Cатира
24 июн 2019

Cамвел Бабаян ва миллий ғурур масаласи

Ўзбек футболи тарихидаги “номи қоралар” рўйхатида биринчилар қаторида турадиган Самвел Бабаян мамлакатнинг бели энг бақувват футбол клубларидан бири – “Локомотив”га бош мураббий этиб тайинланди.

Бу шахс “Пахтакор”да ва миллий терма жамоада ишлаган йилларида унга футболчилар шартномалари асосида фирибгарликлар қилганлик, ўз жамоаси фойдасига келишилган ўйинлар, ўзига яқин футболчиларни қўллаш каби айблар қўйилган.

Айнан шу каби айблар асосида у 2017 йилда миллий терма жамоа мураббийлигидан истеъфога чиқарилиб, бир умрга футболдан четлаштирилганди.

Аммо жорий йил бошида у “Локомотив”га селекция ишлари билан шуғулланадиган мутахассис сифатида қайтгани эълон қилинганди.

Бунинг ортидан Самвел Бабаян ўшанда футболдан бир умрга четлатилмаган, балки “Бунёдкор” (аслида Бабаяннинг бу клубга қандай аллоқаси бор!) жамоаси кафиллигида мазкур жазодан қутулиб қолгани маълум бўлганди.

Унинг ўзбек футболига қайтиши мухлислар томонидан ўта салбий қарши олинишига гўёки жавоб тариқасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси изоҳмонанд баёнот тарқатганди.

“ЎФА бундан буён Самвел Бабаян Ўзбекистоннинг ҳеч қайси терма жамоасида фаолият юритишига йўл қўймайди. Қўшимчасига, кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган “Локомотив” футбол клубининг қарорига ҳам қаршилик кўрсатмайди”, дейилганди баёнотда.

Ўшандаёқ Бабаяннинг аксарият мухлислар учун сир бўлиб қолаётган қудрати олдида ўзбек футболи раҳбарлари тиз чўкаётганига кўпчилик амин бўлганди.

Бугун уларнинг хавотирлари яна бир бор ўз исботини топди. Бир вақтлар қаллобликда айбланган Бабаян давлатнинг пули (Локомотив” клуби эгаси бўлмиш “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси тўлиқ давлатга тегишли) эвазига мамлакатнинг энг бой клубларидан бири бўлиб турган футбол жамоаси раҳбарлигига қайтди.

Ҳолбуки, мухлисларнинг Самвел Бабаяннинг қайтишига муносабатларига жавобан бу клуб раҳбарияти у жамоада раҳбарлик лавозимларига қайтмаслигини айтган эди.

Ҳолбуки, аввалги йили Қашқадарёга ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев “Энди футболга ўзим қарайман”, деганди.

Бугун президент ўзи қарашига ваъда берган ўзбек футболига футболдан урилиб, шубҳали тарзда яна унга қайтган шахс қайтди.

Бу эса яна ижтимоий тармоқларда ва турли сайтларда мухлислар томонидан кескин норозилик билан қарши олинмоқда.

Жумладан, championat.asia сайтининг изоҳлар қисмида юзерлар “айни дақиқаларда “Локомотив”нинг сўнгги мухлиси ҳам жамоани тарк этгани”, “бу гапни (яъни Бабаян бош мураббий бўлгани ҳақидаги хабарни – таҳ.) эшитишнинг ўзи ҳақоратлиги”, “бу халқнинг устидан кулиш экани” ҳақида ёзди.

Сайтнинг “Ҳақоратли комментлар ўчирилади. Агар ёзган комментингиз ўчирилмаслигини истасангиз ҳақоратли сўзлар ишлатманг”, деган огоҳлантиришига жавобан “ф.к.Янгиер” исмли юзер “Фикр ёзишга кирдим-у, ўйланиб қолдим, ҳақорат қилмасам нимани ёзаман”, деган изоҳ қолдирди.

Юзер Bekzodjon Aminjonov “энди ўйинлар олди-сотдиси қизиши”ни башорат қилди. “RUmid RUmid” “ЎФА аут!!! Шарманда ўзбек футболи !!!… Халқнинг устидан кулишда давом эт ҳамманг”, дея аччиқланди.

“Тўрақўрғон футболи”  “Наҳотки нафсоният, миллий ғурур деган қадриятлар йўқ бизда. Наҳотки шунчалар тез унутдик”, дея ёзғирди.

“Albatros” исмли юзер эса: “Қурол сотишга рухсат берилганидан фойдаланиб қоладиган мард борми? Бу жанобга қурол бас келмаса, бутун ЎФА, ПФЛларнинг кучи етмас экан”, деб ёзишгача борди.

Гарчи бу изоҳ пўписадан кўра Самвел Бабаяннинг яна ўзбек футболида юқори мавқега чиққанига ҳаддан ташқари норозилик, қолаверса, бунинг қаршисидаги ночорликка ишора бўлса-да, футбол мухлисларининг ҳақиқий кайфиятини кўрсатиб беришига шубҳа йўқ.

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори

PS. Самвел Бабаяннинг “Локомотив” клуби тузилмасига келишига бағишланган аввалги мақоласи сўнггида “Элтуз” нашри қуйидагича ёзганди: “Элтуз” билан суҳбатлашган спорт мутахассисларидан бирининг айтишича, армани гуруҳларининг ўзбек спортига таъсири жуда катта. Улар дзюдо, воллейбол, футбол каби соҳаларда жуда катта таъсир кучига эга. Унинг фикрича, аввалига ўзбек футболидан умрбод ҳайдалган Самвел Бабаяннинг қайтишини ҳам шу фонда таҳлил қилиш тўғри бўлади”.

Тағин ўқинг
28 апрел 2021
Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевни судга ...
3 январ 2017
CNN-Turk каналида ëйинланган видеода Истанбулдаги Reina тунги клубига ҳужум қилган кимсанинг Истанбул халқаро аэропорти паспорт назорат бўлимидан ўтаëтган пайти ...
19 апрел 2018
Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган «Дамас» автомобилининг нархи охирги уч йилда икки баравар ошиб, 50 млн сўмга етган бўлса-да, ҳали-ҳамон очиқ ...
18 апрел 2022
Андижон вилоят, Избоскан тумани Луғумбек қишлоғидаги 25-мактабда география фани ўқитувчиси дарсга кеч қолиб келган 6-синф ўқувчисига 2 литр ариқ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...