Тирик қолиш учун кураш…
Коронавирус кундалиги
Қизимнинг қўғирчоғи билан уйда ёлғизмиз.
Иккимиз ҳам бир одамчани соғинаяпмиз.
Фақат қўғирчоқ йиғлай олмайди.
Ёлғизлик ҳувиллаган уйда хонадан хонага одимлайман.
Гўё вақт отаётган одимларимга сотилади-ю, эрта-индин бошланадигандек.
Тинчсизлик бузади уйни. Ичимда бир сас отилгиси келади ҳавога. Аммо қўшни деворнинг тасодифий қўрқуви ҳақида ўйлаб қоламан. Яна сукутга ботаман. Газдаги чойнакнинг товуши бутун уйга ёқиб кетгандек кайфияти кўтарилар пардаларнинг. Ёлғизликни дамлайман. Бунча қайноқ, оғзинг куяди-я. Жавонда терилган китобларга қарагинг ҳам келмайди. На ёзгиси, на эшитгиси келади уйнинг.
Амаллаб кеч киради. Қоронғулик чўккалайди кўчага. Ҳаракат тинади секин. Телевизор қаршисидасан, аммо кўрмайсан. Ухлаш керак. Уйқусизлик азоби ўртайди ва яна уй ичида бориб кела бошлайсан. Қўғирчоқни бағримга босаман. Соғинч сочилиб кетади уйга. Деворлар, эшиклар, парда ва гиламлар, жиҳозлар – барчаси соғинчга айланиб қолади.
Эрталаб ўзимни жуда беҳол сездим. Тест натижаси ҳалиям чиқмади. Кеча йўталим сал кучайгандек бўлди. Иситмам ҳам тез-тез кўтарилиб турди. Бундай кўп чанқамаган ва бундай кўп терламаган эдим. Бошимнинг оғриғи харсангтошдан-да оғир. Тест топширишим ҳам бир азоб бўлган эди, натижаси чиқиши ҳам бир азоб. Негадир ҳозир шу воқеа эсимга тушди. Ўзимда сиптомлар кузатилгандан кейин тест топшириш мақсадида ДСНЭМга қўнғироқ қилдим. Улар инфекционистнинг тавсия ва маълумотномаси бўлмаса, тест олмасликларини айтишди. Кейин нфекционистга телефон қилдим.
-Алло, ассалому алайкум. Менга сизнинг тавсиянгиз билан тест топширишимни айтишди. Менда симптомлар кузатиляпти.
-Тест ололмаймиз.
-Тушунмадим, менинг мазам бўлмаяпти, деяпман. Тест топшириш шунчалик қийинми?
-Жонимга тегиб кеттингизлар, ҳамманинг тест топширгиси келади. Кимга улгуришим керак?!
– Менга ноўрин бақиряпсиз. Муомалангизни тўғриланг. Шифокорнинг бемор билан шундай гаплашиши тўғрими?
-Эй, хуллас, билганингни қил.
Гўшак қўйилди. Менга нисбатан қилинган бундай муносабатдан эзилдим, бу вазиятда адолатсизликнинг бундан-да ортиғи бўлмаса керак. Ёлғизликка ўзимни урдим. Узоооққ ўтириб йиғладим. Чорасизлигимдан, ўзим учун ҳеч нарса қила олмаётганимдан ўксиндим. Бир оз ўзимга келиб, таниш шифокорга телефон қилиб, муаммони ҳал қилиб беришини сўрадим. Кечга яқин уйимга келиб тест олиб кетишди. Тест топшириш ҳам таниш-билишлик бўлса, даволаниш қандай бўлаётган экан, дедим. Интернетда тест топшира олмаётган фуқаролар, топширганларники эса натижаси бир ҳафталаб чиқмаётгани тўғрисида ўқирканман, ўзимнинг бошимдан ўтказаётганларимни ўйладим.
Тест топширганимнинг бешинчи куни йўталим жуда кучайди, иситма кўтарилди, бошим оғриқдан ёрилиб кетай дерди. Кўкрак қафасимда кучли оғриқ сездим. Жуда ҳолсизландим. Юрак уришим жуда баланд эди. Тез ёрдамга қўнғироқ қилдим. Кела олмасликларини, мобил гуруҳга қўнғироқ қилишим кераклигини айтишди. У қанақа гуруҳ бўлди яна? Нимага доим аллақандай гуруҳлар ўйлаб топиб, одамларни сарсон қилишаркан-а? Телефон рақаминиям сўрамабман.
Чорасиз яна қоронғу кўчага термулдим. Тинмасдан йўталаётганимдан борган сари хавотирга тушар эдим. Имконсиз эдим. Телевизорда ўзимни чалғитишга ҳеч нарса топа олмадим. Барча каналларда пандемия, коронавирус, уйда қолинг, ниқоб тақинг. Тиқилиб қолади томоғингга нимадир. Кун бўйи бир хил мавзуни кўравериб, эшитавериб, тўкилиб кетасан ўзингдан. Бунинг устига, “Тез ёрдам” кўрсатуви пайдо бўлган. Унда мен истеъмол қилаётган дориларнинг бирортасини тавсия қилишмади. Бу ҳақда ўйлаб баттар ваҳимага тушаман, портлайман. Пультни отаман, деворга сочилиб кетади қувватлагичлари. Гуноҳи нима, дея териб чиқаман қайтадан пультни.
Яна тез ёрдамга қўнғироқ қиламан. Туша олмайман. Ўрнимга базўр бориб ётаман. Кўзим илинибди. Босинқирабман. Тунги соат 3. Бир амаллаб тонг оттирсам, эртага шифохонага ўзим бораман, дея яна уйқуга кетдим.
Тестнинг натижаси ҳалиям чиқмаган. Мени шифохонага ётқиза олишмас экан. Тест манфий чиқса ва менда вирус аниқланмаса, бу ерда ётган касаллардан вирус юқтириб олишим мумкин экан.
-Майли, унда мени текширинглар, аниқ ташхис қўйиб беринглар, илтимос. Рентген қилинглар. Нимадир денглар. Қанақа шифокорсизлар ўзи? Бир ҳафтадан бери уйда тўлғониб ётибман.
-Сизда мабодо вирус аниқланиб қолса, биз сиз билан таваккал қила олмаймиз. Бошқаларга ҳам юқтиришингиз мумкин.
У десам бу, бу десам у деяётган тиббиёт ходимини кўриб, унга ачиниб кетдим. Чунки жорий қилинган тартиб-қоидалар уни ана шу кўйга солган. Аниқ ишлаб чиқилмаган тизим ва соғлиқни сақлаш соҳасининг қай даражада оқсоқлиги уни шундай дейишга мажбур қилмоқда.
…
Ниҳоят тест натижаси чиқиб, касалхонага ётдим. Аммо аҳволим оғирлашган эди. Қоним қўйилган, пульс баланд. Денгизнинг шамолидан, мавж уриб ҳайқираётган тўлқинлар шовқинидан тўйиб-тўйиб нафас олгим келарди. Кенгликларга, яшил ўрмонзорга, қир-адирларга кетиб қолгим келарди. Касалхона беморлар билан тўлган. Аммо расмий ошкор қилинмаётган рақамлар, ўлимлар сони ҳеч кимни ташвишга солмайди. Ўлим эса олдиндан касаллиги бўлган, катта ёшлилар орасида жуда кўпайган. Барча ўзи билан ўзи овора. Одамлар яшашга интилишмоқда. Ҳаётда қолиш учун курашишмоқда.
Ўн кун деганда қуёшни кўриш учун касалхона ҳовлисига чиқдим. Осмонни кўриш яна насиб қилди. Ичкарида, палатада ётиб ҳаётнинг нақадар қадрли эканини англадим. Ва шунга амин бўлдимки, нафас олишдан бир зум тўхтагинг келмайди, яшагинг келаверади.
Яқинда коронавирусга чалиниб тузалган ёш аёлнинг ҳикояси