринчи курсда мен ҳам амалий математика ўқигандима. Ануви Америкага кетиб қолган математик пропессор айтувди. Олдин қаттиқ  массанинг бир қисми қандай қилиб йўқ бўлганини хисоблайсиз. Натижани умум массага кўпайтирасиз.

Президент худди жакузи ичида ëтиб, сиғим қонунини кашф қилган Архимед дойи сингари «Эврика» деб бақирибди.

Атрофдаги даптар ушлаган шотирлар «Эврика» деб ëзиб қўйишибди автоматик бир тарзда.

-Эй каламушлар, сизлар шу қадар каллаварангсизлар. Нима ëзганингни маъносини ҳам билмайсизлар. Эй тепакал, «Эврика» деган нима деган, дебди президент.

Тепакал жавоб бера олмабди. Чунки у биринчи курсда ҳам лекция эшитмаган. Шаҳар ҳокими ҳам матбуот вазири ҳам бошқалар ҳам умуман мактаб ўқимаган, бой оталарга чой ташиб «ўсган кадрлар» эди.

– Ўша дев сизларни ейман деса, жон деб берардим. Бира тўла қутулардим ғўддайганлардан.

Мулозимлар унинг бу гапини ҳам даптарларига ëзиб қўйишибди.

– Дев катта билан ëзиладими ëки кичик харф биланми?  деб сўрабди қоринбой вазир.

– Албатта Дев аканинг исмини катта харф билан ëзиш керак дебди Бухоро ҳокими барно юзли баччаларга ўхшаб ноз билан.

Мулозимлардан ҳафсаласи пир бўлган Президент катта куëвини чегарага юборибди.

– Бор, девга айт, деворни еб ташийвурсин.

Катта куëв зинғиллаганича дев ëнига кетибди.

Президент кичкина куëвига юзланибди

– Сен бориб дев қанақа қилиб деворни еганини видеога олиб кел. Лекин видео копиясини Рамзанга берсанг итараман сен паканани.

Хуллас, дев мамлакат деворини еб тургани видеосини кичик куëв ватсапдан ташабди қайнотага.

Дев болғаси билан деворнинг кичик бўлагини секин ушатиб, ховончада туйиб, сувга қўшиб ичаркан. Кейин дам олиб яна бир парча деворни ер экан.

Президент ойподидаги калкуляторда ҳисоблаб кўрса, дев мамлакат деворини теоретик жихатдан еб битириш эҳтимоли юзда тўқсон фоиз чиқибди.

– Агар дев шошиб пишиб деворни еганида тиқилиб ўларди. Секин технична еб ўтирибди. Демак деворни еб битиради бу боришда. Деворсиз қоламиз охирида. Яхшиси айтган трубасини  бериб юборинглар дея буйруқ берибди президент.

Шу тариқа мамлакатнинг бутун олтин валюта ва углеводли ëнилғи заҳираси ва газ ўтадиган трубасини  девга бериб юборишибди.

«Дев акага» дея тўғирлаб қўйибди Бухоронинг барно юзли ҳокими.

«Зато девор бор» дея хурсанд бўлибди қоринбой вазир.

Мамлакат ичидаги бойликни ўғри уриб кетган бўм бўш темир сондиқ каби етим бўлиб қолибди. Газ, углевод ва энг муҳими труба киши қўлли бўлгани учун мамлакат қишда катта бир холодилникка айланибди

Қиссадан ҳиссани сиз чиқаринг, азизлар.

МС: Ана инди ëнқи гапни ойтинг.

Ассалом Ўзбекистон жума муборак!

@rassomtuz

Тағин ўқинг
6 ноябр 2020
 Ойна – менинг энг яхши дўстим. Чунки йиғлаган пайтим у ҳеч қачон кулмайди. Мана, ҳафта бир айланди ва яна ...
18 апрел 2018
Имомларга ва мусулмонлар диний идорасининг уй-жойга муҳтож ходимларига намунавий уйлар бепул берилади. Президент 16 апрелда имзолаган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини ...
20 сентябр 2017
Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72 сессиясида қатнашиш учун АҚШга россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Airbus A340-313 шахсий самолётида борди. ...
25 декабр 2020
Азиз дўстим. Кўзлари интизор синглим. Меҳрибон опажонларим. Дуогўй онахонлар. Юзидан фаришта ëққан отахонлар, акалар, укалар, севининг, каламуш йили тугамоқда. ...
Блоглар
3 январ 2023
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 20-қисмида журналистнинг «Адабиёт нима?» деган ...
25 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 18-қисмидан 90-йилларда таниқли адабиётшунос Иброҳим ...
20 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ суҳбатнинг 17-қисми мухолифат ва ҳокимиятнинг келажаги ҳақида ...