Асосий мавзулар
8 октябр 2018

Сўз эркинлиги ҳимоячисими ёки коррупциялашган амалдор?

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби ва унинг маъмурияти раҳбари ўринбосари Комил Алламжоновнинг кутилмаганда лавозимидан озод қилиниши ортидан бу шахс тўғрисида бир-бирига қарама-қарши маълумотлар пайдо бўлмоқда.

Хусусан, uzmetronom.com сайтидаги мақолада К.Алламжонов ўз мансабидан бойиш мақсадида фойдаланиб келган олғир, шуҳратпараст, манман сифатида гавдаланса, Би-Би-Си мақоласида сўз эркинлигининг ҳимоячиси ўлароқ кўрсатилади.

Таъкидлаш керакки, ҳар икки мақола ташқи манбаларнинг маълумотлари асосида тайёрлангани айтилади.

Uzmetronom.com манбасининг билдиришича, президентнинг собиқ матбуот котибининг каръерасини унинг манманлиги барбод қилган.

Мақолада у ўз тижорий манфаатлари йўлида ҳар доим маъмурий ричаглардан фойдаланиб келгани таъкидланади.

Мақолада Алламжонов Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби лавозимида ишлаганида қўмита тизимлари учун дастурий таъминотларнинг асосий етказиб берувчиси унинг бизнес тузилмалари бўлгани, у жамиятда катта норозилик келтириб чиқарган “Автотест” МЧЖнинг, барча тадбиркорлик учун обуна мажбурий бўлган “Солиқ-инфо” газетасининг, бошқа кўплаб активларнинг эгаси экани айтилади.

Би-Би-Сида эълон қилинган мақолада эса К.Алламжоновнинг истеъфосига президент администрациясининг янги раҳбарияти сабаб бўлгани иддао қилинади.

Унда Алламжоновнинг жамоаси кундалик равишда мамлакатда юз бераётган, хусусан, ижтимоий тармоқлардаги муҳим хабарлар мажмуини тузиб, президентга киритиб тургани, янгича хабар тарқатиш усулини татбиқ этгани, хуллас, сўз эркинлиги ҳимоячиси бўлгани айтилади.

Унинг бу ҳаракатлари айрим доираларга, хусусан, президент маъмуриятининг янги раҳбарияти ва ДХХга маъқул бўлмагани айтилади.

Бир-бирига қарама-қаршилик руҳи анқиб турган бу мақолалардан Комил Алламажоновнинг истеъфоси “сарой ўйинлари” оқибатидир, деган иддао келиб чиқади.

Агар масалага холисроқ ёндашилса, аслида бу истеъфо ҳокимият тизимларини ўз мансабидан шахсий манфаатлари йўлида очиқча фойдаланиб келиб, мамлакат имижига путур етказаётган шахслардан тозалаш ҳаракатларининг мантиқий давоми, дейилса ишонарлироқ кўринади.

Чунки К.Алламжонов аввал бошданоқ Ботир Парпиев кланининг арбобларидан ва Ўзбекистон халқи бойлигини ўзлаштиришнинг фаол иштирокчиларидан бири эди.

Юқорида унинг активлари санаб ўтилди. Мисол тариқасида айтиш керакки, бир вақтлар БЭМ (Бухгалтерга электрон мадад) лойиҳаси ортидан К.Алламжонов миллиардлаб маблағга эга бўлган.

Бухгалтерия ҳисобини юритишга мўлжалланган бу дастурий таъминот бир тийинга қиммат бўлиб чиқди. Лекин ўз вақтида ҳар бир тадбиркорлик субъекти уни сотиб олишга мажбур эди. Бугунги кунда ҳеч ким уни амалиётда қўлламайди.

Собиқ матбуот котибига тегишли экани айтиладиган “Автотест” билан боғлиқ можаролар эса ҳали ҳам тингани йўқ.

Шу ўринда Комил Алламжоновнинг президент орбитасида пайдо бўлишига ҳам айнан Ботир Парпиев кланининг қўли борлигини инкор қилиб бўлмайди.

Энди унинг “сўз эркинлиги ҳимоячиси” эканига келсак, аввало, матбуотнинг эркинлашуви президент сиёсий иродасининг маҳсулидир.

К.Алламжонов эса бу сиёсий иродани чекланган тарзда амалга ошириш замон зайли туфайли чекига тушган шахс, дейилса тўғрироқ бўлади.

Ўзбек матбуотида қисман тезкорлик пайдо бўлгани, амалдорларнинг матбуот хабарларига муносабат билдиришга интилаётгани асло унинг хизмати эмас, балки президент талабларига ҳамоҳанг иш юритилаётганини кўрсатишга уринишдир.

Агар К.Алламжонов сўз эркинлиги ҳимоясида кўпчилик билайдиган қандайдир ҳаракатлар қилган бўлса, буни фақат олқишлаш мумкин.

Лекин барибир у, биринчи навбатда, ўз манфаатини ўйлаган коррупциялашган амалдор, ўз манфаати йўлида ҳукуматга ҳам таъсир ўтказа олган қудратли олғир клан аъзоси сифатида эсда қолади.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 феврал 2021
Ўша қадим, қадим замонларда давлати бой, одамлари эркин, бақувват, оилалари бахтиёр, адолат устун бўлган мамлакатга тўсатдан ёв бостириб келибди. ...
8 октябр 2024
Ипак толаси ўта нозик бўлса ҳам ниҳоятда пишиқ бўлади. Унча-мунчага узилавермайди. Аммо ипак ҳали толаси олинмай пилла ҳолатида ичидан ...
13 феврал 2024
17 та фермер хўжаликлари бирлашиб ташкил этган “Eko Zamin Oltin Tolasi” ишлаб чиқариш кооперативи (ИЧК) иши.   Фермерлар 2023 ...
6 апрел 2018
1899 йилнинг 6 апрелида Москва йўлларида электр билан юрадиган трамвай пайдо бўлди. Бу трамвай от тортиб юрадиган кўнка аравалар ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...