Асосий мавзулар
26 январ 2021

Ота: “Қизимни бўйи етгунча тўйма-тўй олиб юраман, бунинг уят жойи йўқ”

Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи 38 ёшли Дилмурод Абдураҳмонов 5 ёшли қизи Афрўзани икки йилдан буён тўйма-тўй олиб юрган. Бунинг учун у “Ўзбекконцерт”нинг Фарғона бўлимидан лицензия ҳам олган. 

Қизча тўйларга бир миллион, туғилган кун ва шунга ўхшаш базмларга беш юз минг сўмга боради.

Қизчанинг тўйларда рақс тушиши тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларга чиқиб кетганидан сўнг унинг отасини аёвсиз ҳақорат қилганлар ҳам кўп бўлди. 

– Қиз меники, уни ўзим билан олиб юриш-юрмасликни ўзим ҳал қиламан, – деди унинг отаси Дилмурод Абдураҳмонов “Элтуз” билан суҳбатда. –  Тирикчилигимиз шу тўйлардан тушадиган пуллар эвазига бўлиб турибди. 

Интернетда қизимга раҳми келиб тарафини олаётганлар унга бир бурда нон берармикин. Беролмайди. Қизимни бўйи етгунга қадар тўйларда олиб юрмоқчиман. Кейин ўзи билади, балки санъат соҳасидан кетар, балки бошқа соҳадан. Буни ўзи танлайди.

Афрўза қатнашган тўйлар видеоларида кўринишича, қизча рақс пайтида болага хос бўлмаган беўхшов хатти-ҳаракатлар қилади ва даврадан пул йиғади. Отаси уни бошқариб туради. 

Бу видеоларни илк маротаба интернетга жойлаган андижонлик Сардор Бектемиров “Элтуз” билан суҳбатда видеони ижтимоий тармоқларда тарқатишни қизнинг отаси илтимос қилганини билдирди. 

“Бу видеони жойлаганимизга беш ойдан ошган. Декабрь ойлари охирларида Дилмурод ака видеони каналдан ўчириб ташлашни сўради. Мен ўчирдим. Кейин ИИБдан ҳам телефон қилишди. 

Буни нега тарқатиб юборганимга изоҳ сўрашди. Бўлган воқеани айтиб бердим. Вазиятни тушунтирдим. Мени жаримага тортмоқчи ҳам бўлишди”, дейди Сардор.

“Элтуз” Афрўза билан суҳбатлаша олмади. Ота қизининг интервью беришини истамади. 

Видеони кўриб, бола ҳуқуқлари бу ерда қай даражада топталяпти, нега шу вақтгача ота бу ишини тўхтатмади, деган саволлар пайдо бўлади. 

Қўқон шаҳри ИИБ ходими 2020 йил декабрь ойида бу ҳолат ўрганилиб, отага зарур кўрсатмалар берилгани, агар бу ҳолат яна кузатилса, қонуний чора кўрилишини маълум қилди.

“Элтуз” Маданият вазирлигидан ҳам муносабат олишга муваффақ бўлди. 

“Томонлар лицензия тартибини бузмаса, биз уни бекор қила олмаймиз. Биз уларнинг лицензия шартларини бажаришини назорат қиламиз. Ёш болаларга лицензия бериш мумкин эмас, деган нарса йўқ бизда”, деди вазирлик ходими. 

Меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперт Умида Ниёзованинг айтишича, БМТнинг болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, агар боланинг ёшига мос ривожланишига, соғлиғига ва таълимига салбий таъсир этмаса, унинг ишлашига тақиқ йўқ. 

Болалар ота-оналарнинг хайрияга муҳтожлик объекти ҳисобланмайди, балки катталарнинг барча ҳуқуқларига эга. 

“Кўринишидан, Афрўзанинг отаси унинг талантидан, биринчи навбатда, пул ишлаш мақсадида фойдаланмоқда. Болалар ҳуқуқларини ҳимояловчи маҳаллий органлар бундай фаолият болага жабр бўлмаяётганига ишонч ҳосил қилишлари керак”, деди Умида Ниёзова.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 март 2017
Ички ишлар органлари давлат бошқарув ҳокимиятининг энг катта органи ҳисобланади. Шунга қарамай, унинг фаолияти мустақиллик эълон қилингандан кейин қисқа ...
9 ноябр 2017
Маълум бўлишича, ўтган якшанба куни Тошкентдаги бир қанча шифохонаю поликлиникалар ходимлари Сергелида янги қурилаётган уйлар олдини тозалаш, уларни тартибга ...
27 ноябр 2020
АҚШ ва Ўзбекистон 2021 йилда “стратегик ҳамкорлик мулоқоти”га ўтишни мақсад қилган. Ўтган ҳафта Вашингтон президент Дональд Трампнинг 4 ноябрдаги сайловда ...
21 феврал 2023
Автобуснинг бу галги сони «Муштум» сатирик журналининг 100-йиллигига бағишланади. Бу сонда Муштумдан олинган карикатуралар шунингдек, Мақсуд Шайхзода ва Меҳриноз ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...