Cатира
18 июл 2018

Буғдойини давлат тортиб олган фермер сомонга умид қилмоқда

“Биз фермерликнинг энг яхши даврларини ўтказиб қўйган эканмиз. Бу йилги аҳволимиз шундай далолат бермоқда”.

Бу қашқадарёлик бир фермернинг эътирофи. У узоқ йиллардан буён фермерлик қилишини, лекин бу йилгидек босимга анча вақтдан бери дучор бўлмаганини айтди.

“Ҳали ғалла бўйича режани бажармаган йилим бўлмади. Шунга яраша қолган буғдойни уйимга тўкардим, ишчиларимга тарқатардим. Бу йилги буғдой эса бошга битган бало бўлди”, дейди фермер.

Унинг сўзларига кўра, буғдой режаси бўйича шартнома икки марта қайтадан тузилган. Биринчи шартнома бекор қилиниб, ўрнига фермерга янада кўпроқ ғалла топшириши белгиланган бошқа шартнома имзолатилган. Бундан ташқари, бу шартномага қўйимча равишда яна ўн фоиз ортиқча ҳосил топшириш бўйича мажбурият ҳам юкланган.

“Аммо ҳокимлик мажбуриятни бажарган фермерларга ҳам ортиқча ғаллани ўзига олишга рухсат бермади. Ёки режасини бажармаган фермерга сотишимиз, ёки ҳаммасини давлатга топширишимизга мажбур этди”, деб нолиди фермер.

Қашқадарёлик фермернинг айтишича, ўтган йили 45-50 тонна ортиқча буғдойни ўз уйига тўктирган. Шундан ишчиларига берганидан ортганини сотиб, пахта етиштириш учун сарфлаган.

Фермернинг бешта доимий ишчиси бор. Уларга 3 тоннадан ғалла бериши керак. Қолаверса, мавсумий ишчиларга ҳам сомон ва маълум миқдорда ғалла билан ҳисоб-китоб қилиши лозим.

Лекин барча ғалласини давлатга топширгани сабабли ишчиларининг олдида уятли бўлиб турибди. Энди қандай қилиб бўлмасин, улар билан ҳисоб-китоб қилиш йўлини топиши шарт.

“Бу йил пилласи ҳам бошқа битган бало бўлди. Пилланинг кўп қисми ўлиб қолди. Тепадагилар ўрнига пул тўлашимни талаб қилишди. Қайсидир ҳисоб рақамига 6 миллион сўм тўлаб келдим. Катталар бу пуллар хайрия учун ишлатилишини айтди”, дейди фермер.

Аммо у ўзи каби фермерлар топширган пул хайрияга ишлатилишига ишонмайди. Бу пул “туя” қилиниши ҳақиқатга яқин, дейди фермер.

Унинг билдиришича, ҳозир фермерларга кредит бериш олдингилардан кўра анча енгиллашган. Шунга қарамай, ҳамма ҳам кредит олиш иштиёқида ёнаётгани йўқ. Чунки худди олдинги даврлардагидек, фермер ўз ҳисоб рақамига ўзи тўла эгалик қила олмайди.

“Олдин ҳам ғалла ўраётган пайтда милиция, ҳокимиятдагилару яна аллакимлар даланинг бошида туриб оларди. Лекин режани бажаргандан сўнг битта-иккитаси қоларди, қолгани бошқа фермерга кетарди.

Қолганларига 200-300 кило ғалла бериб, ҳосилни тез ўрдириб, уйга ташиб олардик”, дейди фермер.

“Ҳозир эса уларнинг ҳам нафси ўпқон бўлиб кетди. Бир нарса бериб, ортиқча ҳосилни ўзимизга олиб қолайлик десак, сўрагани осмон қадар.

Бунинг устига, ҳаммаси буғдойни тўлиқ ўриб бўлгунча тепамизда тургани учун ўзимиз ғалласиз қолимизга кўниб ўтирибмиз”, деб қўшимча қилади у.

Фермернинг таъкидлашича, бу йил сомон анча қиммат. Шунинг учун у ўз ишчилари билан ҳисоб-китоб қилиш учун сомоннинг пулига кўз тикиб турибди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 октябр 2023
Ўзбек тилига давлат мақоми берилиши талаб қилинган бу кадрларни менинг азиз дўстим марҳум Абдулазиз ака Маҳмудов суратга олганида мен ...
21 март 2022
Хонанда ва мухолифат фаоли Жаҳонгир Отажоновнинг Озодлик радиосига 18 март куни берган интервьюси Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизматида катта хавотир ...
29 апрел 2023
Рассом Туз: Тарих улуғ мураббий. Устозлар ëди муқаддас.  Матчон Суқулиш: Туз оға бугунги гунам эртанг учун тарих. Сиз бугуннан ...
5 сентябр 2023
Калининградда отбоқар бўлиб ишлайдиган Самандар исмли ўзбек вояга етмаган ўрис қизни олиб қочиб уйига обориб бойлаб қўйди. Қиз қутқарилди. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...