Асосий мавзулар
17 январ 2019

Самарқанд интернатидаги “шантажчи бола”нинг иқрори

Журналист Каримберди Тўрамурод ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Самарқанддаги 64-махсус мактаб-интернат директори Шуҳрат Садинов аслида шантаж ва туҳмат қурбони бўлгани, унинг устидан саккиз йилга қамаш қарори қабул қилингани адолатсизлик маҳсули экани ҳақида ёзди.

Журналист воқеаларнинг бундай тус олишига “Дарё.ўз” сайтида воқеанинг бутунлай “оёғи осмондан” қилиб баён этилиши сабаб бўлганига ишора қилади.

Дарё”да эълон қилинган мақолада мазкур мактаб-интернетда тарбияланувчиларга нисбатан зўравонликлар қилингани, ўқувчилар аёвсиз калтакланиб келингани кабилар ҳақида сўз борган эди.

К.Тўрамуроднинг ёзишича, аслида воқеа бутунлай бошқача бўлган. Яъни “Antique World” халқаро илмий академияси профессори, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишони соҳиби, Халқ таълими вазирлиги, халқ таълими бошқармасининг қатор фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган мураббий, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Шуҳрат Садинов ўзи ишга юборилган 64-мактаб-интернатда тартиб-интизом ўрнатган, таълим-тарбиянинг сифатини талаб қилган, дарс қолдирадиган, кечикиб келадиган, ўзини муносиб тутмайдиган тарбиячи ва муаллимларнинг айримларини ишдан ҳайдаган бўлса, айримларига интизомий чора кўрган.

“Шундан сўнг ана шундай чора кўрилганлардан бири, интернатнинг ички тартиб-қоидаларини бир неча марта бузган, номуносиб ҳаракатлари учун педагогик кенгаш томонидан муҳокама қилинган, интизомий жазога тортилган ТАРБИЯЧИ ОПА директор Ш.Садиновга қарши “тиш қайраб”, ўзи сингари айрим “аламзада” тарбиячилар билан тил бириктирган. Тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналари билан келишиб олиб, Ш.Садиновни “ағдариш” режасини тузган. Ўзининг қинғир ишлари учун болаларни ёллаган. Жиноий гуруҳ – “шайка” тузган. Бу ишларнинг ҳаммаси унинг куч ишлатар тизимда ишлайдиган эрининг кўрсатмалари асосида олиб борилган.

“Шайка”даги болаларга “жучок”лар, яъни яширин кузатув камераларини тарқатган ва уларни ўзи тайинлаган жойлар, директорнинг кабинети, ошхона, ётоқхона, дам олиш хонаси ва бошқа ерларга ўрнатиб қўйишларини буюрган. Болаларни қўлга тушиб қолса, қаматиб юбориш билан қўрқитган”.

“Тарбияланувчилардан бирини обдон “тайёрлаган” тарбиячи опа унга болалар меҳнат машғулотларида ишлаётган вақти суратга туширишни, текширувчилар келганда эса “ҳушидан кетиб”, ўзини касалга солишини тайинлайди. Ўқитувчилар уни уриб, “мазасини қочиргани”ни актёрлардек ижро қилиб беришни ўргатади”, деб ёзади журналист.

Маълум бўлишича, докторлар боланинг ҳушдан кетишлари сохта эканини сезиб қолганидан сўнг тарбияси опа болани телефонда “бир серсоқол, қоп-қора, баджаҳл” орқали яна қўрқитади ва бола шантажни давом эттиради.

“Тарбиячи опа ўзи ўрнаттирган “жучок”лар ёрдамида керакли далилларни йиғиб бўлгач, бу митти видеокамераларни йиғиштириб олишни буюрган ва шундан кейин режаси бўйича ҳужумга ўтган. Ш.Садиновга нисбатан ғаразли мақсадда туҳмат ва сохта далиллар билан республика ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят хати уюштирган”, дейди К.Тўрамурод. 

Натижада бу шов-шув ортидан прокуратура Ш.Садиновни қамоққа олиб, ОАВга ҳали тасдиқланмаган даъволар асосида хабар бериб юборади.

Тергов жараёнида жабрланувчи деб саналган болалар уларни Ш.Садинов ҳеч қачон урмагани, адвокатлар эса қўйилаётган айблар туҳмат эканини ҳар қанча исботламасин, бу ҳолатлар судда инобатга олинмаган. Бунинг ўрнига жиноят ишини янада оғир моддалар билан тўлдиришга уринишлар бўлган.

“Садинов озодликка чиқса, уйимизни куйдиради, деган прокуратура ва суд идоралари ходимлари унинг узоқ муддат қамоқда бўлиши учун … йўқ имкониятларни ҳам ишга солдилар… Садиновга ўндан ортиқ молиявий жиноят ҳам “елимланди”. Бунда ҳатто Молия вазирлигининг Садиновнинг фаолиятида камчилик йўқлиги ҳақидаги хати ҳам эътиборга олинмади”, дейилади журналистнинг мақоласида.

Каримберди Тўрамурод мақоласига тарбиячи опанинг қистови билан ўзини ҳушидан кетганга солган, яъни собиқ директорни “шантаж” қилган боланинг иқрорлари келтирилган аудиоёзувни ҳам илова қилган.

Бу аудиоёзувда “шантажчи бола” деб айтилаётган тарбияланувчи журналист мақоласида келтирилган кўплаб фактларни тасдиқлайди. Бола унга мактабдагилар ҳеч қандай ёмонлик қилмаганини тан олган.

Агар бу аудиёзувнинг ҳақиқийлиги, боланинг айтганлари ўз тасдиғини топса, қолаверса, апелляция суди мазкур иддаоларни инобатга олса, Шуҳрат Садинов иши бутунлай тескари йўналишда давом этиши керак.

Воқеа шундай ривожланса, ишнинг шу даражага етишига сабабчи бўлган прокуратура ва суд органлари хатти-ҳаракатларига ҳам қонуний баҳо беришга тўғри келади. Лекин адолат қарор топармикин?

Журналист ўз мақоласида аудиоёзув эгаси бўлган боланинг оиласига бориб, ота-онаси ҳузурида, ҳеч қандай босим ёки таҳдидсиз видеотасвирга ҳам олгани, вилоят судига тақдим этиладиган бу тасвирларни суд тугагунча эълон қилмай туришни лозим топганини билдириб, Самарқанд вилояти суди ишни кўргач, яна мавзуга қайтишга ваъда берган.

Аудио: https://youtu.be/SYeOXqI0DBs

Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 ноябр 2020
Эрталаб мош сотдим. Кўп эмас, беш юз кило. Мошимни сотиб олган тадбиркор йигит: «Мошнинг пулини бугун кечга ўзим уйингизга ...
7 декабр 2018
Осиё теннис федерациясининг 1 декабрь куни Филиппин пойтахти Манилада ўтган йиллик конгрессида Ўзбекистон махсус хизматининг собиқ раиси Рустам Иноятов ...
19 август 2019
«Жамол ака менга бақрайиб туриб, бирданига кулиб юборди. – Нимага куласиз? – деб сўрадим Жамол акадан. – Мелиевнинг хона ...
29 апрел 2023
Рассом Туз: Тарих улуғ мураббий. Устозлар ëди муқаддас.  Матчон Суқулиш: Туз оға бугунги гунам эртанг учун тарих. Сиз бугуннан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...