Асосий мавзулар
24 сентябр 2020

Ўзбеклар тўғоннинг ҳалокатли ўпирилишидан сўнг жавобгарлик ва барқарорликни изламоқда

Ўзбекистон, Сирдарё вилояти.

Баъзи тўғонлар минг йиллаб хизмат қилади. Аммо Сардоба қурилганидан сўнг атиги уч йил ўтиб, 1 май куни қулаб тушди. Пайдо бўлган сув тошқини Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 35000 гектардан (86486 акр) ошиқ ер майдонларидаги қишлоқларни ювиб юборди.

Мария ҳамда унинг оиласи тошқин уларнинг уйи ва бор-будини оқизиб кетишидан бир неча дақиқа олдин қочиб қутулишга улгурди.

«Биз ҳамма нарсани йўқотдик. Ҳеч нарсамиз қолмади. Мен битта кийимда қолдим», дейди 65 ёшли кекса аёл. Унинг овози титрар, кўз ёшлари ҳорғин юзига оқиб тушарди.

У Сирдарё вилоятининг Қўрғонтепа қишлоғидаги мактаб биноси панжараси ортида турибди. Бу жойни унинг оиласи қатори 200 нафардан ортиқ одам энди ўзига бошпана қилган.

«Улар бизни бир жойдан иккинчи жойга жўнатишяпти. Чарчаб кетдик. Мен ҳатто кимдан ёрдам сўрашни ҳам билмайман. Ҳеч ким бизнинг қай аҳволда яшаётганимизни текшириб ҳам келмайди. Овқатлар яхши эмас, ҳаво совуган, кийимларимиз эса етарли эмас, – дейди у.

– Қандай қилиб улар бизга буни раво кўришлари мумкин? Айрим хоналарда иккита оила яшайди. Ҳатто уруш даврида ҳам бундай бўлмаган. Улар миллатни хўрлаяпти”.

Фалокат оқибатида олти киши ҳаётдан кўз юмди, Ўзбекистон ва Қозоғистонда 100 минг киши вақтинча кўчирилди.

Фожеа кўламига қарамай, сўнгги тўрт ой ичида маҳаллий мансабдорлар жабрдийдаларнинг ёмон муносабат ҳақидаги шикоятлари ва фалокат сабабларини текшириш борасида журналистларга тўсқинлик қилди.

Бир неча маҳаллий мухбир воқеа устида иш олиб бораётганида қўрқитиш ва таҳдидларга дуч келганини ва улардан камида биттаси ишсиз қолганини айтмоқда.

Давлатга тегишли Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда ишлаган Анора Содиқова Сардобага борганида расмийларнинг аҳолини оммавий ахборот воситалари билан гаплашмаслик ҳақида огоҳлантираётганини эшитиб қолади. У Тошкентга қайтиб келгач, Facebook да ўзи гувоҳи бўлган нарсалар ҳақида хабар берди. Кўп ўтмай у ишдан бўшатилди.

«Улар бизга фақат юпқа тўшаклар беришди, биз тунда совқотяпмиз».

Қўрғонтепа мактаб биноси олдини бир гуруҳ милиционерлар қўриқлашади.

Кўчирилган аҳолининг ҳеч бири биноларни тарк эта олмайди. Қўриқчилар бу карантин ҳудуди эканини, тирик қолганлар учун вақтинчалик уй эмаслигини таъкидламоқда. Аммо улар дарвоза олдида йиғилган одамларнинг гапиришларига тўсқинлик қила олмайди.

«Улар бизга фақат юпқа тўшаклар беришди, биз тунда совқотяпмиз. Болаларимизнинг кийими йўқ, улар мактабга бормаяпти. Нима қилишни ҳам билмайман, – дейди нафақахўр Асал.

– Мен бу ерга бутун оилам, жами 16 киши билан келдим. Илгари катта уйимиз бор эди. Энди ҳукумат менга квартира беришни ваъда қилди, аммо болаларим ҳеч нарса олишмайди».

Ҳукуматнинг расмий веб-сайтига кўра, июль ойи охирига қадар 16000 дан ортиқ одам ҳали ҳам вақтинча яшаш жойларида, шу жумладан, 2000 дан ортиқ киши мактаб каби жамоат биноларида яшаган.

Кўчирилганларнинг аксарияти ҳукуматдан янги турар жой олади.

Кўпчилик жабр кўрганлиги учун товон пули ҳам олган. Аммо улар яна қанча муддат вақтинчалик биноларда яшашлари кераклиги ноаниқ.

Бобур аҳолисига омад кулиб боқди – уйлари тошқиндан омон қолди. Ҳукумат уларни олдиндан огоҳлантириб, сув тошқини уйлари, боғлари ва чорвасини ювиб кетгунига қадар ўз вақтида чиқиб кетишган.

Улар бир ҳафтадан сўнг янги оламга қайтишди. Уларнинг уйларига зарар етган, мудроқ кўчалар ҳали ҳам сувга тўла ва ҳожатхоналарнинг бўғувчи ҳидлари қишлоқнинг энг чекка жойларигача тарқалиб кетганди.

70 ёшли нафақахўр Гулмурод Ҳокимов ва унинг 14 кишилик оиласи катта уйи ва томорқасидаги зарарни кўздан кечирмоқда.

Уларнинг моллари омон қолди, аммо деворларнинг аксарияти ёрилиб кетган, сув уйнинг пойдеворига жиддий зарар етказган.

Аммо зарарни баҳолаш учун масъул бўлган расмийнинг ташрифи уларга умид бағишлади. Унинг сўзларига кўра, уйларини тиклашда ёрдамга муҳтожлар 4000 АҚШ долларига тенг пул олади.

Тез орада барчаси маълум бўлдики, кўплаб қишлоқ аҳли ваъда қилинган маблағни ҳеч қачон кўришмайди.

Аҳолининг сўзларига кўра, фақат маҳаллий комиссияга алоқаси бўлган қўшнилари ва катта пора тўлашни истаганлар уйларини тиклашга муваффақ бўлишди.

“Биз чарчадик. Мен энди расмийларга ишонмайман, – дейди Ҳокимов ўнлаб қўшнилари қуршовида ўз тақдирини баҳам кўрар экан. – Бизнинг уйимиздан ҳеч ким ишламайди. Одатда биз далада ишлардик, аммо бу йил тошқин барча экинларни пайҳон қилди. Менинг нафақамдан бошқа тушум йўқ. Хотиним касал. Ҳаёт оғир. Биз фақат нон сотиб оламиз”.

Шаҳар аҳолисидан бири унга маҳаллий амалдор телефон қилганини айтади. Агар ушбу материал эълон қилинмаса, унга товон пули тўлашни ваъда қилибди.

Президент Шавкат Мирзиёев фалокат сабабларини ўрганиш учун комиссия тузиб, унинг таркибига ўз вақтида сув омборини қуриш учун масъул бўлган Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва сенатор Абдуғани Сангинов кабилар киритилди.

2019 йилда Ўзбекистон Transparency International нинг коррупцияни идрок қилиш индексида 180 та давлат орасида 153-ўринни эгаллади.

Сардоба тўғонини қуришда коррупцияни исботловчи тўғридан-тўғри далиллар мавжуд эмаслигига қарамай, экспертлар унинг уч йилдан сўнг қулаб тушиши бежиз эмас, деб ҳисоблашади.

«Очиқ манбаларда қурилиш учун қандай шартномалар тузилгани тўғрисида маълумот йўқ. Иккинчидан, коррупция учун жазога тортилмаслик муҳити мамлакатда устунлик қилади, – дейди Лондон университети SOAS илмий ходими Алишер Илҳомов.

– Биз ушбу қонунбузарликларнинг барчаси даромадли шартномаларни олиш учун (пора) пулни қайтариб олиш натижасида келиб чиққанми ёки йўқлигини ҳозирча билмаймиз, шунинг учун бюджетда стандарт, лойиҳалаш ва қурилиш меъёрларига қатъий риоя қилиш учун маблағ қолмади. Бироқ бир қатор белгилар, айниқса, қурилиш соҳасидаги шунга ўхшаш кўплаб лойиҳаларда бўлгани каби пулни қайтариб олиш амалиёти илдиз отгани шубҳани кучайтиради».

Нашр қилинган вақтга қадар ҳукумат вакиллари Ал-Жазира телеканалининг изоҳ талабига жавоб беришмаган.

Расмий текширувнинг дастлабки натижалари тўғонни лойиҳалаш, қуриш ва ишлатишда қонунбузарликларни кўрсатмоқда. Расмий манбаларга кўра, ҳозирга қадар тўққиз киши ҳибсга олинган.

Айни пайтда Бобурга қайтиб келган Ҳокимов ва унинг қўшнилари қаҳратон қишга тайёргарлик кўришмоқда.

«Уйларни ўзимиз таъмирлашга қурбимиз етмайди. Ҳеч ким ишламайди, – дейди у. – Қишда аҳволимиз не кечишини ўйлашдан қўрқяпмиз. Уйимиз қулаб тушмоқда. Бу ерда яшаш хавфли».

Мақола AL JAZEERA нашрида чоп қилинган, «Элтуз» таржимаси

Тағин ўқинг
2 март 2017
Аввалига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси сайтида босилган қуйидаги мақола жуда долзарб бўлгани сабабли мамлакатдаги бир неча норасмий интернет газеталарда, ...
3 январ 2020
Ёзувчи Набижон Боқий ошкоралик сиёсати шарофати билан 80 йилларда Ўзбекистондаги КГБ архивларига киришга муваффақ бўлган эди. Айни ҳужжатлар асосида ...
25 декабр 2017
Президентнинг парламентга мурожаатини таҳлил қилганда, у шу вақтгача сарой ичи ва атрофида кечган ҳокимият ўйинлари ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга ...
26 май 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 51-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган) «Ўлимни ўйлаш пайти келмадими?» савол ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...