Асосий мавзулар
25 март 2021

Императив-16. Ҳайкалларнинг қочиши

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Агар ҳайкалтарош узоқни кўра оладиган санъаткор бўлса, у яратган ҳайкаллар ҳам узоқ-узоқларга қараб туради. Бордию ҳайкалтарош ҳаракатчан, курашчан бўлса, у асарини ўзи севган таҳайюлда – ҳаракат жараёнида тасвирлайди.

“Бўрон қуши ҳақида қўшиқ” муаллифи буюк Горький ҳайкали худди шундай ҳаракат қуюнида кўрсатилган.

Агар ҳайкалдаги бу шиддат самимий бўлса, бизнинг кўзимизни алдамаган бўлса, Алексей Максимович бир куни ўзининг қироллик супасидан шарт тушади-да, чорраҳани кесиб ўтади ва телефон буткасига боради.

Баҳайбат Горький бу катакка сиғармиди. У қўлини жаҳл билан силтаб, изига қайтади ва катта йўлга тушади, йўловчилар, ҳайдовчилар, ойнабанд дўкондаги сотувчилару сартарошхонадаги мижозларни ҳайратга солиб, тўғри Пушкиннинг ёнига келади!!!

Бир ерда туравериб чарчаган одамнинг ортиқча илтифотга унча хуши бўлмайди, шунинг учун ҳам Горький хаёлга чўмган Александр Сергеевичга имилламай қўл чўзади:

– Танишайлик, пролетар ёзувчиси Горький!

Пушкин “пролетар”, “Горький” сўзларини унча тушунмаганиданми ёки ҳали ҳам хаёл сураётганиданми, бир зум паришон туради, кейин ҳаракатга келиб, тагкурсидан сакраб ерга тушади:

– Танишганимдан ғоят хурсандман. Лекин, кечирасиз, айтинг-чи, мен ўзи қаердаман?

– Бунинг аҳамияти йўқ, азизим Александр Сергеевич, – дейди Горький бир оз вазмин, бир оз асабий, – ҳар ҳолда, биз Русияда эмасмиз, аниқроқ айтганда, сиз мен турган мамлакатдасиз.

Буюк Пушкин киноясимон ҳазилни тез тушунади ва шунга мос жумла тузади:

– Биласизми, мен оқ қайинларни жуда соғиндим. Ҳозир бирдан соғиниб кетдим. Кетмаймизми, а?

Горький фақат қайинларни эмас, азим дарё Волгани, Нижний Новгородни, қадрдони Владимир Ильични соғинганини тўкиб солмоқчи бўлади-ю, аммо реалистнинг вазминлиги бунга йўл қўймайди.

– Мен боя Масковга қўнғироқ қилмоқчи эдим, бўлмади. Энди ўзимиз бир илож қилиб жўнашимиз керак. Фақат, азизим Александр Сергеевич, сиз атрофингизга қараб, жуда ҳайрон бўлаверманг, мен йўл-йўлакай тушунтириб бераман сизга. Ҳозир муҳими – Русияга жўнашимиз керак.

Қарабсизки, бу икки сиймо эрталабки учоққа чипта олишади.

Икковлон учоқда суҳбатлашиб борар экан, Алексей Максимович кутилмаганда ўрнидан туриб кетади:

– Шўрим қурсин, Александр Сергеевич, таёғимни унутиб қолдирибман!..

– Ҳечқиси йўқ, жаноб Горький, Масковдан хабар қилиб олдирамиз таёғингизни, – дейди буюк рус шоири.

Алексей Максимович “жаноб” сўзининг ҳақорат эканини йўлдошига тушунтирмоқчи бўлади-ю, аммо унинг хаёлини севимли таёғи банд қилганидан, қўлларини ёзганча туриб қолади.

– Азизим, хабар қиламиз, лекин қаерга хабар қиламиз – биз учган шаҳарнинг номини билмаймиз-ку…

Шундай қилиб, агар ҳайкаллардаги шиддат ёлғон бўлмаса, бизнинг кўзимизни алдамаган бўлса, улар ўзлари турган супадан бир куни, шубҳасиз, тушади ва хоҳлаган томонга равона бўлади.

Биз – улуғ сиймоларнинг мухлислари – улар унутиб қолдирган машҳур таёқ учун янги музей очамиз». 1979 йил, Москва.

Агар Нурали Қобул бу аллегорияни эълон қилсайди, «Ўзбекистонда диссидент адабиёти пайдо бўлди», деб ёзган бўларди Ғарб матбуоти. Аммо ёзмади.Чунки Нурали Қобул бу матнни чоп эттира олмади. Ҳатто уни ўқиб кўриб, чоп қилиш учун уриниб ҳам кўрмади, чамамда.

Чунки матннинг очиқча антирус эканлигига биз «тупой» деб билган ўзбек цензурасининг ҳам ақли етарди. Унинг ақли етишига Нуралининг ҳам ақли етарди.

Мен Тошкентга келганимда сўрадим, Нурали матнни бостиролмаганини қуруқ бир шаклда эътироф этишдан нарига ўтмади. Мен ҳам суришириб ўтирмадим. Зотан, матннинг босилишига инонмаган эдим.

«Адашган ҳайкаллар» чиқмаганидан кейин бирор-бир матнни чиқариб мени мамнун этмак истарди.

Журнали ёзувчиларга саволлар шаклида бир сўровнома чиқарди. Саволларни Нуралининг ўзи тузган эди. Саволлар ўша пайтдаги матбуотда босилган суҳбатлардан фарқли, оригинал бўлиши учун ғайрат қилингани кўриниб турарди:

Кутилмаган саволлар

60-йиллар рус шоирларидан келган пафосли ўқиш бизнинг «авлод»га ҳам юққан эди. Балки тўғридан рус шоирлари бўлмаса ҳам, Абдулла Орипов воситасида юққан бўлиши мумкин, ким билади.

“Совет Ўзбекистони санъати” журналининг саволлари:

1. Ҳаётда ўзингиз йўл қўйган бирор хато Сизга сабоқ бўлганми? Шу ҳақда сўзлаб бероласизми?

2. Ўзингизни кечиролмаган дақиқалар бўлганми?

3. Бировлар сизни алдаганда, хаёлингизда нималар кечади?

4. Ҳақиқат ҳақида тасаввурларингиз?

5. 2000 йилда дунёни қандай тасаввур этасиз?

Саволларга Муҳаммад Солиҳнинг жавоблари:

1. Албатта, умр тўғри ишларгина эмас, хатолар силсиласидан ҳам иборатдир. Мен катта хатолар қилдим, деб мақтанолмайман.

Ҳаётда сабоқ олишга арзирли бирор хато қилган бўлсам, бу хатодан жуда нари борса, менинг болаларим хулоса чиқариши мумкин. Мен, ўз навбатимда, бошқаларнинг хатосидан, мумкин қадар “чиройли”роқ хатолардан ўрнак оламан.

2. Ўзимни кечирган дақиқалар кўп бўлган. Акс ҳолда Сиз билан суҳбатлашишдан, бу саволларга жавоб бериш имконидан аллақачон маҳрум бўлган бўлардим.

Ўксимагин, ўксинаверма

Қийнамаса виждон азоби.

Ер бўлмаса, осмонда бордир

Ҳаммасининг аниқ ҳисоби.

Агар виждон қийнамас экан,

Сабаби бор бунинг ҳам демак;

Авлиёсан, сен, сен бир авлиё

Ё қорни тўқ, шодмон кўрнамак…

Бу шеър ўзимни кечирмасликка яқин бир кайфиятда ёзилган бўлиши мумкин.

3. Бировлар алдаганида хаёлимда нима кечишини деярли эслолмайман. Ўзим алдаган дақиқалар ёдимда равшан гавдаланади, алдаётиб, нимага суяниб турганимни ёки қўлимда нима борлиги, чекаётган эдимми, тамакини ўчираётган эдимми – ҳаммасини эслайман, яъни биринчи саволга қарама-қарши ўлароқ, ўз хатоларимдан эмас, ўз алдоғимдан сабоқ олишга ҳаракат қиламан.

Менимча, ўз ёлғонига шафқатсиз бўлган одамни бошқаларнинг ёлғони чўчитолмайди. Бу борада менинг идеалим бор: “Урилиб-сурилиб, қийналиб-қимтаниб ўсган бир одам, одамзот қодир бўлган барча ёмонликларга дуч келган, жуда кўп алданган, аммо ҳамон мағрур одам, яъни жоҳил бўлиб қолиш учун барча “сабаблари” бўлатуриб, ҳамон жоҳилликдан йироқ инсон – буюкдир”.

4. Мен ноумид эмасман. Аммо юксак тушунчалар ҳақида гапираётган кишининг қиёфасидаги зўрма-зўраки жиддийлик менга доим эриш туюлган. Шу хавфдан қутулиш учун бу саволга иложи борича қисқа жавоб бериш керак деб ўйлайман:

Ёлғон – яшаш усулларидан биридир. Макр – яшамоқнинг яна бир йўли. Ҳийла ҳам шунақа.

Демак, тўғри сўзни айтмоқ ҳам

Яшаш усулига кирар, шубҳасиз.

5. Карл Маркс капиталистик жамиятнинг касалликларини очиб берди, кутубхонада икки йил ўтириб, “капитализмни гўрга тиқди”. Кейин “гўрда туғилган гўрўғли”лардан бири бўлмиш Зигмунд Фрейд ўша жамиятнинг бир одамини олиб, унинг ички дунёсини ўргана бошлади…

Менимча, жамият ва шахс ҳақидаги таълимот 2000 йилга бориб янада ривожланади: космос билан бир қаторда одам ўзини ҳам ўрганишга қаттиқ киришади ва балки шунда 2500 йилни бемалол тасаввур қилиш мумкин”. (1980)

Бу матн редакцияда узоқ ётди. Бир йилга яқин чамамда. Лекин чиқди.

Нурали Қобул бу сафар сўзини тутди.

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
24 март 2016
“Адолат” газетаси интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги масалаларига бағишлаб Самарқанд давлат чет тиллар институтида бўлиб ўтган тадбир ҳақида хабар ...
7 январ 2017
Ҳуррият ва бошқа турк газеталарининг ëзишича қотил “Абу Муҳаммад Хуросоний” код исми билан ҳаракат қилган ўзбек миллатига мансуб Абдуқодир ...
5 январ 2016
Янги йил арафасида Фэйсбук саҳифаси иштирокчилари «Тошкент гўзали»ни танлашди. Актриса Олеся Недобегова бу виртуал танлов ғолиби бўлди ва у ...
7 сентябр 2016
Ўзбек сегментида Каримов ўлимидан сўнг агрессив троллинг авж оларкан, ижтимоий тармоқда президент Ислом Каримов ўлими фонида унинг шахсини илоҳийлаштириш ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...