Document UZ
21 май 2018

Андижонда институтлар биттага камайди

«Элтуз»нинг Андижон шаҳридан олган маълумотларига кўра, вилоятда институтлар сони биттага камайди. 4 та олий таълим даргоҳидан бири – Андижон қишлоқ хўжалиги институти энди Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали сифатида фаолият юритади.

Янги ўқув йилига қабул университет филиалининг қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси мутахассисликлари учун амалга оширилади. Андижон қишлоқ хўжалиги институтида ишловчи ходимнинг «Элтуз»га маълум қилишича, раҳбарият ўтказган йиғилишда штатлар кескин қисқариши ва ходимлар бунга тайёр туришлари кераклиги айтилган.

«Ҳозир ҳамма шокда. Чунки ходимларнинг аксарияти кўп йиллар ишлаган, умри шу ерда ўтган, институтга кўп меҳнати сингган, масалан, мен 30 йилдан бери ишлайман, пенсияга шу ердан чиқмоқчи эдим.Қисқартиришга тушиб қолсам нима бўларкин, деган ваҳимада юрибман», дейди институт ходими.

Андижон қишлоқ хўжалиги институти Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти филиали сифатида 1960 йилдан фаолият кўрсата бошлаган. 1964 йилда эса филиал ўрнида Андижон пахтачилик институти ташкил этилган. 70-80-йиллар институтнинг нуфузи жуда юқори бўлган, чунки у соҳа бўйича собиқ иттифоқда ягона олий ўқув юрти ҳисобланарди. 1992 йилда президент И.Каримовнинг фармонига асосан, Андижон пахтачилик институти Андижон қишлоқ хўжалиги институти деб ўзгартирилди. Олий таълим даргоҳида 6 та факультет бўлиб, 14 йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланади. Институтда 500 дан зиёд ишчи-ходим бор, шундан 200 га яқини ўқитувчи, қолгани техник ходимлардир.

Ўз исми-шарифини ошкор этишни истамаган ўқитувчилардан бири институтда кучли билим ва тажрибага эга мутахассислар борлиги, бироқ аёвсиз қисқартириш кутилаётганини «Элтуз»га билдиради.

«Аммо ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнаркан, ҳозир ҳатто малакали ўқитувчилар орасида ҳам қисқартириш кетяпти. Қабул режаси ҳам ўзгарди. Филиалга атиги 500 талаба қабул қилинаркан. Институтга эса мингдан зиёд талаба олинарди. Демак, тенг ярмига қисқаряпти. Дарс соатлари ҳам шунга яраша бўлса керак. Чунки 6 та факультетдан 3 тасидагина қабул амалга ошириларкан. Шу кунларда янги раҳбаримиз (университет ректори!)нинг келишини кутяпмиз.

«Элтуз» мухбири билан суҳбатлашган яна бир ходимнинг таъкидлашича, институтнинг тугатилишига мазкур даргоҳни тамомлаган мутахассисларнинг самарасиз фаолияти, олган билим ва тажрибаларни оқламагани, умуман, янгилик яратувчи олимларни етиштириб чиқариш зарурати сабаб бўлган.

Андижон шаҳрида яшовчи О.Ё Андижон қишлоқ хўжалиги институтининг аълочи, иқтидорли талабаларидан бири бўлган. Аммо у ўқиган соҳаси бўйича ишлаб кетолмади. О. ҳозирда бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланади.

«Диплом сандиқда, чанг босиб ётибди, чунки соҳам бўйича иш йўқ. Арзимаган маошли иш эркак кишига тўғри келмайди. Шундай бўлгач, ким жон куйдириб ишлаб, янгилик яратади? Шунча йилдан бери бирор олим арзирли ихтиро қилгани йўқ. Зараркунандаларга қарши дориларни ҳамон четдан олиб келамиз. Кўпчилик институтни битиргач, менга ўхшаб ўз соҳаси бўйича ишламайди. Айримлар фақат олий маълумот, диплом учун қишлоқ хўжалиги институтини танлашади.

Маълум қилишларича, айни кунларда институт маъмурияти муҳр ва тамғаларни алмаштириш ишлари билан шуғулланмоқда. Тез орада институт пештоқидаги ёзув ҳам Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали деб ўзгартирилади.

Маълумот учун: Ўзбекистонда Тошкент давлат аграр университетининг янги ташкил этиладиган Андижон филиалидан ташқари Термиз ва Нукус филиаллари фаолият юритмоқда.

Шоҳида Саидова
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 январ 2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон Россияга порох ва портловчи моддалар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган пахта ва ундан олинадиган махсулотларни сотиш ҳажмини оширди. ...
11 май 2016
Ўзбекистондаги айни тенденцияни бугун Eltuz.com нашри рассом Туз қаламига мансуб навбатдаги кариакатура орқали акс эттиради. Газетада исми ошкор этилмаган ...
14 март 2019
Жуда ғалати ишлар бўляптики, на жим туриб бўлади ва на гапириб. Аммо “қилинган ишдан пушаймон қилинмаган ишдан пушаймондан яхшироқ”, ...
16 октябр 2023
Россия қўшни давлатлар, жумладан Ўзбекистон орқали санкцияларни четлаб ўтаётгани, Украинага қарши ишлатилётган қурол аслаҳаларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган деталлар топилгани ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...