Асосий мавзулар
21 январ 2019

Одилбойнинг озодликка чиқиши Мирзиёевнинг ташвишини камайтирди

Zeromax компаниясининг собиқ раҳбари Миродил Жалоловнинг озодликка чиқарилиши Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифига боғлиқ бўлиши мумкин.

Мазкур сафар олдидан пайдо бўлган хабарлар яна шундай тахминни дадил илгари суришга имкон беради.

Президентнинг Германияга бориши ҳақида маълум бўлганидан сўнг бир қанча немис компаниялари бу ташрифдан Zeromax дан ўз қарзларини ундиришда фойдаланиш ҳаракатига тушиб қолган эди.

Германиянинг йирик нашрларидан бири Süddeutsche Zeitung (Зюддойче Цайтунг) газетаси немис ширкатлари ўн йилдан буён Тошкентдаги Анжуманлар саройи ва “Бунёдкор” стадиони қурилишидаги иштироки учун тўланиши лозим бўлган 130 миллион евро маблағни ололмаётганини ёзди.

Шу билан бирга, бу маблағни ундириш ишига бундестаг аъзоси Рената Алт ҳам қўшилиб, Германия федерал ҳукуматига президент Мирзиёев билан учрашувда қарзлар масаласини кўтариш юзасидан сўров жўнатгани билдирилди.

Эътиборлиси, Миродил Жалолов қамоқдан озод қилиниши билан немис компаниялари олдидаги қарздорлик масаласи ўз-ўзидан ҳал бўлди.

Бу компаниялар манфаатларини ифодалаётган тадбиркор Вальдемар Киснер “Озодлик” билан суҳбатда эски қарзлар масаласида Ўзбекистоннинг янги раҳбариятига талаби йўқлигини маълум қилди.

Қолаверса, у Zeromax нинг немислар олдидаги қарзи миқдорига ҳам ойдинлик киритди. Бу қарздорлик 130 миллион евро эмас, балки 72 миллион еврони ташкил этади.

Ўзбекистон ҳукумати илк бор кредиторларнинг озодликка чиққан Миродил Жалолов билан учрашувига ҳам рухсат берди.

“Мен Миродил Жалолов билан Тошкентда учрашдим. У билан музокаралар ўтказдим… Ўзбекистон ҳукуматига ҳуқуқий тарафдан ҳам, маънавий тарафдан ҳам эътирозу шикоятимиз йўқ. Шу боис, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Германияга келганида бу масала кун тартибига киритилмаслигини истаймиз”, деган Вальдемар Киснер.

Интервьюнинг эътиборни тортадиган жиҳатларидан бири айнан шу сўзларда. Яъни немис тадбиркорлари Германияга отланган ўзбек делегациясига мазкур қарздорлик сабабли босим ўтказиш уринишларини бас қилган.

Бунинг эвазига, биринчидан, Ўзбекистон томони билан музокараларда немис компаниялари мамлакатдаги янги қурилиш лойиҳаларига иштирок этиш имкониятини қўлга киритишга эришди.

Иккинчи томондан, Миродил Жалоловнинг озод этилиши уларнинг ўз пулларини қайтариб олишини таъминлаши эҳтимоли ҳам ошди.

Бундай дейишга тўлиқ асос бор. Зеро, ўтган йилнинг октябрида Zeromax собиқ раҳбарининг рафиқаси Фотима Жалоловага тегишли экани айтиладиган фейсбукдаги саҳифада 2016 йилда Жалолов ўзига активларидан бири қолдирилса, кредиторларнинг талабларини бажаришни кечиктириш ёки уларнинг айримлари билан келишувга эришишга ваъда бергани ёзилганди.

Ф.Жалолова ўз эрига нисбатан янги айбловлар илгари сурилаётгани сабабли шундай фактларни ошкор қилишга мажбур бўлаётганини билдирганди.

Воқеалар ривожи немис ширкатларининг қарз масаласига Ўзбекистоннинг янги раҳбариятини аралаштириш ниятидан қайтишига Миродил Жалоловнинг озодликка чиқарилгани ҳам муҳим роль ўйнаганини кўрсатади.

Бу билан Мирзиёевнинг Германияга ташрифи арафасида ўзбек расмийлари камида иккита ижобий мақсадга эришишига йўл очилди.

Биринчидан, узоқ йиллар бошоғриқ бўлиб келган қарздорлик масаласида томонлар учун мақбул ечим топилди.

Иккинчидан, немис инвесторларининг Ўзбекистон ҳукуматига ишончини тиклаш, демакки, мамлакатга янги сармоялар келишига замин яратилди.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 феврал 2016
Мустақил журналист Малохат Эшонқулова навбатдаги видеолавҳасида яқинда ўзбек турмасидан озод этилган маҳкум ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевга микрофон тутади. “Ўзбек ...
15 ноябр 2023
Директор шапалоқ “тилпўни йўқ” ота оналардан мактаб сайтига пул талаб қилди. Смартфонга қурби етмайдиган, боласининг билимини текшира олмайдиган бундай ...
29 апрел 2023
Рассом Туз: Тарих улуғ мураббий. Устозлар ëди муқаддас.  Матчон Суқулиш: Туз оға бугунги гунам эртанг учун тарих. Сиз бугуннан ...
9 апрел 2018
«Ўзбекконцерт» давлат муассасасида 30 март куни муҳокама этилган тўйларни ихчамлаштириш ҳақидаги Сенат қарори тасдиғи номаълум муддатга қолдирилган эди. Eltuz.com
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...