Урганчлик судья Зокиржон Ибрагимов пора билан ҳибсга олинди
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди судьяси Зокиржон Ибрагимов 14 декабрь куни 12 минг АҚШ долларини пора сифатида олаëтганида ушланди.
Урганчлик судья порани турар жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш масаласини ҳал қилиш эвазига М.Э.дан талаб қилгани ҳақида ёзади, жумладан, прокуратуранинг расмий сайти.
Ушбу хабарга кўра, 11 декабрь куни М.Э. Урганч тумани судьяси Зокиржон Ибрагимовга қонуний чора кўрилишини сўраб, Хоразм вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларга ариза билан мурожаат этган.
Ҳозирда урганчлик порахўр судъяга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги ыонуни ва Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра жиноят иши қўзғатилган.
Урганч тумани мулозимларининг уй-жойга эгалик қилишга алоқадор пора билан қўлга туширилгани ҳақида «Элтуз» илгари ҳам ўз ўқувчиларига маълум қилган эди.
Хусусан, Урганч тумани ҳокими Отабек Бекчонов 15 октябрь куни ишдан олинган, туман прокурори Д.Мадиримовга ҳайфсан берилган.
Шу йилнинг август ойида Урганч тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари 29 яшар Бекзод Абдримов ерга эгалик ҳуқуқини олиб бериш учун пора олганликда айбланиб қамалган эди.
Бундан сал аввал – 5 декабрь куни «Элтуз» нашри журналист Бобожоновларнинг уйларини мусодара қилиш қарорини Урганч тумани суди ўз кучида қолдириши ортидан ишни назорат тартибида қайта кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Олий судига мурожаат қилгани ҳақида ёзган эди.
Урганч туманлараро фуқаролик судининг 27 ноябрь кунги мажлисида судья Ўткир Машарипов ака-ука журналист Бобожоновларнинг уйларини мусодара қилиш борасидаги ўзи чиқарган қарорни ўзи ўз кучида қолдирган эди.
Eltzu.com