Асосий мавзулар
27 ноябр 2018

Сустлашаётган сиёсий ирода

Ўзбекистоннинг бош расмий ҳуқуқ ҳимоячиси Акмал Саидов ҳозир анча ўзгарган. Мамлакат Инсон ҳуқуқлари миллий марказий раҳбари соҳада кўтарилган оғриқли масалаларга ҳам босиқлик ва мулоҳаза билан жавоб беришга ҳаракат қиляпти.

Ҳатто унинг инсон ҳуқуқлари борасидаги саъй-ҳаракатларини очиқда эътироф этганлар ҳам топиляпти.

Хусусан, яқинда Самарқандда бўлиб ўтган Осиё инсон ҳуқуқлари форуми ишига баҳо берган Ўзбекистон шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси, шу билан бирга, Германиядаги Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти котибияти бош котиби Марат Зоҳидов Акмал Саидов шаънига мақтов ёғдирди ҳам.

“Таъкидлаш керакки, бўлиб ўтаётган форум Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов ва жамоасининг ютуғидир. Мен унинг фаолиятига салбий баҳо бериб жудаям адашган эканман”, деди соҳа вакиллари орасида ҳукуматга муросасозлиги билан танилган М.Зоҳидов.

“Иш услуби ва шакли, шунингдек, ўтган икки йил давомида Ўзбекистоннинг кўриниб турган ютуқлари мамлакатнинг муносиб келажагига ишонч уйғотади”, деб ёзди у.

Ҳа, Ўзбекистонда сўнгги икки йил давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида қатор ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди.

Кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқдан чиқарилди, ўз эътиқоди учун таъқибга учраганларга нисбатан босимлар камайди.

Акмал Саидовнинг Европада бўлиб ўтган халқаро анжуманда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати бўйича танқидларга жавобан стол муштлагани воқеасини ҳам кимлардир унутди.

Бугун эса ўша пайтда мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши фактларини тан олмаган бу шахс бўлаётган ўзгаришлар ҳақида оғиз кўпиртириб, яна саҳнада бош ролни ўйнамоқда.

Юз берган ижобий ўзгаришлар ҳукуматнинг сиёсий иродаси бўлса, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилаш имкони борлигини кўрсатмоқда.

Шунга қарамай, сўнгги вақтларда ҳуқуқ ҳимоячиларини назоратда ушлаш ҳаракатлари яна кучаяётгани ҳақидаги хабарлар бу сиёсий ирода ҳали анча суст эканидан дарак беради.

Жумладан, ўша мақталган Осиё инсон ҳуқуқлари форумида ҳукумат позициясини тутмаётган, ҳақсизликка қарши муросасиз турган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари таклиф этилмади.

Аксинча, баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари ҳуқуқ-тартиботорганлари томонидан ушланди, бошқаларини ўз уйидан чиқармаслик чоралари кўрилди.

Умуман, инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳвол яна изига қайтаётгани ҳақидаги бу каби хабарлар анча хавотирларга сабаб бўлиши керак.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, ҳуқуқ ҳимоячилари устидан назоратни кучайтириш фикри ҳам яна ўша юқоридан келиб чиққан.

Лекин бу фикр хато эканини ўтган яқин тарихимиз тўла кўрсатиб берди. Энди хатолардан хулоса чиқариб, тўғри йўлни танлаш фурсати етди.

Зеро, инсон ҳуқуқлари ишончли таъминланмаган давлатда тараққиёт ҳам, фаровонлик ҳам бўлмаслигини тушуниб етишимиз учун етарли хатолар қилиб улгурганмиз.

Сардор Азим
eltuz.com

Тағин ўқинг
15 май 2018
Мирзиёевнинг АҚШга сафари арафасида қамоқдан озод этилган ўзбек фаоли Фаҳриддин Тиллаев, халқаро ташкилот вакиллари билан учрашувда эркинликлар ва мухолифатга ...
4 август 2018
Навоий театрининг японлаштирилиши, аслида хиёбонларнинг чопиб йўқ қилиниши, деворий санъат асарларини ўчириб, устига фотообой қоплаш, тарихий ёдгорликлар ўрни, шакли ...
1 октябр 2020
24 сентябрь куни андижонлик боксчи Ҳасан Эргашев “Дамас” бошқарувидаги ИИБ ходими Саиджон Ғофуржоновни дўппослади.  Капитан “Дамас” русумли хизмат автомашинасини ...
3 апрел 2016
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг ўзбек тилини билмаслиги ҳақида ижтимоий тармоқда қолдирган изохи шов шувга сабаб бўлди. 38 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...