Журналистлар уйини тортиб олиш қарорини чиқарган судьянинг ўзи уни ўз кучида қолдирди
Урганч туманлараро фуқаролик судининг 27 ноябрь куни судья Ўткир Машарипов раислигидаги мажлисида журналист ака-ука Бобожоновларнинг уйини мусодара қилиш борасидаги қуйи суд инстанция қарори ўз кучида қолдирилди.
Гап шундаки, ака-ука Бобожоновларнинг уйларини мусодара қилиш ҳақида 2018 йил февраль ойида чиқарилган суд қарорини ҳам шу судьянинг ўзи қабул қилган эди.
Яъни судья ўзи қабул қилган қарорни яна ўзи кучда қолдирди.
Бобожоновлар адвокатининг «Элтуз» нашрига билдиришича, «Ўткир Машариповнинг ҳар иккала қарори ҳам маҳаллий ҳокимлик таъсирида ва мавжуд қонунларга зид тарзда қабул қилинган».
Бобожоновлар Урганч тумани судининг 27 ноябрь куни чиқарилган қарори устидан шикоят аризаси ëзишларини билдиришди.
22 ноябрь куни «Озод Европа – Озодлик радиоси» (RFERL) нинг Вашингтондаги қароргоҳи маъмурияти бу амалнинг журналистлардан ўч олиниши эканини ҳақида баëнот чиқарган, унинг нусхаси Ўзбекистон Бош прокуратурасига жўнатилган эди.
Айни баëнотда «Озодлик» мухбирининг журналистик фаолият билан шуғулланадиган икки укаси – Ғайрат ва Қудрат Бобожоновларга тегишли уйларнинг ҳам мусодара қилингани қораланган эди.
Eltuz.com