Кўзқараш
18 январ 2021

Бугуннинг эртаги

Бор эканда йўқ экан, оч эканда тўқ экан, яқин-яқин замонларда ёт босқинчиларнинг юз йилдан кўпроқ вақт давом этган мустамлакасидан сўнг фалакнинг гардиши билан яна бир мамлакат аҳли ҳам озодликка, ҳурликка эришибди.

Аниқроғи, босқинчи империя мамлакати кўп йиллар ўтиб ўз-ўзидан парчаланиб кетибди. Аммо иш бошидан пачава бўлибди. Гап шундаки, ўша мамлакатнинг озодлиги, мустақиллиги учун курашган ватанпарварлар қолиб кетиб, давлат тепасига ўша мустамлакачи давлатга қул бўлиб хизмат қилиб юрган хоинлар ва малайлар ўтириб олишибди.

Улар ўзларини халққа ватан озодлиги учун аёвсиз курашган ва янги озод давлат бунёд этаётган мислсиз қаҳрамонлар, деб эълон қилишибди.

Сиз бугунги қийинчиликларга бардош беринг, янги дунё яратамиз, хусусий мулкка йўл берамиз, ҳар бир одам бойиб кетади, хуллас, ўн беш йилда юртимизни ҳамма бахтиёр яшайдиган жаннатмакон ўлкага айлантирамиз, деб куюқ ваъдалар беришибди. Жайдари оломон бу гапларга ғирт ишонибди.

Собиқ малайлар ишни, биринчи галда, деҳқонлардан бошлашибди. Аввал ерлар умумий бўлган, масалан, жамоага бўлиб берилган  минг гектар экин майдонида икки минг аҳмоқ қуллик қилар, улар ҳатто томигача пахта экишган экан.

Малайларнинг янги тузумида эса ўша минг гектар экин майдони ўн нафар аҳмоққа бўлиб берилибди, қолган деҳқонлар эса чет элларга бориб пул топиб келиш учун қувиб солинибди.

Янги ер эгаларини фермерлар деб номлашибди, улар экиб-тикиб ҳосил етиштирар, тайёр ҳосилга тепадагилар нарх белгилаб бор-будларини олиб қўярканлар.

Фермерлар амал-тақал тепадагиларнинг кўзини шамғалат қилиб тирикчилик ўтказар, ўша ерни ҳам олиб қўйишларидан қўрқиб, дами ичида юраверишаркан.

Мамлакатда ҳамма бойликлар сотила бошлабди. Таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида иш юритиш авжига чиқибди. Ҳадемай бу юртда бир чимдим одамлар мислсиз бойиб кета бошлабди, негадир камбағаллар ҳаддан ташқари кўпая бошлабди.

Катта-кичик амалдорлар порахўрликни бошлаб берибди. Аҳвол шу даражага етибдики, ҳеч бир иш олди-берди қилмай рўёбга чиқмайдиган бўлиб қолибди.

Яна бир томони, бу мамлакатда катта қўшниларнинг кўзини ўйнатадиган ер ости бойликлари мўлдан мўл экан. Юз тонналаб олтин, уран, ноёб қимматбаҳо металлар, газ қазиб олинар экан.

Аммо подшонинг буйруғи билан бу бойликларнинг миқдори халқдан мутлақо махфийсир тутиларкан. Четга сотилаётган бу каби бойликлардан келадиган пуллар подшо ва вазирларнинг оила аъзолари номларига хориж банкларига қўйиларкан.

Халқ орасида виждонли илм аҳлига жуда ёмон бўлибди. Чунки улар бундай бедодликка чидаб тура олишмабди, шартта гапириб юборишибди.

Бундан даҳшатга тушган подшо шайтонлаб қолибди ва бундай одамларни халқ душманлари деб эълон қилибди. Бунда миршаблар ва жосуслар подшонинг жонига оро киришибди.

Бундан кўнгли таскин топган подшо қайсар илм аҳли йўқ қилинсин, халқ тиз чўктирилсин, деб фармон берибди. Адолат томон бўлган илм аҳли узоқ йилларга қамоқларга тиқилибди. Қолган-қутганлари чет элларга бадарға қилинибди.

Адолат қувғин қилингач, бутун мамлакат халқи порахўрлик касалига мубтало бўлибди. Авваллари бўлган катта-катта завод ва фабрикалар бирин-кетин ёпилиб, енг ичида билимсиз бойвачча ўғриларга сотила бошлабди.

Янги корхоналар эса очилмабти, ишсизлар одамлар сони соат сайин кўпайгандан кўпайибди. Ишсиз халқнинг боши қотиб қолибди. Миллионлаган одамлар қашшоқликдан қочиб бошқа юртларга кўчиб кетишни бошлабди. Бу юрт аҳлининг дунёда кўчиб бормаган мамлакати қолмапти.

Халқнинг билагида кучи бор бўлган ёшлари ўзга юртларда хор-зор ишлаб, пул топиб, оиласини боқа бошлашибди. Бу соҳада ҳам малайлар ўзлари учун энг маккорона йўлини топишибди.

Аввало, ташқаридан келадиган бутун моллар учун чегараларни ёпишибди ёки фақат тепадагилар номларидан келадиган молларгагина алоҳида туйнук очиб қўйилибти, ана энди улар ўзларининг ишлаб чиқарган ёки ташқаридан олиб келган товарлари учун ўзлари хоҳлаганча нарх қўйиб сотишни йўлга қўйишибди.

Шундай йўл билан бечоранинг чет эллардан жонини тикиб ҳалол меҳнат қилиб олиб келган пулини шилишни бошлашибди.

Одамларнинг бошқа юртларга бориб адолат бобида кўзи очилиб бораётганини сезган малайлар четга чиққанларни алоҳида қора рўйхатга олиб, найранг билан ўйлаб топган туҳматлари асосида уларни ватан хоинлари, деб эълон қилиб жазолашни бошлабди.

Бу юртда маош олиб яшаётган барчанинг ўзга юртларга чиқишларига қатъий тақиқ қўйилибди. Мамлакатда малайлар хизматида чойчақа учун ишлайдиган жосуслар, чақимчилар, туҳматчилар кўпайгандан кўпайибди.

Ҳатто бир тўда одамлар туҳмат ва чақимчиликни тирикчилик манбаига айлантиришибди. Чунки улар бу хизмати эвазига алоҳида моддий рағбатлантирилар экан-да.

Адолатсизликка қарши ғиринг деб овоз чиқарган одам аёвсиз қамалаверганини кўрган халқнинг қўрққанидан дами ичига тушиб кетибди. Ҳадикка тушган халқ бир-бирлари билан гаплашгани ҳам чўчиб қолибди. Одамлар орасида ўзаро ишонч бутунлай йўқолиб кетиб ичлари гумон ва ғулғулага тўлиб тошибди. Бутун мамлакат авом халқини қаттиқ қўрқув ваҳимаси босибди.

Мамлакатда нарх-наво кундан кунга ошиб бораверибди. Бу юртда энг арзони оддий одам ва унинг меҳнати бўлиб қолибди. Минг одамнинг олдида обрў-эътибори бўлган ҳар қандай киши подшога қарши гапи учун кафолати билан йигирма йилга қамалар экан.

Энг биринчи галда одамлар подшога итоат билан сиғиниб, шукур қилиб яшашга даъват қилинибди, ношукурлар панжара ортига жўнатиларкан.

Янги итоатгўй маънавият яратиш мақсадида бу подшогача мавжуд бўлган барча китоблар йиғиб олиниб, кули кўкка совурилибди. Узоқ кечмиш авлодлар ҳур яшаган тарихни ўрганиш бутунлай тақиқланибди, малайларнинг ҳеч ким ўқимайдиган, золим подшо кўкларга кўтариб мақталган китоблари қайта-қайта чоп этилаверибди.

Ҳафсаласи пир бўлган халқ ниҳоят бутунлай ўқимай қўйибди. Энди оми одамлар ўзлари билмаган ҳолда подшо ва бойликка сиғина бошлабди. Эл-юрт ўртасида барака кўтарилибди. Иши юришмай тентираб дунё кезган бу юрт эркаклари қулларга, аёллари эса фоҳишаларга айланибди.

Ниҳоят, одамлар ҳам рост гапирмай қўйишибди, чунки подшо, вазир ва уларнинг малайлари бир оғиз ҳам рост гапирмас экан, шунинг учун ким рост гапирса, дарҳол жазоланар, ёлғон гапирганнинг эса ошиғи олчи экан.

Нархлар кун сайин ошиб бораверганидан одамларнинг куни нон-чойга қолибди, устига устак, янги малайлар томонидан ўйлаб топилган, дунёда йўқ солиқлар солиниб, одамларнинг силласини бутунлай қуритибди.

Малайлар дунёда ҳалигача қайд этилмаган яна бир ҳийлаю найрангни ўйлаб топишибдики, йўқ ердаги баҳона ва ёлғон ваъдалар билан одамларнинг яшаб турган уйларини бузиб ташлаб, ўзларини кўчаларга қувишибди.

Камбағалчилик ва йўқчилик чанг солиши ва чек-чегарасиз хору зорликларга қарамай, бу юртнинг халқи жим сукут сақлар экан. Бундай итоат ва сукут ҳамда синдирилган руҳни кўриб ҳам ҳавас, ҳам ҳасад қилган, мағрур, эрксевар, адолатпарвар халқидан безиган қўшни юртлар ҳукмдорлари тажриба ўрганиш мақсадида бу мамлакатга тинимсиз равишда элчилар юборар экан.

Тепадаги бир тупук бойлар миллиардлаган бойлик ичида чўмилиб роҳат-фароғатда яшар, оми халқ эса яшаб қолиш учун тирикчилик кўйида куну тун тиним билмай қора меҳнат билан банд экан.

Кунларнинг бирида бу оламда интернет ва телефон деган бало яратилибди. Бу матоҳлар ёшу қарини ўзига бутунлай ром этибди. Бу мамлакат одамлари интернетда тентирашни бошлабди-ю, тўсатдан чўчиб уйғониб, кўзлари ярақ этиб очилиб кетибди…

Ҳайрат
Ўзбекистонлик муаллифнинг «Элтуз»га йўллаган ҳикояси

Тағин ўқинг
15 май 2019
Бир пайтлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига ўқишга кираётганимда, ҳозирги пайтда Фейсбукда ҳам анча танилиб қолган амалдорлардан ...
29 апрел 2020
Андижон вилоятининг Андижон туманида участка нозирлари ва маҳалла фаоллари янги тузилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобига аҳолидан уйма-уй юриб ...
28 ноябр 2022
2014 йилнинг декабрида Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмоновни 9 йилу ...
3 май 2021
3 май куни таниқли ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов 76 ёшида Тошкентда вафот этди. У умрининг 20 йилини сиёсий ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...