Элак
31 март 2018

ДХХ раҳбари мухолифатнинг мамлакатга қайтишидан чўчимоқда

Олий Мажлис Сенати 29 март куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) тўғрисида»ги қонунни тасдиқлади.

Мазкур қонунга кўра, ДХХга “давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш бўйича фаолият олиб бориш¸” ваколати берилди. Шунингдек, илгариги МХХ ваколатлари ҳам ўзгаришсиз қолдирилди.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев сенаторлар олдидаги ўз чиқишида қонун юзасидан фикрларини билдирди.

“Ўзини мухолифат санаб юрган айрим кучларнинг фаоллашуви, фаолиятларини қонунийлаштиришга интилаётгани замирида мамлакатга кириб, ундаги барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳаракат мавжуд. Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар ҳудудида меҳнат қилаётган фуқаролари кўп ҳолларда турли экстремистик оқимлар таъсирига тушаётгани хавфли ҳолатлардан бири. Хорижий давлатлардан кириб келаётган инсвестицияларнинг барчасини ҳам фойдали, деб бўлмайди. Буларнинг ҳеч бири эътиборимиздан четда қолмаслиги керак», деди Ихтиёр Абдуллаев.

Сиёсий таъқиблар боис мамлакатни тарк этган собиқ дипломат Алишер Таксанов ўз фэйсбук саҳифасида изоҳ беришича, Ихтиёр Абдуллаев баёноти ҳорижда яшаётган мухолифатчиларга қаратилган.

«Мухолифатга давлат душмани дея қараш давом этаркан, у ҳолда бу ерда демократиянинг ҳидиям бўлмайди. Бу Ислом Каримов давридагидек полиция давлати бўлади. Бу тағин чақувлар, қийноқлар, фальсификация, фитна, рейдерлик, концлагер ва дор деганидир», дейди Таксанов.

Таксановга кўра, мухолифат давлат тизимининг ажралмас қисмидир. Токи ҳокимият ва ҳокимият институтлари мавжуд экан, мухолифат ҳам бўлади. Бироқ бугун Ўзбекистон ҳукумати тепасида ҳамон илгари раҳбар пайтида ишлаган одамлар ўтирибди ва улар ўзгаришларга қодир эмас.

Қисқа муддатли илиқликдан кейинги «қаҳратон»

Ихтиёр Абдуллаев ўз нутқида қўшни давлатлар билан чегараларнинг очилгани туфайли кириб келаётган одамлар кўпайгани, улар билан диний экстремистик руҳдаги адабиётларнинг кириб келаётганини таъкидлади.

«Эътиқод эркинлигини айримлар нотўғри тушуниб, турли оқимларга киришга ҳаракат қилаётганида намоён бўлмоқда”, деди у.

Мухолифат мавжуд ҳукуматнинг ажралмас қисми бўлиши кераклигини айтаркан, Алишер Таксанов мамлакатда мухолифатга чек қўйилиши унинг радикаллашувга асос бўлишини урғулади.

«Агар одамларда ўзбошимчалик, зўровонлик ва қатағонларга қарши туришнинг легал шакллари қолмаса, у ҳолда ҳукумат яширин ёки исёнкор мухолифатни олади. Устига устак, улар эндиликда дин ва сиёсий шовинизм байроқлари остида бўлишади».

Таксановнинг фикрича, давлат мамлакатда конструктив мухолифатни рағбатлантириши керак, бунинг учун эса ноҳукумат ташкилотларни легаллаштириш, матбуот ва интернетга эркинлик берилиши лозим.

«Қизиқ, нимага асосланиб ДХХ бундай хулосага келди, биз мамлакатда нобарқарорлик келтириб чиқаришни истаймизми? Ёки шунчаки, Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларни бошқаришимизга йўл қўймаслик, хайрихоҳларни бездириш учун бизни «бузғунчилар» ва «фитначилар» сифатида кўришни истшаяптими?…

Бу гўё қисқа муддатли ҳаво ўзгаришидан сўнг тағин «қаҳратон» зарба бераётганига ўхшайди», дейди Таксанов.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 август 2021
“Хива шаҳри – турк дунёси пойтахти” дастури доирасида Туркиянинг Невшеҳир вилояти ҳудудида жойлашган Ўртаҳисор ёки бошқа номи Кападокия шаҳарчасида ...
11 апрел 2017
Стокголм ҳужумчиси самарқандлик Рахмат Ақилов телефонидан чиққан сўнгги СМСлар одамни жунбушга солади. «Ёмон, бир нечтасинигина босдим холос. Машина бошқа ...
24 декабр 2020
Одатда ревизор тафтиш қилаëтган субъект ҳали қамоққа олинмаган ва кўп ҳолларда ўз жиноий фаолиятини ошиғич ғайрат билан давом қилдираëтган ...
13 январ 2021
Кun.uz профессионалларни ишга қабул қилар эмиш. Катта маош, икки маҳал овқат. Сиҳатгоҳнинг ўзи-я! Бундай ишхонани қаердан топасиз! Орзуга айб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...