Асосий мавзулар
30 май 2020

Журналистга жазо жамоатчилик босими ортидан 2 суткага туширилди

“Элтуз” мухбири Фарғона вилояти телевидениеси журналисти Усмонжон Қодиров 28 май куни 15 суткага қамалиб, кейин жазо муддати 2 суткага ўзгартирилиб, озодликка чиқарилгани воқеасини ўрганди.

Уйига келмагани ортидан даставвал Усмонжон Қодировнинг Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан тайёрланган “Мен ёшлик қилиб, масалани тўлиқ ўрганмай, ёлғон ахборот тарқатибман, бунинг учун узр сўрайман”, деган видеоси тарқалганди. 

Кенг жамоатчилик унинг қаердалиги билан қизиқаётган бир пайтда “Мухбир Далиев” каналида унга тегишлилиги айтилган овозли хабар пайдо бўлди. Хабарда Усмонжон Қодиров катта лойиҳа устида иш олиб бораётгани учун бир–икки кун телефони ўчирилган ҳолда бўлганини, чалғимаслик учун ҳеч ким билан боғланмай ишлаётганини айтган.   

Худди шу пайтда Тошкентдан Фарғонага келган журналист Мавжуда Мирзаева Усмонжоннинг уйида бўлиб тайёрлаган видеолавҳада опаси ва онаси унинг Сардобага кетганлигини айтади. 

Аслида Усмонжон қаерда эди? 

Фарғона шаҳри маъмурий суди қарорида айтилишича, Қодиров 27 май куни соат 15:30лар чамасида Фарғона вилояти ҳокимлиги биноси олдида карантин талабларига зид равишда қасддан юзига ниқоб тақмасдан кетаётган бўлган. Шу ҳудудда хизмат вазифасини ўтаётган профилактика инспектори М.Ҳамралиев унга бунинг юзасидан эътироз билдириб, шахсини аниқлаш учун ИИБ таянч пунктига олиб бормоқчи бўлганида Қодиров унинг қонуний талабларини узрли сабабсиз бажармаган ва ходимни ҳақорат қилган. 

Ўша куннинг ўзидаёқ журналист Фарғона шаҳри маъмурий судига олиб борилиб, “эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”, “майда безорилик”, “ички ишлар органлари ходимининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармаслик”да айбланиб, узил-кесил 15 суткага қамалган.

29 май куни эса Фарғона вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси Қодировнинг “ўз ишидан пушаймонлигини эътиборга олиб”, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини 2 суткага туширди. Шу сабабли у суд залидан қўйиб юборилиб, маъмурий қамоқ харажатларидан ҳам озод этилди. 

Журналист устидан ўтказилган бундай “ғаройиб суд жараёни”, ўз фикри учун узр сўраши-ю, ҳақиқатан қаерда бўлганини яширишга уринишлар ижтимоий тармоқларда турлича акс-садо бермоқда. 

“Унинг бор-йўқ айби завод ишчилари президент ташрифи олдидан мажбурий меҳнатга жалб этиляпти, дея ижтимоий тармоқларда ёзгани, шунингдек, у “Озодлик” радиосининг Марғилондаги “Ёдгорлик” мажмуасини шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамширалари тозаламоқда, деган хабарига “бўлиши мумкин”, дея фикр билдирганидир”, дейди журналистга яқин бўлганлардан бири. 

Айнан шу фикри учун у Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига чақиртирилган ва ўша ерда унинг узр сўрагани акс этган видео ёзиб олинган. 

– Усмонжоннинг 15 суткага қамалиши вилоят раҳбарлари томонидан унга қарши уюштирилган иш. Тўғрироғи, сўз эркинлигини бўғиш, эркин фикрловчи, ҳар бир воқеа ва ҳодисага ўз фикрини ҳаққоний айтувчи журналистларга огоҳлантириш, деб тушунаман,  – дейди суҳбатдош.

Унинг сўзларига кўра, агар ҳақиқатан ҳам Усмонжон Қодиров вилоят ҳокимлиги биноси олдида безорилик қилганида, ИИВ ходими талабларига бўйсунмаганида, албатта, ўша ердаги кузатув камераларидан ёзиб олинган тасвирлар турли ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликка ҳавола этиларди. 

“Чунки бундай ишларни қилишга Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари М.Обидов жуда уста. Нега у Усмонжон Қодировнинг узри акс этган видеони кенг жамоатчиликка ҳавола этди-ю, Усмонжоннинг суди ва қилган хатти-ҳаракатлари ҳақида сукут сақламоқда”, дея фикрини давом эттиради “Элтуз” суҳбатдоши. 

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда сўз эркинлигини бўғиш, ҳақиқатни гапирган журналистларга босимлар бўлаётгани ҳақидаги хабарлар кўпаймоқда. 

Учкўприклик журналист Шарифа Мадраҳимованинг фаолиятига туман ҳокимлиги вакилининг тўсқинлик қилиши ва унинг телефонидан видеоёзувларни ўчириб юбориши, ЎзА мухбири Анора Содиқовани Абдулла Қодирий уй-музейи очилишида ёзган фикри учун ишдан бўшатиш талаби қўйилгани, Сардобада “Ҳьюман.ўз” сайти операторларининг видеокамерасидан тасвирларнинг ўчириб юборилиши, шунингдек, Ўзбекистон МТРК спорт шарҳловчилари Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожонов “Ўзбекистон24” каналини танқид қилишлари ортидан ишдан бўшатилиши мамлакатдаги сўз ва фикр эркинлиги билан боғлиқ вазият Ислом Каримов давридаги ҳолатига қайтаётганидан дарак беради. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 июн 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 31-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Албатта, бу орзуга эришиш ...
14 апрел 2021
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 2021 йилнинг 2 февраль куни фермер Музаффар Муҳаммадиевнинг қабри очилди. 55 ёшли фермернинг жасади ўтган ...
26 апрел 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Ўзбекистоннинг Тошкент, Андижон, Қашқадарё вилоятларидан келган. ...
8 феврал 2017
Наманганлик куёв, айни пайтда тиббиёт кўриги бўлими мижози Ибодулла Бойматов ўзи олган видеони Элтузга жўнатди. «Аршин мололон» киносидаги куëв ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...