Кўзқараш
14 сентябр 2020

Пахта тераëтган лўлилар

Бир танишим бор эди. Ҳозир ўтиб кетган. Икки-уч йилда чорраҳа ёки метро вагонида тўқнаш келиб қолардик. У қўлига рубоб олиб қўшиқ куйларди. Бўйи паст, озғин ва сап-сариқ бўлса-да, аёлларга ўч эди, сурбетларча аёлларни «ўрамоқ»чи бўларди.

Мен унга «Сиз чумчуқмижозсиз, қонингиз қайноқ», дердим. Бўйи ярим қарич бўлиб, баланд бўйли қиз ва аёлларга ҳам хушторлик қилмоқчи бўларди. Мен унга ҳазил оҳангида эътироз билдирардим: «Новча қизлардан нари юринг, улар шундоғам кам, мениям ўйланг».

Биз талаба эдик. Унинг қишлоқда хотини ва иккита боласи бор эди. Қандай қилиб иккита болали эркак ўқишга кирдийкин, деб ҳайрон қолардим. Ахир оиласини ким боқади? Уйдагилар боқади, дерди у шу масала билан қизиқанимда.

Катта курс бўлгач, қишлоққа бориб хотинини иккита боласи билан энасиникига ҳайдаб, уйни сотиб, Тошкентга қайтиб келди. Қўйлиқ томондан бир хонали уй олиб, ёшларни насроний динига даъват қиладиган бир армани хотинга уйланиб, ҳеч қанча ўтмай насронийлар черковига бориб, диний қўшиқ куйлашни одат қилди.

У динини ўзгартирганди. Черковда диний қўшиқ куйлагани учун унга пул беришар экан. «Тирикчилик. Қўшимча даромад», деди у черковга нима мақсадда боришини сўраганимда.

Орадан бир муддат ўтиб армани хотини билан ажрашиб кетди ва черковга боришни ҳам бас қилди. Тўқсонинчи йиллар эди… Орадан ҳеч қанча ўтмай бева муслима аёлни топиб олди. Шу аёл таъсирида аллақандай ҳужраларда ислом динини ўрганишни бошлади. «Энди ўзимизга ўтдингми», деб сўрадим.

«Тирикчилик. Қўшимча даромад», деб жавоб берди. Ҳужраларда дин илмини ўрганганларга бепул озиқ-овқат ва бошпана бериларкан». «Мен улардан товар оламан», деди у.

У кўса эди. Иягида саккизта туки соқолман деб тикрайиб турарди. Орадан бир мунча вақт ўтиб хотини ва товар берадиганлар билан уришиб қолиб, хотини билан ажрашди ва диний илм ўрганишни бас қилди.

Искаланиб юрган ит егани бир нарса топади, деганларидек, у пана-пасқамда юриб «кришначи» ўзбек аёли билан танишиб қолди. Бу сафар у жилтига саккизта қўли бор Кришна- хотин маъбуд сурати туширилган китоблар сотарди.

Бу пайтга келиб ўқишни тугатиб, тўрт томонга тарқалиб кетдик. Уни жуда кам кўрадиган бўлиб қолдим. Шу кунгача икки марта кўрдим, холос. Ўшанда унинг қайсидир институтда маънавиятдан дарс бераётганини билиб олдим.

Охирги марта уни Янгиободдаги эски-тускилар сотиладиган бозорда кўриб қолдим. «Шу ерда тирикчилик қиляпман, даромад ёмон эмас», деди. «Энди жойингизни топибсиз! Бу ердан ақа-бақа кетманг «, дедим унга жиддий оҳангда.

Гапидан билдимки, хотини ҳам шу бозорда нимадир сотади ва хотинни ҳам шу ердан топиб уйланган. » Эски-туски нарсалардан тери касали юқтириб олиш мумкин, эҳтиёт бўлинг», деб унга фойдали маслаҳат ҳам бердим.

Кейин эса хотинбозлигига ишора қилиб: «Эски бозорда болдири ва бетига доғ тушган б.у. гўзаллар кўп бўлади», дедим.

Шу ёзувларимга прототип бўлган шу ҳикоясифат нарсамни ёзишимга туртки берган инсон ўн беш кунлар бурун коронавирусдан ўлди. У охирги пайтлар ўлдирди, отиб кетти, зўрлади, деган мазмундаги дедектив асарлар ёзарди. Унинг бу дунёда сарсон, адашиб юришига коронавирус чек қўйди.

Айрим фикрларни ёзаётганимда хаёлимга қамоқхона, ҳибсхона, сўконғич, сигарет тутунини бетингга пуфлайдиган терговчи келади.
Ўчираман бунақа оқибати ёмон фикрларни. Тинчлик керак.

Яна бир хил фикрларни ёзаётганимда хаёлим кўзгусида муҳташам зал, безатилган саҳна, бир қўлида фахрий ёрлиқ, иккинчи қўлида медал ушлаб мен томон келаётган оқ юзли, икки бети лўппи амалдор акс этади.

Керакмас виждон оғриғи, ўчир бунақа фикрларни, дейман ўзимга ўзим. Кўнгилга хотиржамлик керак.

Демак, ёзаётган фикрларим ҳибсхонани ҳам, мукофот бериладиган саҳнани ҳам эслатмайди.

Фикрлаш ўпқон яқинига хатарли яқин келишдир.

Кексайганда хатар керакмас. Чойхона тўрида ёнбошлаб ётганим яхши. Кечадан пахта теримларни ҳам бошлаб олдик.

Теримчилар етарли.

Ҳатто бир гала лўли хотинлар ҳам ўз хоҳишлари билан пахта теряпти.

Лўли хотинлар ўзлари келди. Пахта терсак бўладими, деб сўради.

Бўлади, дедик биз.

Пахтанинг килоси минг сўм. Лўли хотинларнинг ўзлари уйга сўраб келди: «Пахта терсак майлими», деб.» Майли»‘, дедик биз. Ичида оппоғроғи ҳам бор экан.

Шу ёшга етиб, лўли хотинларнининг пахта терганини ҳеч қачон кўрмагандим. Пандемия уларнинг тиланчилик иқтисодига ҳам зарба бердимикин?

Ҳозиргина маҳалла дўконида кўрдим: кимё заводи чиқиндисидан кимё олимларининг рецепти бўйича тайёрланган зарарли ва заҳарли шарбат қутисига лотин ҳарфда Bog’bon деб ёзиб қўйилибди.

Шу ёзувни ўқиб жаҳлим чиқди.

Қанақа боғбонсан?!
Менман боғбон.
Сен зараркунандасан!
Боғбон мендирман!

Тонналаб олмаларим омборда сотилмай ётибди. Оломон эса дўкондаги заҳарли шарбатга интилади.

Шу шарбат умрларингни тенг яримга қисқартиради, десам сен қаердан биласан, дейсизлар кўзларинг олайиб.

Мен биламан.

Билмаганимда гапирмасдим.

Кичкиналигимизда ҳақиқий олма шарбати,олма мурабболари бўларди. Ҳозир қани улар?! Йўқ улар.

Чунки меваларни қайта ишлайдиган заводларни вайрон қилдик, ғиштини, темирини сотдик, ўрнига тўйхона ва ошхона қурдик.

Мустақил бўлиб ўз юртимизни ёвдан баттар талон-тарож қилдик.

Тайёр заводларни, тайёр инфратузилмаларни бузиб йўқотдик.

Bog’bonмиша-а.

Қанақа боғбонсан. Шарбат деб заҳар олиб келаётган монополистсан.

Тамом. Гапим шу.

Онги уйғонмаган оломон тайёр олмага боқмайди, кимёвий олма шарбатига интилади.

Онги боғланган оломон…

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат асари эди

Тағин ўқинг
25 июн 2017
Президент Мирзиёев 13 июн кунги чиқишида Ўзбекистон адлия тизимида авж олган порахўрлик муаммосини кўтарди. «Прокуратуранинг 70 фоизини ишдан олиб ...
19 сентябр 2017
18 сентябр куни Тошкент марказидаги Навоий номидаги Миллий боғни бузиш ва қурилишга ҳозирлаш ишлари бошланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил ...
15 июн 2020
Андижонлик 44 яшар Алижон Абдукаримов ички ишлар ходимлари тарафидан уриб ўлдирилди. Алижоннинг ортида ҳомиладор хотини ва уч фарзанди қолди. ...
17 август 2022
Шу кунларда халқаро санкциялар деган жумла матбуот мундарижасида. Санкциялар – ҳаддан ошганларни жиловлайдиган жазо тизими. Нафақат бировнинг юртига бостириб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...