13 июнь – Сталин юнонларни Марказий Осиёга сургун қилди
Юнонларнинг Марказий Осиёга сургун қилинишининг сўнгги босқичи Сталин томонидан 1949 йил 13 июнга ўтар кечаси амалга оширилди. Бир кечада махсус эшелонларда Қора денгиз бўйидаги 40 минг атрофидаги туб аҳоли Ўзбекистон ва Қозоғистонга депортация қилинди. Суратда: Кубан юнонлари 1948 йил депортация олдидан. Манба: www.pontos-news.gr
Сталинча миллий масала
Компартиянинг миллий масала бўйича мутахассиси саналган Сталин 1921 йилдаёқ айрим халқларни, жумладан, юнонларни «дўнувчан (оқувчан) миллий тоифа»га киритган эди. Сталин «дўнувчанлик» аломатига аниқ синфий тизилманинг ва ҳудуднинг йўқлигида, дея тариф берган.
Иосиф Виссарионовичнинг яна бир «кашфиёти» – у миллатларни социалистик ва буржуа тоифага ажратган. Шу тариқа Юнонистон юнонлари «буржуйлар», СССР юнонлари эса «пролетарлар» бўлиб чиқишган. Бу миллий концепцияни у РКП(б)нинг XII съездида очиқлаган эди.
«Ярамас» юнонлар
Нима учун айнан юнонлар оммавий йўқ қилиниши керак халқларнинг бири бўлганини тушуниш қийин эмас. Юнонларнинг миллий ўзлигини англатувчи юнон тили, маданияти ва дини шубҳа остига олинганди. СССР деб аталмиш мамлакат халқларининг турмуш тарзи эса диний мансубликдан ва охир-оқибат она тилидан ҳам воз кечишни тақозо қилар эди.
Юнон маданияти Сталин режими таъбига тўғри келмади. Юнонлар икки йўл орасида қолишди. Тезроқ ассимиляция бўлишгина уларни жисмоний йўқ қилинишдан қутқариши мумкин эди. Бироқ юнонлар янги ҳокимиятга қаршилик кўрсатмасдан, ўз мансубликлари ва анъаналарини сақлашда давом этишди.
«Халқ душманлари» ва «душман халқлар»
Қисман ва алоҳида танланган халқларга қарши қаратилган 30-йиллар қатағонида аксарият миллий озчилик инфратузилмаси ва, асосан, интеллигенция жабр кўрди. Бундан фарқли ўлароқ, 40-йиллар қатағонида эса бутун бошли халқлар душман дея топилди. Илк бор юнонлар 1942 йили Кубан ва Керчга оммавий кўчирилди. 1944 йили фашист қўшинлари чекинганидан сўнг эса қрим юнонларининг қолган қисми Ўзбекистонга бадарға қилинди.
Ғалабадан тўрт йил ўтиб, Кавказнинг Қора денгиз соҳили юнонларини сургун қилиш бошланди. 1949 йилнинг 29 майига келиб партиянинг юнонларни депортация қилиш ҳақидаги ҳужжати 2214-856сс рақамли қарорга айланди. Бу қарор юнон аҳолисининг уч тоифасини – собиқ юнон ватандошлари, ватандошлиги йўқлар ва совет ватандошларини ўз ичига олган. Жазо чорасига сабаб эса юнонларнинг юнон бўлиб қолиш, шу ватанда мангу яшаш истаги бўлган.
Жиноят хроникаси
Ҳатто янги туғилган гўдаклар ҳам халқ душмани дея эълон қилинди. Бу чақалоқлар одам ташишга мўлжалланмаган вагонларда ҳалок бўлишди. Янги кўчирилган жойларда яшаш учун минимал шароит депортация қилинганларнинг ўзлари томонидан яратилди.
1942 йилдан 1949 йилгача 60.000 юнон депортация қилинди. Парчаланиб, топталган юнон халқи энди яшаш ва тирик қолишга куч топиши керак эди. Юнон миллати вакиллари Қозоғистон, Ўзбекистон, Урал ва Кемерова вилоятлари бўйлаб сочилди ва уларга ўз яшаш жойларидан беш километр нарига чиқиш тақиқланди. Барча депортация қилинганлар ҳар ойда НКВД-МГБ комменданти томонидан қайд қилиниб туришлари шарт эди. СССР Олий Кенгашининг 1948 йил 26 ноябрдаги фармонига кўра, яшаш жойини тарк этган шахслар 20 йилга қамалиб, каторга ишларига жалб қилинишган. Бу қарор 1953 йили Сталин ўлимига довур давом этган.
Сталин жиноятларининг қораланиши
КПССнинг ХХ съездида Сталин ёвузликлари қораланди. Сургундагиларга қўлланилган чекловлар ҳам аста-секин олиб ташланди. Бугунги кундаги парадокс партия маҳкамасининг ўзи исботлаган Сталин режими жиноятлари замонавий коммунистлар томонидан ҳамон инкор этилишида кўринади. Ҳолбуки, уларнинг ҳақиқий лидерлари 1937-38 йилларда сохта доҳийлари томонидан йўқ қилинган эди.
Юнонистоннинг ўзида ҳам бугунги кунда сталинчилар жазаваси авж олганини кузатиш мумкин. СССР тарихидаги бу даврни қўмсаганлар ҳануз миллий ва инсоний ғурури таҳқирланган инсонлар хотирасини топтаб келишади.
Василий Ченкелидис,
тарихчи, «Элтуз» таржимаси