World Politics Review: «Ўзбек баҳори» Ўзбекистон элитасининг бойиши учун янги имкониятлар яратади
World Politics Review онлайн журналида муаллиф кўплаб шарҳловчилар «ўзбек илиқлиги» дея атаётган сўнгги воқеалар таҳлили ҳақида мақола эълон қилди. Муаллифнинг таъкидлашича, иқтисодий муносабатлардаги баъзи либераллаштириш мамлакатда аҳоли турмуш тарзи юксалишига олиб келиши мумкин.
Аммо амалда хусусийлаштириш ва янги инвестициялардан асосий фойдани барибир бир гуруҳ амалдорлар ва бизнесменлар кўради. Улар давлатнинг собиқ мулки эгаларига ва янги инвестиция лойиҳаларининг янги шерикларига айланади.
Қуйида инглиз тилидаги мазкур мақоланинг таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон бош вазири Абдулла Орипов ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳар икки давлат ларига Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларида 30 кун муддат давомида визасиз юриш ҳуқуқини берувчи битимни имзолади. Шу тариқа бу келишув бир-бирига қарама-қарши бўлган тузумлар томонидан 2001 йилда амалга киритилган чекловларни олиб ташлади. Бу қадам дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг аста-секин очилаётганининг навбатдаги далолатидир.
Дунёга очилишнинг ташаббускори Ўзбекистонни 27 йил давомида – 2016 йил сентябрда вафот этгунига қадар бошқарган Ислом Каримовнинг ўрнига келган президент Шавкат Мирзиёев бўлди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясида чиқиш қилганида Мирзиёев ўзининг пировард мақсади мамлакатда демократия қуриш эканини таъкидлаганди. Аммо танланган сиёсий йўл ҳокимиятни ўзбек халқига беришга самимий интилишдан кўра иқтисодий муносабатларни элитанинг манфаатлари йўлида қайта қуришга боғлиқдек кўринмоқда.
Мирзиёев вазирликларни совет даври технократларидан тозалаб, уларни айримлари Ғарбда таҳсил олган ёшроқ бюрократлар билан алмаштирмоқда. Ўша пайтдан бери сиёсий ҳаётда бир қатор маргинал ислоҳотлар ўтказилди. Махфий хизматлар томонидан тузилган, тузумнинг душманлари киритилган қўрқинчли «қора рўйхат»даги номлар сони 17582 тадан 1352 тага туширилди. Камида 16 нафар сиёсий маҳкум, жумладан, 18 йил давомида турмада сақланган журналист Муҳаммад Бекжон озодликка чиқарилди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига қийноқлар қўллаган ҳолда иқрорлик кўрсатмалари олиш тақиқланди. Ўтган йил ёзида ҳукуматнинг пахта йиғим-терими даврида болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланмаслик тўғрисидаги қарори чиқарилди. Мустақил ОАВ ва фуқаролик жамияти ўртасида умид уйғотувчи муҳит ҳукмронлик қилмоқда. Чунки уларга илгари тақиқ остида бўлган мавзуларни кўтаришга рухсат этилди. Аммо улар ҳали ҳам ўз фаолиятида жиддий чекловларга учраб турибди.
Мирзиёев ўзига мерос қолган суст иқтисодиётга энг кўп эътибор қаратмоқда. Кўплаб табиий бойликлар ва қишлоқ хўжалиги ресурсларига эга бўлганига қарамай, кучли марказлашган иқтисодиёт Каримов даврида ёмон назорат қилинар, ҳамма соҳада коррупция чуқур илдиз отган эди. Ўтган йил кузда ҳукумат ишбилармонлик ривожини тўхтатиб турган ва кўп миллиардли қора бозорнинг вужудга келишига сабаб бўлган ҳалокатли валюта назоратини бекор қилди. Эндиликда инвестицияни жалб қилиш усули сифатида ҳукумат солиқ ислоҳотига ва кичик бизнесни тартибга солишни камайтиришга устувор аҳамият қаратмоқда.
Бироқ Мирзиёев ҳукумати халқаро муносабатларда энг сезиларли ўсишга эришишга муваффақ бўлди. Ўз ўтмишдошининг изоляцияга асосланган сиёсатига қарши ўлароқ, Мирзиёев Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари билан муносабатларини тиклади, Россия, Жанубий Корея, Туркия ва Хитойга сафар уюштирди. Шунингдек, у сўнгги 15 йил давомида Ўзбекистоннинг АҚШга ташриф буюрган илк етакчиси бўлди. Хорижий давлатлар билан мулоқотларнинг йўлга қўйилиши ўз самарасини берди. Нью-Йоркка ташрифи давомида президент хорижий ҳамкорлар, жумладан, «Боинг» ва «Женерал Электрик» компаниялари билан 2,6 миллиард долларлик шартномалар имзолади. Ўтган йилнинг майида Хитойга қилинган сафар энергетика, савдо, инфратузилма ва бошқа соҳаларда мисли кўрилган 23 миллиард долларлик келишувлар тузилишига олиб келди. Ҳукумат маълумотларига кўра, 2017 йилнинг биринчи тўққиз ойи давомида ташқи савдо ҳажми 17 фоиз ўсди.
Оддий ватандошлар Ўзбекистон иқтисодиётининг очилишидан сўзсиз ютаётган бир вақтда асосий ютуқ эгаси барибир президент Мирзиёевнинг ўзи бўлиб қолади.
Айримлар «илиқлик» ва «ўзбек баҳори» ҳақида гапираётган айни пайтда чекловлар ҳали мавжудлигини эсдан чиқармаслик муҳимдир. Каримов ҳукмронлиги даврида Ўзбекистон дунёнинг энг репрессив давлатларидан бири эди. Американинг сиёсий ва фуқаровий эркинликлар ҳолати бўйича тадқиқотлар ўтказадиган «Фридом ҳаус» нодавлат нотижорат ташкилоти фикрича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини энг кўп бузадиган бешта мамлакатдан бири ҳисобланарди. Аммо Ўзбекистон ҳали демократиядан анча узоқ ва Мирзиёев қўяётган қадамлар тизимли ислоҳотлар ўтказишга қаратилган саъй-ҳаракатлардан кўра кўпроқ сиёсий курсни ўзгартиришни кўзда тутади.
Мирзиёевнинг сиёсатидан ҳукуматдагиларнинг ҳаммаси ҳам рози эмас. Каримов яратган тизимни ҳимоя қилишга мойил мухолиф кучларнинг етакчиси давлат хавфсизлик хизматининг нуфузли раҳбари Рустам Иноятов ҳисобланади. Сиёсий маҳкумлар озод этилганига қарамай, сўнгги ойларда бир қатор журналист ва фаоллар қамоққа олинди ёки ушланганидан сўнг вафот этди. Баъзи хабарларга кўра, ушбу ҳибсга олишлар ортида гўёки Мирзиёевни ҳокимият тепасига олиб келган Иноятов турибди. Махфий хизмат раҳбарини ўйиндан чиқариш ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаётган Мирзиёевнинг асосий вазифаларидан бири саналади.
Мирзиёев давридаги «илиқлик»ни ўзбек халқи фаровонлиги йўлидаги альтруистик уриниш сифатида баҳолаш ҳам нотўғри бўлади. Оддий фуқаролар Ўзбекистон иқтисодиётининг ташқи дунёга очилишидан сўзсиз ютишига қарамай, ҳаммадан кўп Мирзиёевнинг ўзи ютади. Масжидларда баланд овозда азон айтилишига рухсат берилиши ёки мажбурий меҳнатнинг чекланиши каби оммабоп чора-тадбирлар ҳам президентнинг легитимлигини оширади. Янада муҳими шундаки, Ўзбекистондаги реструктуризация жараёнлари ниҳоятда зарур бўлган хорижий инвестицияларни жалб қилиш йўли билан иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган. Аммо бфққққу кўпроқ кимларга фойда келтиради?
Сўзсиз, янги иш ўринлари яратилади ва кичик бизнес катта эркинликни қўлга киритади. Бироқ Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам элита вакиллари давлат ва иқтисодиётни бошқаришдан олинадиган даромадни ўз иттифоқчилари ўртасида тақсимлашни кўзда тутадиган патримониал бошқарув тизими мавжуд. Кейинги йилларда фуқаролар турмуш даражаси ўсишини кузатиши мумкин, аммо амалда хусусийлаштириш ва янги инвестициялардан асосий фойдани барибир бир гуруҳ амалдорлар ва бизнесменлар кўради. Улар давлатнинг собиқ мулки эгаларига ва янги инвестиция лойиҳаларининг янги шерикларига айланади.
Минтақанинг бошқа давлатларидаги каби уларнинг давлат билан муносабатлардан оладиган фойдаси сўзсиз ўзларининг чўнтагини қаппайтиради ва бу пуллар яширин оффшорларга чиқариб кетилади. Ислоҳотлар ҳақида ҳар қанча оғиз кўпиртирилмасин, Ўзбекистоннинг дунёга очилиши кейинги йилларда Мирзиёев билан алоқаларни янада мустаҳкамлайдиган элита вакиллари учун бундан-да бойиш имкониятидир.
Эдвард Лемон,
2018 йил 18 январь, пайшанба
Эдвард Лемон Эндрю Мэллон жамғармасининг (The Andrew W. Mellon Foundation) постдокторантура стипендияси соҳиби ва Колумбия университетининг Ҳарриман институти (HarrimanInstitute) ўқитувчиси ҳисобланади. Унинг илмий иши Марказий Осиёнинг постсовет давлатларидаги сиёсат ва хавфсизликни ўрганишга қаратилган.
eltuz.com