Кўзқараш
19 апрел 2019

МДҲдаги фолбинча сиёсат

Фолбинларга ишонмайман, лекин уларнинг бизнес моделига қойил қоламан. Бир қарашда келажакни таваккал айтиб, мижозни бунга ишонтириш жуда қийинга ўхшайди. Аслида эса фолбинлар буни жуда осон эплайди.

Айтайлик, бир гуруҳ одамга “ўн бир ойдан кейин ҳаётингда бахтли ҳодиса рўй беради” десангиз, кўпчилик ўн бир ой ичида бу башоратни унутиб юборади, унутмаганлар эса ҳаётидаги бирор бахтли воқеани ўша башорат билан боғлайди, зеро инсон ҳаётида доимо “бахтли” ва “бахтсиз” деб баҳоланадиган воқеалар рўй бериб туради.

Аниқ башоратларга келадиган бўлсак, бу ерда бошқачароқ принциплар ишлайди. Масалан, бир гуруҳ одамга “ўқишга топшириб, кирасан” десангиз, кимдадир бу “башорат” амалга ошиши эҳтимоли ҳар доим бўлади. Юзта одамдан тўқсон бештасида амалга ошмаса ҳам улар келиб пулини қайтаришни талаб қилмайди (истиснолар камдан-кам бўлади), қолган беш киши эса фолбинга ишониб, яна ўнта мижоз етаклаб келади.

Фолбинларни эслашимнинг сабаби бор. Гап шундаки, МДҲ давлатларида фаолият юритувчи айрим сиёсатчи ва экспертлар фолбинларнинг принципларини ўзлаштирганга ўхшайди. Уларни тушунса бўлади — соҳа МДҲ ҳудудида янги, яхши мутахассислар етишмайди; айни пайтда, нопрофессионал мутахассисларни фош қилиб ташлайдиган танқидчилар ёки фуқаролик жамияти ҳам аксарият ҳолларда йўқ. Шунинг учун айримлар интернетда ёки телевидениеда чиқиб, қўрқмай сиёсий прогнозлар бераверади.

Сиёсий прогнозлар бериш — пухта билимни ва таҳлилий мушоҳадани талаб қиладиган масъулиятли иш. Лекин биз сўз юритаётган кичик бир гуруҳ одамлар сиёсий прогноз ниқоби остида ўзининг тахминларини бериб юборишдан ҳам тоймайди.

“Шарманда бўлгандан кўра жим тургани маъқулмасми?” деб ўйларсиз. Аммо бу ерда ОАВга хос шов-шувга ўчлик иш беради: “фалон давлатда ҳеч нарса бўлмайди” десангиз, сизнинг гапингиз журналистларнинг қизиқишини уйғотмаслиги мумкин. “Фалон давлатда уруш бўлади” десангиз, башоратингиз ёлғон бўлиб чиқиш эҳтимоли юқори. Ана шунда “мумкин” сўзи ёрдамга келади. Тахминингизга “мумкин” сўзини қўшиб гапирсангиз, ўзингизни ҳимоя қилиб оласиз ва айни пайтда шовшувли гап айтиб, ОАВнинг қизиқишини уйғотасиз. Энди мақсадга кўчайда, бир мисол келтирай.

Кеча бир “эксперт”нинг гапини эшитиб қолдим. “Украинада олигархлар фуқаролик урушини келтириб чиқариши мумкин, имкон қадар активларингизни олиб чиқиб кетинг” қабилида. Жуда зўр позиция! Урушни башорат қиляпти, демак, унинг сўзлари аниқ ОАВда чиқади. Агар ростдан уруш бўлса, “ана, айтмаганмидим!” дейди. Украинада уруш келиб чиқиши эҳтимоли 1 фоиз ҳам чиқмаслигини инобатга олсак, “мумкин” сўзи уни ҳимоя қилади. Уруш келиб чиқмаса, “мен ахир “мумкин” дегандим, чунки шунга ишоралар бор эди, лекин олигархлар вақтида ўзларини тийиб қолди”, дейди. Ҳар томонлама ютуқли позиция.

Мана шундай “экспертлар”дан огоҳ бўлинг, ҳар қандай жиддий қиёфали одамнинг гапларига ёки ёздиқларига ишониб кетаверманг ва, албатта, ҳар қандай маълумотни таҳлил ғалвиридан ўтказишга ҳаракат қилинг.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
2 сентябр 2016
Президент ўлимидан бир ҳафта ўтиб ҳам унинг тириклиги, соғлиғига дуода бўлишга чақириқлар тингани йўқ. Айни аюханнослар фонида Ислом Каримовнинг ...
23 октябр 2023
22 октябр куни Uzbek forum раҳбари Умида Ниëзованинг онаси Сожида Жалолова 78 ëшида  оламдан ўтди. Марҳума Сожида Жамолова Шарқий ...
11 август 2021
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги 10 август куни “Босим остидаги ўзбек олимлари илмий даврани сафсата билан тўлдирмоқда” мақоласи юзасидан муносабат ...
1 октябр 2016
Ўзбекистоннинг бир қанча вилоят ва туманларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда бу йил 18 ёшга етмаган болалар пахтага чиқарилганини eltuz.com ўз манбалари ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...