Кўзқараш
21 апрел 2020

Мусиқа тинглаш ҳаромми?

Буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзнинг «Сегоҳ»ию «Суворо»ларини тинглаб, шуурим доим бошқа тарафларга йўналади…

Аллоҳ руҳига раҳмат айласин, буюк Ҳофиз диндор инсон эди.

Қий-чув ҳукмрон бўлган тўйларда ҳам икки ракат намоз қилиш учун фурсат топабилажак қадар диндор.

Бунга ўзим шоҳид бўлганим учун бу хусусда иккиланмай ёзаяпман.

Коммунизм мафкурaси авж олган бир даврда ўз динига содиқ қолиш учун буюк иймон соҳиби бўлиш керак эди. Ҳофиз шундай иймон соҳиби эди.

Энди мушоҳада қилаяпман: ҳофиз бу қадар ноёб истеъдод билан бу қадар мустаҳкам иймон ўртасидаги мувозанатни қандай идора этди?

Бизга «мусиқани тақиқлаган» дин сифатида тақдим этилган ақидалар муҳитида мусиқа ва динни ўз қалбида қай йўсинда бирлаштирди бу буюк зот?

Бирлаштирди деяпман, чунки бу қадар кучли иймон мусиқани рад этсайди, у билан бирлашмасайди, ҳофиз қалбидан чиққан оҳанг бу қадар дардли ва самимий янграмасди.

Агар иймон ва истеъдод ўртасида ҳар қандай бир руҳий зиддият бўлса, мусиқадаги гўзаллик ўртага чиқмасди.

Гўзалликни яратган Аллоҳдир.

Аллоҳ ҳеч қачон ўзи берган иймонни ўзи ато этган гўзалликка қарши қўймайди.

Чунки Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади.

Ҳақиқий мусиқа доим илоҳийдир, шунинг учун ҳам гўзалдир.

Гўзалдир, чунки манбаи илоҳийдир.

Фақат 18 минг оламни яратган Аллоҳ эканини билган бир ақл, бу яратилиш намуналарини ўзидан бошлаб бутун борлиқлар мисолида кўриб турган бир кўз бутун товушларни яратган ҳам Аллоҳ эканини билади ва кўриб туради.

Бастачи зотан коинотда мавжуд бўлган саслар ва оҳангларнигина нотага тушира олади.

Унга илҳом этилган инсон қалбини ларзага соладиган дардли оҳанглар хомашёси яна уники эмас, яна ўша Яратувчиникидир.
Баъзи «дин номидан» чиқарилган санъатга қарши ҳукмлар ичида нафақат Қуръонга, балки Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг доим насиҳат этгани мантиққа таянгани ҳам йўқ.

Масалан, ҳайкалларни «ҳайкалга топинмасинлар», дея ҳаром қилиш мантиқлими?

Жоҳил ҳайкалга топинса, ҳайкални парчалаш билан у жоҳилга иймон бериш мумкинми?

Оташпараст оловга топинса, оловдан воз кечиб, ундан фойдаланмаслигимиз керакми?

Ёки қуёшга топинса, қуёшни «парчалаш» керакми?

Шу бизга ҳадис ўлароқ тақдим этилган сатрни ўқинг: «Сиздан бирининг ичи қусмуқ ва қон билан тўлгани шеър билан тўлганидан хайрлироқдир»(Mishkat al-Masabih 4/4809).

Кечирасиз, шу сўзлар Аллоҳнинг Пайғамбари оғзидан чиқиши мумкинми?

Қуръони Карим «Луқмон» сурасидан 5-6 оятларда Аллаҳу Тало шундай буюрмоқда: Бисмиллоҳ:
وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَشْتَر۪ي لَهْوَ الْحَد۪يثِ لِيُضِلَّ عَنْ سَب۪يلِ اللّٰهِ بِغَيْرِ عِلْمٍۙ وَيَتَّخِذَهَا هُزُوًاۜ اُو۬لٰٓئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُه۪ينٌ
Сўзма-сўз таржимаси: «Ва нсонлардан баъзилари, билгисизча Аллоҳ йўлидан қайтармоқ, масxара қилмоқ учун ҳадис-сўзнинг бўшини сотиб оладилар. Разил этувчи бир азоб ана шулар учундир» (Lokman Suresi 5- 6)
Яна «Зумар» сурасида шу оятлар мавжуд: Бисмиллоҳ:
الَّذ۪ينَ اجْتَنَبُوا الطَّاغُوتَ اَنْ يَعْبُدُوهَا وَاَنَابُٓوا اِلَى اللّٰهِ لَهُمُ الْبُشْرٰىۚ فَبَشِّرْ عِبَادِۙ ﴿ ١٧﴾
.لَّذ۪ينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ اَحْسَنَهُۜ اُو۬لٰٓئِكَ الَّذ۪ينَ هَدٰيهُمُ اللّٰهُ وَاُو۬لٰٓئِكَ هُمْ اُو۬لُوا الْاَلْبَابِ ﴿١٨
Таржимаси: «Тинглаб бўлгандан сўнг, сўзнинг энг гўзалига бўйсунган қулларимга мужда бер: ана улар Аллоҳ тўғри йўлга йўналтирган кишилардир. Ҳақиқий ақл соҳиблари улардир»(Zümer suresi, 39/17-18)
Саҳобалардан Ҳазрати Вобиса шундай дейди: “(Пайғамбарнинг) ёнига бориб, пойида ўтирдим. Менга «Сен яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрашга келдинг», деди. «Ҳа» дедим. Шунда уч бармоғини менинг кўксимга теккизиб, «Эй Вобиса, қалбингдан сўра, нафсингдан сўра» деди ва буни уч карра такрорлади. Сўнгра давом этди: » Яхшилик нафсингга таскин берган нарсадир. Ёмонлик эса – инсонлар фатво берган бўлсалар ҳам – нафсни тирмалаган, сийнангда тараддут уйғотган нарсадир». (Müsned, 4/228; Mecmâu’z-Zevâid, 1/175,10/297; Darimi, Büyu, 2; Süyûtî, Câmi’u’s-Sağîr, 1/40)

Айни мавзуда ҳадиси шариф: “Сен ҳузурсизлик берган нарсани тарк эт, ҳузур берганга ўт. Чунки тўғрилик ички ҳузур беради, ёлғон шубҳа ва тараддут уйғотади» (Tirmizî, Kıyâmet 60)

Гапнинг қисқаси: Мусиқа ва бошқа гўзал санъатларни «ҳаром» деган фатволар бизда тараддут ва шубҳа уйғотади. Бу фатволар ичимизда асло ҳузур уйғотмайди.

Бир истисно бор: агар мусиқа инсонни нафсга қул этиб, фитна ва фасодга йўналтирса, Аллоҳдан узоқлаштирса, бундай мусиқа албатта ҳаромдир. Яқинлаштирса, мубоҳдир.

Бу тезис бутун санъатларга, жумладан, шеъриятга ҳам тегишлидир.

Муҳаммад Солиҳ
Адибнинг фейсбукдаги саҳифасидан

Тағин ўқинг
24 июн 2019
Ўзбек футболи тарихидаги “номи қоралар” рўйхатида биринчилар қаторида турадиган Самвел Бабаян мамлакатнинг бели энг бақувват футбол клубларидан бири – ...
18 декабр 2015
Малоҳат Эшонқулова мустақил журналист, Eltuz.com Жиззахлик қонун идоралари ходимлари, хусусан «Дўстлик» туман ИИБ катта терговчи Ориф Анорбоев Ўктам Пардаевга ...
17 апрел 2018
Cинов тариқасида тақдим этилаётган, 15 апрелда суратлари пайдо бўлган мактаб формаси ижтимоий тармоқда баҳсларни келтириб чиқармоқда. «Шарқ либослари» дизайнерлик ...
13 сентябр 2016
Эрталабдан мачит остонасидан болаларни ҳайдаш бошланди. Имом ҳам собиқ президентни авлиё даражасига олиб чиқиб қўйди. Телевизор, радио ва газеталар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...