Асосий мавзулар
16 апрел 2018

Жазосизлик ҳокимларни рағбатлантиряпти

Ислом Каримов даврининг ўзига хос рамзларидан бирига айланган сўконғич ва уронғич ҳокимлар бугун ҳам бу мақомини бой бергиси келмаётганга ўхшайди.

Гарчи уларнинг сўкиш ва уришлари ҳақида шов-шувлар кўтарилаётган бўлса-да, тегишлича қаттиқ жазо олмаётгани ҳокимларнинг янада ҳаддидан ошишини рағбатлантирувчи восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Сўкинишлари билан донг таратган амалдорлардан бири Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевдир.

Унинг халқ таълими ходимларини мактабда дарс ўтиш ўрнига турли жамоат ишларига жалб қилаётганидан норози ўқитувчиларнинг фиғонидан чанг чиқади.

Улар ҳоким ўқитувчиларни эшак қилиб миниб олгани, кўча тозалашга одам олиб чиқмаган директорларни ишдан бўшатаётганидан ёзғиради.

“Биз ҳам нима қилишни билмай қолдик. Бир оғиз гап айтиб бўлмайди. Ўзини хондек ҳис қиляпти. Мажлисларда «мана шунча ёздинг, нима қилдинг, ҳеч нарса қилолмайсан ҳам, ўласан айтганимни қиласан, бўлмаса уруғ-аймоғинг билан йўқотаман, деяпти”, дейди халқ таълими мулозимларидан бири “Озодлик” радиосига.

Эсингизда бўлса, оғзи шалоқлиги, ўқитувчи ва маҳалла раисларини ҳақорат қилгани учун ўтган йили у маъмурий жавобгарликка тортилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида (5 миллион 167 200 сўм) жарима жазосига ҳукм қилинганди.

Шундан кейин ҳам бу ҳокимнинг турли йиғилишлардаги бўралиб сўкинишлари ҳақида яна хабарлар пайдо бўлди.

Бу хабарлардан ҳоким аввал берилган маъмурий жазодан бутунлай тескари хулоса чиқаргани, яъни шармандаларча ишдан ҳайдалмаганидан рағбат олгани англашилади.

Тўғрида, 5 миллион сўмлик жарима ҳокимга нима бўлибди? Карнайчидан бир пуфда бу сумма унинг учун.

Шунинг учун “ёзганинг билан нимага эришдинг”, дея бемалол ўзини хон, кўланкаси майдон ҳис қилаверади.

Унинг учун дарс ўтилмаслиги, ўқувчилар билимсиз қолиб кетиши фожеа эмас. Унга ўқитувчиларни ободонлаштиришга қулдек ишлатиб, президент олдида очко олиш муҳим.

Тўғрисини айтганда, бу қилмишлари ортидан ҳокимлар мақтов олади, аммо президентнинг имижига зарар етиб бораверади.

Давлат раҳбари буни яхши англаб турган кўринади. Куни кеча у Сирдарёга ташрифи давомида айни шу масалага ҳам эътибор қаратди.

Президент бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлиши ҳақида барча раҳбарларни огоҳлантирди.

Бу огоҳлантиришни эшитиб, бир ишонгингиз келади, кейин эса Андижоннинг оғзи шалоқ ҳокими кабиларнинг жазодан рағбат олаётганини эсласангиз, умидсизликка тушасиз.

Ҳар ҳолда, президентнинг огоҳлантириши амалда ўз исботини топмаса, умидсизликдан қутулиш қийин кўринади.

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
7 апрел 2024
Салом қадрли мухлислар, Элтуз порталига келган cўнгги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз, улар Ўзбекистоннинг Тошкент, Хоразм, Қашқадарё ва Навоий вилоятларидан келган. Хатлар оқими давом этмоқда, муаммолар ечимини тўлиқ таъминлаш учун Элтуз каналига обуна бўлиш, лайк ...
9 октябр 2015
Журналистларнинг Ўзбекистондаги кўп жиддий ўзгаришларни тушунишлари қийин бўлиб қолди. Айниқса, “бирор фикрингни билдиришдан олдин раҳбарият олдига чиқиб руҳсат” олиш ...
15 март 2021
Рассом Кирпи
25 август 2021
Бу Силиври шаҳри. Террорчилар сақланадиган қамоқхона жойлашган бу шаҳар Туркиянинг Оврупа қисмида жойлашган ва унинг қирғоқларини Мармара денгизи сувлари ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...