Бухоро шаҳри прокурори Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевни коррупцияда айблади
Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозиловнинг президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган видеомурожаати тарқалди.
Прокурор бир соатдан ошиқроқ вақт давом этган мурожаатида ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани ва бу текширув аслида нима сабабдан келиб чиққани, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги жиноятлар, жумладан, унинг “Mega Bukhara” йирик тижорат комплекси қурилишига алоқадорлиги тўғрисида батафсил сўзлаган.
“Ҳурматли бош прокуроримиз ва унинг учта ходими томонидан қилинаётган жиноятлар ҳақида айтиб бермоқчиман”, дейди Жасур Фозилов бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва бошқа ходимларнинг ноқонуний ишлари ҳақида тўхталиб. Шунингдек, у фаолияти давомида раҳбарлар томонидан кўрсатилган босим, тазйиқ ва таҳдидларни ҳам гапириб берган.
“Пулларни нақдлаштириш билан шуғулланувчи фирмаларга нисбатан жиноят иши тергов қилиниши даврида мен терговчим Санжар Ўриновга: “10 млрд сўм солиқни яширган ҳолати бор. Шу бўйича ким муносабат қилган бўлса, миллиард сўмдан кўп “оборот” қилганларнинг ҳаммасини чақирасан. Кимлар нақдлаштириб олган бўлса, ҳаммасининг жавобгарлик масаласини ҳал қиласан ва бу фирманинг ҳақиқий эгасини топ”, деганман. Шу чақирилганлар орасида “Ёпиқ бозор”ни қураётганлар бор”, дейди Фозилов.
Унинг сўзларига кўра, терговга чақирилганлар келмагандан кейин терговча мажбурий келтириш тўғрисида қарор берилган. ИИБ ходимлари мажбурий келтиришга борганида можаролар бошланган.
“Улар менга 20 маротаба телефон қилган. Мен олмаганман. Вилоят прокурорига ҳам чиққан. Қайтариб телефон қилиб чиқсам, сен ўзингдан кетиб нима қиляпсан, деди. Ўзи бир сохта фирманинг раҳбари, ҳаммаёғи жиноят бўлса, бирон нарсани тушунмайди”, дейди Фозилов.
Бу воқеалардан сўнг Бухоро вилояти прокурори унга телефон қилиб: “Биласизлар-ку бунинг орқасида ким эканини. Сенга муаммо керакми? Улар бош прокурорнинг одамлари! Улар сени йўқ қилиб юборишади-ку”, дея таҳдид қилади.
Шунингдек, Жасур Фозилов жиноий ишлар бошида бош прокурорнинг ўзи тургани боис, унинг устидан ҳам текширув ўтказилиши кераклигини таъкидлайди.
Мурожаатда айтилишича, қурилиш соҳасидаги бош прокурор бошчилигидаги жиноий ишларнинг кўлами кенг: “Бизнинг ҳурматли бош прокуроримиз бутун жиноятчиларнинг устида ўтириб олиб… кўп криминали бор. Унинг халқ бўйнига осган нарсаси бир триллионга боради. Бутун Бухоро халқи қони ва шўрига қурилган объект. Тан олиш керак, бу жуда катта инвестицияли объект. Бундай савдо маркази ҳамма жойда ҳам йўқ. Аммо бундай жиноий йўл билан эмас…”.
Шу сабабли Фозилов ўзидан жиноятчи “ясаш”га уринишлар бўлаётганини қайд этади.
“Менга нисбатан тергов ҳаракатлари борасида администрация келса тўғри бўлади. Мен ҳалоллик билан ҳаракат қилганман. Мен ўз жиноятларим учун жавоб беришга тайёрман. Бу иш адолатли бўлиш керак. Мени халқ эшитяпти. Агар адолатли бўлмаса, халқ норози бўлади”, дейди у тергов жараёнларининг адолатли ташкил этилишини сўраб.
Шунингдек, Жасур Фозилов 22 йилдан бери бу соҳада ишлаб келаётгани, тизимдаги кирдикорлар, бош прокурорнинг укаси томонидан Пискент туманида кластер тузилиб, фермерларни қон қақшатаётгани ҳақида соатлаб гапириш мумкинлигини айтади.