Document UZ
26 апрел 2021

Андрей Кубатин: Пок номим тикланишини истайман

Замонавий ўзбек туркшунослигининг йирик вакили Андрей Кубатин 2020 йил 29 октябрда коронавирус хасталигидан вафот этганди. 

2017 йилда олим Жиноят кодексининг давлатга хиёнат қилишга оид моддаси билан айбланиб, беш йилга (апелляциягача 11 йилга) озодликдан маҳрум этилган эди. 

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар бу айблов уйдирма эканини айтиб чиқишганди. 

2019 йилда Кубатин суд қарори билан оқланиб, вафотига қадар Фанлар академиясининг Миллий археология марказида фаолият юритганди. 

Бош прокуратура ҳибсга олинган Кубатинга дастлабки тергов давомида руҳий ва жисмоний тазйиқлар бўлгани ҳақидаги иддаоларни рад этиб расмий баёнот тарқатган. 

Шунингдек, марҳум олимнинг опаси томонидан Андрей Кубатин ўлимидан олдин шифохонада ётганида унга нотўғри ташхис қўйилгани юзасидан шикоят берилганида ҳам прокуратура бу бўйича жиноий ҳаракатлар аниқланмаганини баён этиб, иш қўзғатишни рад этганди.

Қуйида «Элтуз» Андрей Кубатиннинг ўзи устидан қўзғатилган жиноят ишининг объектив тарзда кўриб чиқилишини ва пок номи тикланишини сўраб Ўзбекистон президенти администрациясига 2018 йилда ёзган шикояти хатини эълон қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига Республика Ҳарбий суди томонидан 157-модданинг 1- қисмига асосан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш учун ҳукм чиқарилган Андрей Викторович Кубатиндан

ШИКОЯТ ХАТИ

Мен яна бир бор менга нисбатан адолатни тиклашда ёрдам беришингизни, пок номимни оқлашда ёрдам беришингизни сўраб мурожаат қилаяпман. Ўн йил давомида мен туркшунослик, хусусан, ўзбек давлатчилигининг дастлабки ўрта асрлар тарихи соҳасида тадқиқотлар олиб бордим. Илк ўрта асрларда Марказий Осиёнинг нумизматика ва лингвистика тарихига бағишланган 4 та монография ва 80 дан ортиқ илмий мақолам нашр этилган ва менинг илмий ютуқларим дунё миқёсида обрўга эга ушбу соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан юқори баҳоланган. Фаолиятим давомида мен 180 гигабайтдан ортиқ бўлган кенг электрон кутубхонани тўпладим. Унда туркий халқлар, жумладан, Марказий Осиё тарихи, лингвистикаси, археологияси бўйича интернет ва Ўзбекистон кутубхоналарида эркин фойдаланиш мумкин бўлган мақолалар ва 4000 га яқин электрон китоб мавжуд. Улар чуқур илмий академик материаллардан иборат.

Шуни таъкидлашни истардимки, мен ўзилмий кутубхонамни бошқа олимлар билан ўртоқлашганман ва бу дунё илмий доираларида одатий ҳолдир. Шундай қилиб, мен ўша пайтда Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт агентлигининг (ТИКА) Тошкентдаги ваколатхонасини бошқарган туркиялик олим тарихчи Сулайман Қизилтупроқ (Suleyman Kiziltoprak) билан мулоқот қилганман. У билан бирга биз Ўзбекистон бўйлаб тарихий жиҳатдан туристик қўлланма ёзишни ният қилган эдик. Шунинг учун у мендан материаллар билан ёрдам беришимни сўради ва мен унга электрон кутубхонамни бепул беришга рози бўлдим.

Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ТИКА) ходими Музаффар Жониев

Ўша вақтда ТИКА ходими Музаффар Жониев суҳбатимизда иштирок этган. Кейинчалик М.Жониев С.Қизилтупроқнинг ўз давлати махсус хизматлари билан алоқаси борлигидан шубҳа қилгани ва мен  гўёки 1000 АҚШ доллари эвазига унга Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви (ЎзР МДА)  ҳужжатлари нусхаларини ва Фанлар академияси Шарқшунослик институти (ЎзР ФА ШИ) қўлёзмаларини беришни режалаштираётганимни билдирган ҳолда Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ)га ариза билан мурожаат қилган.

2017 йил 13 мартда М.Жониевнинг ўзи Тошкент давлат шарқшунослик институтида иш жойимга гўё С.Қизилтупроқ учун маълумотларни ёзиб олиш мақсадида ҳард-дискни олиб келди. Сўнгра 2017 йил 21 мартгача бўлган вақт мобайнида у менга бир неча марта қўнғироқ қилиб, дискни унга топширишимга шошилтирди. 2017 йил 25 мартда М.Жониев МХХ ходимлари билан келишилган ҳолда менга қўнғироқ қилиб, гўёки уни С.Қизилтупроққа бериши учун ҳард-дискни олиш жойи тўғрисида мен билан келишиб олди ва унга бераётган пайтимда мени ҳибсга олишди.

Хорижий давлатларнинг махсус хизматлари билан ҳеч қачон алоқам бўлмаганига ва уларга Ўзбекистонга қарши душманлик фаолиятини амалга оширишда ёрдам бермаганимга қарамай, гарчи менда ҳеч қачон кириш ҳуқуқи бўлмаган давлат сирларини ҳеч кимга бермаганим ёки ошкор қилмаганимга қарамай, менинг ҳаракатларим Жиноят кодексининг 157-моддаси 1-қисми билан Миллий хавфсизлик хизмати томонидан асоссиз равишда ва ҳеч қандай сабабсиз квалификация қилинган. Сўроқ ва тергов давомида жиддий қонун бузилишларига йўл қўйилиб, жумладан, МХХ ходимлари мендан ўзларига маъқул бўлган ва ҳақиқатдан йироқ кўрсатмаларни олиш учун менга бир неча бор жисмоний ва руҳий босим ўтказди. Натижада мен 16 ойдан кўпроқ вақт қамоқда қолдим. 

Шундай қилиб, мени 2017 йил 25 март куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани ҳудудида МХХ ходимлари ҳибсга олишди. Кейин улар мени Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бошқармаси биносига олиб боришди. У ерда мен бошлиқ ўринбосари хонасида деярли бир кун давомида сўроқ қилиндим. Сўроқ пайтида МХХ ходимлари, хусусан, Бекжон исмли шахс бош кийимимга гиёҳвандлик моддаларини солиб қўйиб, менга нисбатан қўпол жисмоний куч ишлатган ҳолда гўёки мен С.Қизилтупроққа ЎзР МДАдан олинган тарихий ҳужжатларни олдин берганман ва топширган материалларим учун пул олишим керак эди, деб ёзишга мажбур қилишди. 

Гарчи аслида мен электрон кутубхонамни унга олимнинг олимга туҳфаси сифатида текинга фойдаланишга бермоқчи эдим. Улар менга қарши айбловларни дарҳол қўзғата олмаганликлари сабабли 2 ҳафта биргаликда уйдирмалар тўқишгач, эртаси куни, 2018 йил 26 мартда Миллий хавфсизлик хизматининг ходимлари мени  Мирзо Улуғбек тумани ИИБ зобити майор Ҳасан Абдуллаевга топшириб, улар майорнинг ҳузурида гўёки унга бўйсунмасдан ва ҳақорат қилганим ҳақида тушунтириш хати ёзишга мажбур қилишди. Худди шу куни мени Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судига олиб боришиб, менга 15 кунлик маъмурий қамоқ жазосини тайинлашди ва бу муддатни Панел изоляторида ўтказдим.

Шу вақт ичида МХХ тезкор ходимлари тергов изоляторига икки марта келиб, мени сўроқ қилишди. Фақатгина 2017 йил 10 апрелда 15 кунлик қамоқдан кейин мени Миллий хавфсизлик хизмати тергов изолятори (СИЗО)га жойлаштиришди,  у ерда менга доимий равишда жисмоний ва руҳий босим ўтказилди. Шундай қилиб, МХХ тергов бошқармаси СИЗО ходимлари келишуви билан «лохмач» лақабли, ўзини Кулаев Андрей Петрович дея таништирган  жиноятчи камерада мен билан бирга ўтириб, терговчилар майор Дониёр Абдуллаев ва катта лейтенант Жобир Рўзиевнинг кўрсатмаларига биноан, менга нисбатан жисмоний куч ва руҳий зўравонликни қўллаган ҳолда, мени Миллий хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси бошлиғи подполковник О.В.Бусигин номига иқрорнома ёзишга мажбур қилишди. СИЗО бошлиғи билан биргаликда ҳибсга олинганларни уриб, ўзлари учун керакли кўрсатмаларни олиш мақсадида «лохмач»га барча шароитларни яратиб беришган.

Менинг хулосамга асос сифатида эксперт Суҳроб Юсуповнинг сохта эксперт материали, яъни мен С.Қизилтупроққа беришни мўлжаллаган материаллар хизмат қилди. Экспертиза мутахассис томонидан эмас, балки жиноий-процессуал қонунчилик нормаларини қўпол равишда бузган ҳолда ҳамда юзаки равишда ўтказилди. Бундан ташқари, менга дарҳол у билан танишиш ва эътироз билдириш имконияти берилмади. 2017 йил апрель ойида ўтказилган тергов жараёнида мен ўз ишим бўйича терговчи Д.Абдуллаевнинг иш столида тасодифан экспертизани кўриб қолиб, ундаги жиддий камчиликлар ва хулосанинг асоссизлигини кўрсатдим. Аммо у хулоса билан тўлиқ танишишга ва эътироз билдиришга имкон бермади. Бундан ташқари, эртаси куни Миллий хавфсизлик хизматининг Азиз исмли (унинг тўлиқ исми-шарифини аниқлай олмадим) ходими оиламга шантаж қилиш орқали босим ўтказиб, менга экспертиза борасида жим туришни буюрди. Мен тергов тугашидан бир неча кун олдин, Ж.Рўзиев менинг ишим бўйича терговчи бўлганидан сўнг, экспертиза билан тўлиқ танишишга муваффақ бўлдим. У мени экспертиза натижалари билан танишганим тўғрисида эски сана билан ҳужжат имзолашга мажбур қилиб, ультиматум тарзида менга экспертиза ҳақидаги эътирозимни рад этди.

Тергов давомида барча сўроқлар менга терговчи томонидан тайинланган ва сўроқдан кейин менинг иштирокимсиз имзо қўйган адвокатнинг иштирокисиз амалга оширилди. Бундан ташқари, тергов пайтида МХХ ходимлари ва терговчилар менга тергов ва суд мажлисида чин дилдан иқрор эканимни тан олишимни кўп марта айтиб, бунинг учун судга босим ўтказиб, ЎзР Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, уларнинг ёрдами туфайли судья менга 10 йиллик қамоқ жазосини тайинлашини ваъда қилишди. Истисно тариқасида, менга умумий режимдаги колония эмас, балки алоҳида турар жойли колония берилади. Амалиёт шуни кўрсатдики, биринчи инстанция суди судьяси У.Шокиров мени, шубҳасиз, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари таъсири остида 11 йилга озодликдан маҳрум қилди. Қизиғи шундаки, биринчи инстанция суди жараёнида мен эксперт С.Юсуповни судга экспертиза тўғрисида тушунтиришлар бериш учун келиб, бу борадаги менинг эътирозларимга жавоб беришига эриша олмадим. Адвокатимнинг С.Юсуповни биринчи инстанция судига чақиришга бўлган уринишларига босим ўтказилди. Ноябрь ойида юқорида айтиб ўтилган Азиз менинг олдимга – ЎзР Жазоларни ижро этиш бош бошқармаси УЯ631СИ-1 («Тоштурма»)га келиб, мен билан штаб биносида суҳбатлашди. Суҳбат давомида у менга ёрдам беришларини айтиб, фақат суд жараёнида чин дилдан тавба қилишимни ва айбни тан олишимни, бундан ташқари, адвокатим ва қариндошларим беҳуда ҳаракат қилишаётгани, уларнинг барча уринишлари фойдасиз эканини айтди. Чунки судья сенга биз унга айтган муддатни беради ва, айниқса, сенинг озодликка чиқишинг  бизга боғлиқ, деди у. Суҳбат давомида мен унга эксперт С.Юсуповнинг суд жараёнидаги иштирокини таъминлаш ва шунда ёрдам беришини сўрадим, лекин у жавобан фақат кинояли кулди. Шундай қилиб, тергов ва суд жараёнида йўл қўйилган жиддий камчиликларга, ҳимоячилар томонидан келтирилган барча далилларга қарамай, биринчи инстанция суди 2017 йил 1 декабрда гўёки мен 1000 АҚШ доллари эвазига ЎзР МДА ҳужжатлари нусхаларини ва ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларини аризачи М.Жониев орқали С.Қизилтупроққа бермоқчи  бўлганим материал бўйича эксперт хулосаси, шунингдек, унга нисбатан оператив маълумот асосида менга 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шундан сўнг мен апелляцияёздим. У 2017 йил 27 декабрдан 2018 йил 8 майгача кўриб чиқилди. Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг доно раҳбарлиги остида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, суд тизими соҳасидаги ислоҳотлар менинг ишим кўриб чиқилишига таъсир қилди, албатта. Аммо барибир, гарчи муҳтарам Президентимиз Ш.М. Мирзиёев судьяларнинг жавобгарлиги, суд жараёнида адолатли бўлиш тўғрисида кўп бор гапирган бўлса-да, мен Республика ҳарбий суди судьялари томонидан адолатни топмадим. Аризачи М.Жониевнинг мен С.Қизилтупроққа пул олмаганим ва олмоқчи бўлмаганлигим ҳақидаги гувоҳликлари, мен С.Қизилтупроққа бермоқчи бўлган материаллар ушбу ташкилотларга тегишли эмаслиги тўғрисидаги ЎзР МДА ва ЎзР ФА ШИ маълумотномалари суд томонидан ҳисобга олинган ва айбловнинг бу қисми мендан олиб ташланган. Шунга қарамай, 2018 йил 8 май куни апелляция инстанция суди мен С.Қизилтупроққа бермоқчи бўлган материални ва у ҳақидаги оператив маълумотни ўрганиш асосида мени 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Экспертиза ва эксперт хулосаси ҳам алоҳида мавзу. Мен бермоқчи бўлган экспертиза материали тез ва камчиликлар билан кўриб чиқилган. Менинг барча материалларимнинг илмий нашри бўлишига қарамай, унга сиёсий дастурлар, афиша ва плакатлар ҳамда сиёсий ва бошқа ташкилотларнинг материалларини текшириш учун тайинланиши керак бўлган сиёсий экспертиза тайинланган, аслида илмий экспертиза тайинланиши керак бўлса-да. Эксперт ўз хулосасида шунчаки ҳеч қандай изоҳ бермасдан, 4000 га яқин китоб ичидан фақат бир нечтасига улардан пантуркизмни тарғиб қилиш, миллатлараро ва динлараро адоватни қўзғатиш ва мамлакатнинг геологик бойлиги тўғрисида маълумот олиш мумкинлиги ҳақида характеристика берган. Бу Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига зиддир. Унга мувофиқ, кенг қамровли экспертиза ўтказилиши ва далиллар келтирилиши керак эди. Бу ишлар қилинмади. Бу сафар суд мажлисида эксперт С.Юсупов пайдо бўлди. Ҳимоячининг саволлари шуни кўрсатдики, С.Юсупов материалга тўлиқ эгалик қилмайди. Журналист сифатида бошланғич маълумотга эга бўлган, сиёсатшунослик бўйича магистратурани тугатган, шунингдек, илмий даражага эга бўлмаган одам бир-биридан узоқ бўлган геология, тарих, тилшунослик, археология ва бошқа масалалар бўйича хулоса бериши қизиқ ҳолат. Нима, у академик-энциклопедистми? Бунинг учун унинг ҳеч қанақасига қонуний ҳуқуқи йўқ. Шундай бўлиши керак эдики, ҳар бир йўналиш бўйича ўз соҳаларининг экспертлари хулоса беришлари керак эди, аммо бундай қилинмаган. Масалан, Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича оқланган Бобомурод Абдуллаевнинг иши бўйича, гарчи унинг барча материаллари 200-300 саҳифадан ошмаса-да, экспертиза учун сиёсатшунослик докторлари жалб қилинган.

Тарих, археология, лингвистика, қисман геология билан географияга оид материалларим – 4000 дан ортиқ китоб ва мақола экспертизаси политолог магистр томонидан ўтказилди. Нонсенс! Шунинг учун мен апелляция судидан тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда янги экспертиза ўтказилишини сўрадим. Суд рад этган нарса шу. Шуни таъкидлаш керакки, суд Х.Сулаймонов номидаги экспертиза институтига янги экспертиза ўтказиш тўғрисида сўров юборган, аммо институт судга эксперт хулосасини нега қаноатлантирмаганини асослаш талабини билдирган жавоб юборган, аммо суд ҳеч қандай фикр бирдирмади. Бунга жавобан мен ва ҳимоячим экспертиза хулосалари тўғрисида ўз фикрларини билдиришлари учун Ўзбекистон Миллий университети, Фанлар академияси Тарих институти ва Давлат геология қўмитаси мутахассисларини таклиф қилишларини сўрадик. Шундай қилиб, профессор, тарих фанлари доктори Х.Сулаймонов, тарих фанлари номзоди А.Маликов ўз кўрсатмаларида  ҳард-дискдаги барча китоблар Ўзбекистон ва дунё кутубхоналарида, интернетда эркин фойдаланиш учун мавжудлигини ва илмий нашрларга эга эканини, шунингдек, уларни пантуркизм учун ишлатиш мумкин деган эксперт хулосаси бемаънилик ва ҳақиқатдан йироқлигини таъкидладилар. 

Профессор, сиёсатшунослик фанлари доктори, ўз соҳасининг етакчи мутахассиси З.Мунавваров ҳам динлараро ва миллатлараро адоватни тарғиб қилиш, экстремистик диний материалларини мустаҳкамлаш учун ХIХ аср рус муаллифларининг асарларидан фойдаланиш бемаънилик эканини таъкидлади. Давлат геология қўмитаси мутахассиси 2014 йилдан кейин топилган конлар тўғрисидаги маълумотлар махфийлигини таъкидлади, аммо менинг материалим булар сирасига кирмайди. Бундан ташқари, С.Юсуповнинг географик билимларига ҳайрон қолиш керакки, у ўз хулосасида Ҳисор ва Воҳидов доменларининг маълумотларини Тожикистон ҳудудида бўлишига қарамай, Ўзбекистонга беради. Экспертизанинг номувофиқлиги академик, таниқли тарихчи, археолог А.А.Асқаров томонидан судга ёзма кўрсатмаларида ҳам кўрсатилди. Аммо суд илмий даражага эга экспертларнинг фикрини инобатга олмади ва ўз қарорини ҳеч қандай даражага эга бўлмаган «профессионал энциклопедист» С.Юсуповнинг хулосасига асосан чиқарди. 

Мантиқ қани, судьяларда адолат қани?!!! Бундан ташқари, баъзи маълумотларни олиш ва баъзи ташкилотларга сўров ўтказиш учун менинг ҳимоячим ишимдаги «махфий» штампни тўлиқ ёки қисман олиб ташлашни илтимос қилди. Аммо суд бу талабни рад этди. Гарчи менинг ишим тафсилотлари деярли бутун дунёга маълум бўлса ҳам. Шунингдек, суддан Миллий хавфсизлик хизматининг тезкор бўлинмасига С.Қизилтупроқ бўйича тезкор баённома тузилган материални тақдим этишини сўрадим. Бу ҳам рад этилди. Биринчидан, шуни таъкидлаш керакки, на уларнинг тергови ва на иккала инстанция суди менинг бирон бир давлатнинг махсус хизматларига алоқадор эканимни исботлагани йўқ.

С.Қизилтупроқнинг ўз мамлакати махсус хизматлари билан алоқадорлиги тўғрисида тўғридан-тўғри далиллар йўқлиги сабабли, энг кўпи билан 8-10 та жумладан иборат бўлган оператив маълумотномада у ҳақида интернетдан ҳам олиш мумкин бўлган маълумотлар келтирилган. Шунингдек, у пантуркизмнинг антагонисти бўлган нео-усмонизм тарафдори экани ва унинг ғояларига қарши, шунингдек, ТИКАнинг Анқарадаги собиқ раҳбари, яъни ушбу ташкилот президенти Туркия миллий хавфсизлик хизмати (МИТ) раҳбарига айланган ҳамда С.Қизилтупроқ Туркия элчихонасининг баъзи ходимлари, гўёки уларнинг махсус хизматлари билан алоқадор бўлган Туркия фуқаролари билан учрашган. Аммо ТИКА президентининг МИТ раҳбари лавозимига тайинланиши ҳеч нимани англатмайди. Шунингдек, С.Қизилтопроқ ўзининг элчихонаси ходимлари билан ТИКА ваколатхонаси раҳбари вазифасидан келиб чиқиб ҳамда шунчаки ватандошлари сифатида ҳам алоқада бўлиши мумкин. Бундан ташқари, аризачи М.Жониев инстанция судларида берган кўрсатмаларида тасдиқлаганидек, С.Қизилтупроқ мендан ТИКА эҳтиёжлари учун эмас, балки ўзининг шахсий илмий мақсадлари учун материал сўради. Шу билан бирга, мен ҳибсга олингандан кейин нима учун ЎзР МХХ тезкор ходимлари С.Қизилтупроққа қарши ҳеч қандай чоралар кўрмагани қизиқ факт. 2017 йил 25 мартда ҳибсга олинганимдан сўнг сўроқ пайтида мен МХХ тезкор ходимларига агар С.Қизилтупроқҳақиқатан ҳам Ўзбекистонга қарши ҳаракат қилаётган бўлса, у ҳолда мен МХХ ходимлари учун қулай бўлган жойда унга ҳард дискни шахсан ўзим бериб, уни ҳибсга олишлари учун тутиб беришимни айтдим. Лекин улар бу таклифни рад этишди. Бундан ташқари, мен ҳибсга олинганимдан сўнг С.Қизилтупроқ ваколат муддати тугагунига қадар уч ой давомида бемалол Ўзбекистонда юрди.

Гарчи мантиқан, агар у айбдор бўлса, дипломатик мақомга эга шахс сифатида персона нон грата деб эълон қилиниши ва 24 соат ичида Ўзбекистондан чиқариб юборилиши керак эди. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг фақат битта нотаси етарли бўлар эди, лекин бу ҳам амалга оширилмади. Қизиқ, нега?!!! Жавоб йўқ. Шуни таъкидлаш керакки, мен ва ҳимоячим биринчи инстанция судининг қарорини рад этган бўлса-да, бу сафар апелляция инстанцияси Ўзбекистонга қарши душманлик фаолиятини амалга оширишда ёрдам берганликда ва Жиноят кодексининг 57-моддасига кўра айблаб, мени беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Суд 2018 йил 8 майда яна эксперт Юсуповнинг хулосаси, яъни таклиф қилинган экспертлар томонида номувофиқлиги кўрсатиб ўтилган хулоса ва оператив маълумотлар асосида қарор чиқарди ва қарорда А.Кубатин ТДШИ халқаро муносабатларда Хитой тарихи, сиёсати кафедраси ўқитувчиси дея ёзилган бўлса ҳам, аммо у етказмоқчи бўлган материалнинг барчаси туркология билан боғлиқ экан. Суд менинг туркология соҳасида 10 йилдан ортиқ вақт давомида изланишлар олиб бораётганимни ва бу йўналишда илмий ютуқларга эришганим, улар дунё илмий жамоатчилиги томонидан эътироф этилиб, ушбу соҳада ишлайдиган дунёга таниқли олимлар муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевга ёзган очиқ хатларида булар айтиб ўтилганини унутиб қўйишди.

Аммо нима учун суд ҳам буни ҳисобга олмаганини билмайман. Қизиғи шундаки, агар биз суд қароридан келиб чиқадиган бўлсак, унда ТИКА Ўзбекистон ҳудудида бизнинг давлатимизга қарши душманлик ҳаракатларини олиб бормоқда. Агар шундай бўлса, унда нима учун ҳали ҳам Ўзбекистонда фаолияти тақиқланмади, бунинг учун йил охирида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан аккредитация бермаслик кифоя. Аммо бу амалга оширилмаган. Аксинча, ТИКА Ўзбекистонда 1993 йилдан бери ишлайди. Шундай қилиб, 2017 йил 19 декабр куни унинг президенти Сердар Чам Президент Ш.М.Мирзиёев томонидан қабул қилинди ва у билан 60 миллион долларлик, 2 йил ичида амалга оширилиши керак бўлган грантлар имзолаб, шу йилнинг май ойида 10 кун давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 100 дан ортиқ лидерини ўқитди ва республика ҳудудида бошқа лойиҳаларни амалга оширмоқда. Суд бу саволга ҳам жавоб бермади. Шундай қилиб, мен «Нега қамоқда ўтирибман?» деган саволга ҳеч қачон тушунарли жавоб олмадим. Қарийб 4 ойдан зиёд вақт апелляция шикояти мобайнида бирор одам Жиноят кодексининг 157-моддаси бўйича жавобгарликка тортилганини эшитмадим ёки МХХ номи Давлат хавфсизлик хизмати номига ўзгартирилганидан кейин Ш.М.Мирзиёевнинг доно раҳбарлиги остида амалга оширилган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларидан сўнг, «давлат хоини»лари кўчирилди. Катта эҳтимол билан кўчирилиши сабаби Давлат хавфсизлик хизмати ўз иш статистикасини янги бегуноҳ қурбонлар билан тўғрилай олмайди. У энди мутлақ кучга эга эмаслиги сабабли қийноққа солиш, уриб кўрсатмалар олиш, шантаж қилиш каби эски усуллардан фойдаланишнинг иложи йўқ. Кўриб турганингиздек, эски усуллардан фақат ёлғон ва алдов усули қолган. Ҳукм эълон қилинганидан кейин 2018 йил 11 май куни эрталаб мени УЯ 64 CИ-1 махсус бўлимига чақиришди ва компьютерда менинг ҳузуримда улар мен учун афв этиш ва тавсифнома анкетасини тўлдиришди. Нега бундай бўлганини сўраганимда, улар «юқоридан» сўрашаётганлигини айтишди. УЯ 64 CИ-1 махсус бўлими ходимларидан анкета нима бўлгани ҳақида сўраганимда, улар манзилга юборишганини айтишди. Аммо қариндошларимнинг Жазоларни ижро этиш бош бошқармасига қилган сўрови, шунингдек, менинг шахсий ишимда афв этиш учун ҳужжатларнинг йўқлиги, эҳтимол, Давлат хавфсизлик хизмати оперлари яна мен билан ёлғонга асосланган комедия ўйнаганлигини кўрсатмоқда. Ва агар мен ёзмаган бўлсам, қандай қилиб анкетани рухсатсиз юборишлари мумкин. Воқеалар мантиғининг барчаси шуни кўрсатадики, менинг ишим билан боғлиқ бўлган Давлат хавфсизлик хизматининг айрим ходимлари менинг ишимни суд мажлисида кўриб чиқишда охиригача аралашган, чунки менинг оқланишим айрим шахслар учун ҳақиқий маҳрум этиш муддатини англатади.

Умид қиламанки, мен Миллий хавфсизлик хизмати статистикасининг сўнгги қурбони бўлиб қоламан ва бундай статистика Давлат хавфсизлик хизматида бўлмайди. Умид қиламанки, муҳтарам Президентимиз Ш.М. Мирзиёев ва халқимиз фақат идора ўзгариб, методлар эскилигича қолиб кетишига йўл қўймайди. Мен қайта ва қайта адолатли бўлишга чақириб, ишимнинг объектив тарзда кўриб чиқилишини сўрайман. Пок номим тиклашингизни яна бир бор сўрайман. Агар менинг кимлигимни билмоқчи бўлсангиз, мен ҳақимда ҳамкасбларимдан, талабаларимдан, қариндошларимдан, мен туғилиб ўсган маҳалламда яшовчи аҳолидан сўранг, менинг асарларимни ўқинг. Мен ҳар доим Ватанимга содиқ бўлганман, содиқман ва содиқлигимча қоламан. Ўзбек халқини севганман, севаман ва севишда давом этаман ва ҳатто юрагим уришдан тўхтаб, ўзим туғилган юртимнинг заррасига айлансам ҳам бу муҳаббат ва садоқат вужудимда сўнмайди. Менга нисбатан адолат қарор топиши учун барча синовларга тайёрман, чунки Яратган олдида виждоним тоза ва вақт ўтиши билан адолат ғалаба қозонишига ишончим комил. “Мол – жонимнинг садақаси, жон – оримнинг садақаси” деган нақл бежизга айтилмаган.

Ҳурмат билан, Кубатин Андрей Викторович.

28.08.2018

Тағин ўқинг
2 феврал 2024
– Мана хафта зувв этиб айланиб яна сиз билан юзма юзман. МС: Овонг оғо, бугун бешланжий гун. Гурунгни сиздан ...
18 март 2019
Яқинда аллақайси «академик» Ўзбекистон Республикасини монархияга трансформация қилиш таклифи билан чиқди. Афтидан, мамлакат раҳбари очиқчасига лаганбардорликни сезгани ҳам йўқ, ...
1 феврал 2023
Тошкентнинг Янгихаёт туманида бедарак йўқолган 12 ёшли қиз уйидан 20 метр узоқликда ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда UzNews.uz'га вазиятдан ...
11 март 2019
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари, 4 фарзанднинг онаси, 35 яшар Наргиза Саидованинг фейсбук юзери Ҳаёт Бахтиёрўғли ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...