Асосий мавзулар
12 декабр 2017

Қашшоқлар фаровонлиги ёки калтак шукронаси

«Ижтимоий фикр» барака топсин, яна раҳбарга ёқадиган, ақлини таниганларнинг истеҳзосига сабаб бўладиган навбатдаги сўрови натижасини эълон қилди.

Унга ишонадиган бўлсак, сўров иштирокчиларининг 90,2 фоизи президентнинг сиёсати аҳолининг орзу-умидларини тўла рўёбга чиқараётганини билдирган.

Давлат раҳбари саъй-ҳаракатлари натижасида иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, тиббиёт, илм-фан ва таълим, ахборот-коммуникация технологиялари, саноат, суд-ҳуқуқ тизими, фермерлик ва тадбиркорликни модернизация қилиш, инвестициялар жалб қилиш бўйича эришилган натижалар юртдошларимиз ишончини мустаҳкамлаётгани айтилган.

Олинган натижаларга кўра, юртдошларимизнинг аксарияти Ш.Мирзиёев Ўзбекистон фуқаролари орзу-умидларини тўла рўёбга чиқараётганига ва аҳолининг мутлақ қўллаб-қувватлашига эга раҳбар эканига қатъий ишонади.

Мониторинг президентга ишонч даражаси 2017 йил июль ойидаги 92,4 фоиздан жорий йилнинг октябрь ойида 93,1 фоизга ошганини кўрсатган.

Бу рақамларни марҳум президент Ислом Каримов даврида худди шу мавзуда «Ижтимоий фикр» томонидан ўтказилган сўров натижалари билан солиштирамиз.

Сал фарқ бор. Рақамлар нисбатан кичик, аммо залвори ерни ёради. Худди Ш.Мирзиёевнинг бугунги ижтимоий, иқтисодий аҳволимиз ҳолатини танқид қилганига ҳамоҳанг.

Агар танқид қилмаганида, назаримизда, Каримов давридаги кўрсаткичлардан ортиқ бўларди, асло кам эмас.

Шунчалик ҳамоҳангки, Каримов давридаги рақамларни такрорлай олмаслик даражасида. Камтарликнинг ўзбек юртбошилари даражасидаги кўрсаткичи.

Ҳолбуки, Ўзбекистонда аҳолининг 6,3 фоизи ёки 1,9 миллион киши тўйиб овқатланмайди. Бу БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг 2016 йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботида келтирилган рақамлар.

Ўтган бир йилда бундан яхшироқ бўлиб қолганини исботловчи далиллар йўқ. Расмий статистика идорасининг нархлар ошгани ҳақидаги маълумотларига, аҳолининг реал даромадлари кўпайгани ҳақидаги маълумотлар йўқлигига асослансак, аҳвол яхшиланмагани ҳақиқатга яқинроқ.

Буюк Британиянинг The Legatum Institute таҳлилий маркази эълон қилган «Фаровонлик 2017» индексида эса Ўзбекистон умуман йўқ.

Шундай «фаровон», президенти ўз фуқаролари «орзу-умидларини тўла рўёбга чиқараётган» мамлакатнинг бу индексга кирмай қолганининг ўзи ғалати.

Расмий ОАВ «ўзбек халқининг фаровонлиги, турмуш даражаси юксалиб бораётгани»ни оғиз кўпиртириб айтаётган, қолаверса, аҳолисининг «орзу-умидлари тўла рўёбга чиқарилаётган» мамлакат қолиб, бу рейтинг бошида қандайдир Норвегия, Янги Зеландия ва Финляндия каби мамлакатлар ўралашиб юргани ғалатидек туюлади.

Энг қизиғи, «Ижтимоий фикр» «фаровонликда яшаётган» бу халқнинг ўзидан ҳақиқатан ҳам шундай умргузаронлик қилаётгани ҳақида сўраб кўрганмикин?!

Элтуз

Тағин ўқинг
9 март 2021
«Элтуз»га қашқадарёлик фуқаро жўнатган видеода Ғузор тумани Қовчин қишлоғи тиббиёт пункти биносининг хароб аҳволи акс этган. Қишлоқ тиббиёт пункти ...
7 июн 2018
Учкўприк тумани ҳокимлиги мажлислар залида Халқаро меҳнат ташкилоти эксперти Светлана Егорова иштирокида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ...
1 ноябр 2020
Қишлоқ хўжалиги мутахассиси ва Навоий вилоятининг Конимех тумани собиқ ҳокими 70 яшар Исмоил Оспанов «Элтуз» орқали ўз туркум чиқишларини ...
30 апрел 2018
Швеция пойтахти Cтокҳолм шаҳрининг шимолида жойлашган Акалла мавзеида 30 апрель куни террор акти режалаганликда гумон қилинган уч тошкентлик ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...