Кундалик
1 октябр 2016

Ўзбекистонда бу йил ҳам болалар пахтага ҳайдалди

Ўзбекистоннинг бир қанча вилоят ва туманларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда бу йил 18 ёшга етмаган болалар пахтага чиқарилганини eltuz.com ўз манбалари орқали тасдиқлади.

Бизга етиб келган маълумотларга кўра, вилоят ва туман коллежларида ўқувчиларнинг ётоқда қолиб пахта теришлари учун пахта штаблари ташкил этилган.

rasm3086
Пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланмаслигини тарғиб қилувчи плакат

Гарчи, мамлакат далаларида мониторинг ўтказган Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари, «2015 йилги пахта терими мавсумида болалар меҳнатидан ёки мажбурий меҳнатдан фойдаланилганига далиллар топишмаган»ини ўз ҳисоботларида эълон қилишган эди.

Шунингдек, расмий Тошкент ва Халқаро ташкилотлар кейинги уч йил давомида Ўзбекистонда пахта ишлаб чиқарилишида болалар меҳнатидан фойдаланиш барҳам топганини таъкидлаб келишади.

Бунинг натижаси ўлароқ, 2015 йилнинг бошида, Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, модернизация ва диверсификация қилишга йўналтирилган лойиҳалар учун $ 500 миллион сўмлик кредит берилишини тасдиқлади.

Бироқ, бу йил ҳам пахта теримига 18 ёшга тўлмаган болаларнинг жалб этилганига оид очиқланган ҳолатлар, ҳақиқатан ҳам ўзбек пахта саноатида болалар меҳнатига чек қўйилгани ҳақидаги иддаоларни савол остида қолдиради.

Ҳусусан, eltuz.com ўтказган суриштирув натижасида Фарғона водийсининг Бувайда тумани, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларида айни аҳвол кузатилган.


“Далаларда 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларни кўриш мумкин”

rasm3082
Далада пахта тераётган бу боланинг ёши 10 да. 2016 йил. Фото: eltuz.com

Тўрткўл туманидаги манба билан боғланган eltuz.com мухбирига далаларда пахта тераётган талаба ва ўқувчилар орасида 18 ёшга тўлмаган болаларни кўриш мумкинлигини айтади.

“Масалан Тўрткўл туманидаги 44-мактаб муаллимлари болаларга уйингиздан одам чиқиб мен учун пахта териб берсин деган буйруқни ҳам берар экан”, дейди манба.

У мамлакатда катталар пахтага оммавий сафарбар этиларкан, мактаб ўқувчилари ўқитувчиларининг бу талабини ўзлари бажаришга мажбур бўлишларини иддао қилади.

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида эса, айрим қишлоқ мактаб болалари тўғридан тўғри директорларнинг буйруғи билан пахтага чикарилган.

Мисол учун, Ақчакўл туманидаги 17-мактабнинг 8-9-синфлари 3-4 дарс ўкитилиб, ёппасига пахтага олиб кетилмоқда.

“Далада 7 ёшдан 18 гача болаларни кўриш мумкин. Кўпчилик ёш болалар онасининг ёнида пахта теришга чиқишга мажбур”

Мисол тариқасида у ёш болалик оналарнинг мажбуран далага чиқарилганига оид мисоллар келтиради.

Коллежларнинг биринчи курс талабалари ҳам пахтага чиқарилди

rasm3083
Фарғона вилояти коллежларининг бошланғич курси ўқувчилари кунлик пахтага қатнашади

30 сентябр куни Фарғона вилояти коллежларининг биринчи курс талабалари ҳам пахтага жўнатилди. Бир ҳафта илгари коллежларнинг 2-3-курс ўқувчилари пахта теримига ҳайдалган эди.

“Бизнинг коллежда фақат 2-3-курс талабалари пахтага чиқарилди, – деди Қўқон тиббиёт коллежи ўқувчиларидан бири eltuz.com мухбирига.

Унинг сўзларига кўра, ҳали уларни ётоққа жўнатишмаган, бироқ ҳар куни пахта теришга олиб чиқилмоқда.

“Ҳар куни коллежга келаяпмиз ва бизни “Отайўл” автобусларида Данғара туманига пахта теримига олиб боришаяпти”, дейди у.

Улар эрталаб пахтага олиб кетиб, соат кечки 5-6 ларда яна коллежга қайтиб олиб келиб қўйишаётганини айтишади.

“Уйимизгача ўзимиз йўлкира қилиб етиб олаяпмиз. Кунига 30 кг. норма белгилашган. Мен бугун 15 кг. тердим. Чунки шаҳарда туғилиб, ўсганман, пахта теришни билмайман”, дейди бу йил Тиббиёт коллежнинг биринчи курсига талаба қиз.

У шунингдек, қишлоқлик курсдошлари нормани 30-35 килограммга етказишаётганини айтади.

На ота оналар, на педагоглар болаларни мажбурий меҳнатдан ҳимоя қилиш ҳақида ўйлашмаяпди

Бу йил коллежларга қабул қилинган 1-курс ўқувчиларининг ёши аксарият 16 да, улар 2000 йил туғилган болалардир.

rasm3085
Ўзбек педагоглари айни дамда болалар таълими ҳақида эмас, балки пахта нормаси ҳақида ўйлашмоқда

Уларнинг пахтага сафарбар этилиши билан 18 ёшгача бўлган болаларни пахтага жалб этмаслик тўғрисидаги ҳукумат қарори ва бу юзадан қабул қилинган халқаро конвенцияларнинг аллақачон бузилганини англатади.

Бувайда қурилиш ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиларидан бири ҳам коллежнинг барча ўқувчилари пахтага сафарбар этилганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, коллежнинг ўзида ўқувчиларнинг ётиб қолиши учун штаб ташкил этилган. Биринчи ва учинчи курсгача бўлган ўқувчилар шу ерда қолаяпти.

“Эрта билан микроавтобусларида уларни чўл зонасига олиб бораяпмиз. Ўқувчиларга 30 кг. норма белгиланган”, дейди Қурилиш коллежи муаллими.

Eltuz.com мухбири билан суҳбатлашган Бағдод, Учкўприк, Риштон, Қўштепа туманидаги манбалар ҳам коллежларнинг барча талабалари пахтага сафарбар этилганини тасдиқламоқда.

Уларнинг аниқлашича, айрим ота-оналаргина болаларининг пахта даласига жўнатилишига қаршилик қила олади, кўпчилик эса ўз ҳуқуқларини мутлақо билишмайди.

Касаба уюшмалари федерациясининг ишонч телефони борлигини ҳам кўпчилик билмайди ёки бу телефон рақами уларнинг муаммосини ҳал қилишга ҳеч қачон ёрдам бермаганини айтишади.

Касаба уюшмалари федерацияси ҳеч қачон, одамлар ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган реал институт бўлмагани ҳолда, мажбурий пахта теримига жалб этилаётган ўзбек болалари ҳуқуқларини реал ҳимоя қиладиган ташкилот ҳам бугунги кунда Ўзбекистонда йўқ.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 ноябр 2016
26 минут давом этган ББС ўзбек хизмати мухбири Ибрат Cафо билан суҳбати чоғида кичик Ислом Каримов шунингдек онаси Гулнора ...
19 апрел 2018
Президент Мирзиёевнинг педагог ва шифокорларни мажбурий ишларга жалб этмаслик талабларидан сўнг Тошкентда 17 апрель куни ўтган йиғилишда бир неча ...
23 июл 2017
Бундан юз йил бурун Туркистонда рўй берган бу воқеа минтақанинг бўлинган мамлакатларида бугун турлича талқин этилади. Асли Тошкентда бошланган ...
14 сентябр 2016
Немис ОАВларида Ўзбекистон президенти вафотига оид эълон қилинган мақолаларда, асосан, Каримовнинг қаттиқўлликка асосланган узоқ йиллик ҳукмронлигининг зиддиятли мероси, бу ...
Блоглар
9 январ 2020
Евро-Осиё Иқтисодий Иттифоқига кириш-кирмаслик масаласи бўйича Ўзбекистонда бошланган қизғин муҳокамалардан четда тура олмаяпман. Виждоним йўл ...
6 январ 2020
АОКА блогер ва журналистларни сотиб олиши эмас, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаши зарур. Унинг баёнотлари жуда кулгили. Ваколатлари ...
23 декабр 2019
Шарқий тақвим бўйича 2020 йил рамзи каламушдир. Каламуш йили шарқий тақвимнинг янги 12 йиллик циклини ...