Асосий мавзулар
14 май 2021

РТдан ваъз: Айиқ ўлдириб пул ейдиган амалдорлар ўлкаси

Манам Мажнун беҳуддек гадолар бўлмасам бўлмас,

Кийиб жанда, кулоҳ, ғамда адолар бўлмасам бўлмас.

(Ҳамза)

Жадид отамиз Ҳамза Ҳакимзода ижоди ва Мажнун образи ҳақида ваъз ўртасида яна гапираман. Бугунги байрам ҳақида ëзган шоир ҳайит куни ясанган одамлар манзарасини тасвирлайди:

Ийд куни барча ясангай турфа алвонлар кийиб,

Осмон гўё оёқ остида барафтоддир.

Аммо жадид отамиз Ҳамза шунчаки байрамни тараннум қилиб қўядиган маддоҳ эмасди. Шеърнинг кейинги сатри танганинг бошқа тарафини сизга кўрсатади:

Камбағаллар титрашиб юргай яланғоч изғишиб,

Оҳ, бу фақирлик, асорат онлари сайёддир.

Дил шикаста, бағри хун, кўзида ёши шашқатор,

Отасиз, бахтсиз етимлар ҳолига фарёддир.

Улуғ шоир ва жадид бобомиз Ҳамзанинг 1914 йил рамазон байрами куни  ëзган ғазалидаги мана бу мисрага диққат қилсак:

Дарбадарлик, беватанлик зарби етмасми анга!

Боз анга дашному таъна ханжари муздоддир.

Бугун чет элларда дарбадар юрган ватандошларга таъна-дашном қилгувчилар кўпайган. Уларга дарбадарлик азоби шундоқ ҳам етиб турганида бизнинг маломат ортиқча. Қаранг, бу ҳолатни Ҳамза гўзал бир шаклда ëзиб кетибди. 

Қисқа хабарлар

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси фаоли Жаҳонгир Отажонов Истанбулдан Тошкентга қайтди. Байрамдан кейин Адлия вазирлигига бориб, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган “Эрк” партияси фаолиятига қайси қонун асосида тўсқинлик қилинаëтганини сўраб суриштиради. Марҳабо!!!

+++

Чортоқлик 19 ёшли йигит 28 ёшли қўшнисининг уйига кириб 140 кило болни ўмарди. Ўғри ушланганида 123 кило болни еб ютган эди. Бол тутган бармоғини ялабди.

+++

Жиззах шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Ойбек Нурматов 2 минг доллар пора олаётганида қўлга тушди. Ойбек Нурматов тадбиркорларнинг биридан қурилиш-таъмир ишлари бўйича ўтказиладиган тендер савдода ютишини таъминлаш эвазига 2 минг доллар пора талаб қилган. Жиззах порахўрларни зарб қиладиган сандонга айланди.

+++

Тошкентдаги биринчи туғруқхона масъуллари тўлғоқ дардидан инграётган  самарқандлик ҳомиладор аёлни пропискаси йўқлиги учун қабул қилишмади.

Видео

Сингапурни фаровон қилган ислоҳотчи сиëсатчи Ли Куан Юнинг китоби номи “Учинчи дунëдан биринчи дунëга” эди. Биз эса кейинги 30 ва хоссатан сўнгги 4 йилда учинчи дунëга сакрадик. Биз билан айни иттифоқда бўлган Литва, Латвия ва Эстония қаердаю биз қаерда. 

Диний зомбилар ва кинначилар урчиган. Тоқатсизлик авж олган. Оналар боласини сотиб ейдиган, мулозимлар ҳақ эвазига “Қизил китоб”га кирган ҳайвонларни отишга изн берадиган фейк давлатга айланди Ўзбекистон. 

Бу даврга энг яхши таснифни Тошкент ҳокими Ортиқхўжаев берди: “Любая бизнес хороша”.

Экология қўмитаси раиси Алишер Мақсудов деган зоти бебаракотнинг  шахсан рухсати билан россиялик Евгений Широков “Қизил китоб”га киритилган қўнғир айиқни отиб ўлдирди. Унинг яна бир айиқни ўлдириш ҳуқуқи бор экан.  

Широков Евгений Павлович таниқли овчи. Аввал бир неча йиллар Россия кучишлатар тизимларида ишлаган. Ҳозир бизнесмен. “Тоғ овчилари клуби”га кўра, у 2020 йилда 18 та ўлжани қўлга киритиб, 2020 йилда “Йил овчиси” унвонини олган. 

Широков 2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонга тоғ қўйини овлаш учун келган. Энг қизиғи, ўша йилнинг бошида, аниқроғи, февраль ойида бу жонзот БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси рўйхатига киритилган эди. 

Шу тўнғиздай семиз амалдор Алишер Мақсудов “Қизил китоб”га кирган айиқни ўрис овчиси отишига рухсатни расмийлаштирган. Ўзини найза билан овлаб, ушбу қафасга солишга мен изн бераман. Хўп, иккинчи масала. 

Мўҳтарамнинг эйжодларидан бири “туризмни ривожлантириш”. Битта ўрис ëки араб ҳайвон отаман деб келса, Ўзбекистон бойиб, битиб кетар экан. Бугун Экология қўмитаси шу гапни яна алжирабди. 

Учинчидан, ҳайвонларни пул эвазига отиш ҳақида маймунбашара ўзбек парламенти қонун қабул қилган. Энди тасаввур қилсак. Ҳар бир ўзбек оиласида пул топмайдиган такасалтанг бор. Шуларни битта тур фирма сотиб олиб, Жиззах даштларида югуртирса. Ўрис овчилар сайёҳ бўлиб келиб, жипларда буларни овласа. Бизнес бўлса, бизнес-да энди. 

Бир ўқ билан икки қуëн урилади. Ортиқча оғизлардан қутулиб сийраклашамиз. Мамлакат хазинасига туризмдан пул тушади. Любая бизнес хороша.

Бу гапимга жавоб сифатида тармоқнинг энг закий турғуни Ғайрат Омон масаланинг бошқа тарафига эътибор қаратди:

“Қўмитанинг айби йўқ. Қўмита қонун бўйича иш қилмоқда. Ҳамма гап Кушербоевда. 2020 йил 8 июлдаги “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинаётган вақтда Кушербоев деганлари қўлига қўшиб оёғиниям кўтариб овоз берган. Лекин бугун шу қонун асосида битта овчи пулини тўлаб айиқ отганини кўриб, популистлик қиляпти. 

Ҳаммани ваҳшийдан олиб, ваҳшийга солмоқда. Аслида ваҳшийлар шу қонунни ишлаб чиққан ва қабул қилган депутатлар эмасми? Кушербоев популист эканининг олтин исботи мана шу!!! У фақат фейсбукда шерлик қилади. Амалда мулойим мушук бўлиб ўтиради”.

Хуллас, айиқ ўлди, аммо ўзбек халқи ва давлати бойиб кетгани йўқ. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кредит олиш мақсадида “кўзбўямачилик” қилинаётган лойиҳаларни танқид қилди ва хазинада пул қолмаганини таъкидлади. Ëтиб еганга тоғ ҳам чидамайди. Уйида уни бўлмаган одам иккита тандир қурса, албатта, иқтисодий диссонанс вужудга келади. 

Аммо халқ ўзини ва каламуш амалдорларни боқмоқда. Кейинги ойлар мобайнида четда юрган ўзбеклар Ўзбекистонга 2 миллиард доллар жўнатди. Раҳмат шуларга. Емай едириб, киймай кийдираëтган ватандошлар соғ бўлсин!

Дарбадарликда байрамни ўтказаëтган ватандошлар, келинг, ғазал ўқиб, жадид отамиз ўгитидан баҳра олайлик:

Келди айём муборак, барча жон дилшоддир,

Руҳлари ҳам ҳар азобу қаҳрдан озоддир.

Рўзаи моҳи шарифинг ҳурматиндан бехилоф,

Осий, ғайри осийга ҳақ раҳмати бунёддир.

Бу саодат кунда йўқдир бизда эҳсон суннати,

Умматидан Аҳмадинг руҳи букун ношоддир.

Ағниёлар ағниё аҳбобига бергай закот,

Амри ҳақ аҳкоми шаръ, ўзлари устоддир.

Камбағаллар қичқирурса, дема овози закот,

Бари бой хизматчисин зарбасидин доддир.

Дарбадарлик, беватанлик зарби етмасми анга,

Боз анга дашному таъна ханжари муздоддир.

Оҳ, қилдинг эй жаҳолат, илмсизни оқибат

Парча нонга бошини хам, номуси барбоддир.

Ийд куни барча ясангай турфа алвонлар кийиб,

Осмон гўё оёқ остида барафтоддир.

Камбағаллар титрашиб юргай яланғоч изғишиб,

Оҳ бу фақирлик, асорат онлари сайёддир.

Дил шикаста, бағри хун кўзида ёши шашқатор,

Отасиз, бахтсиз етимлар ҳолига фарёддир.

Эй мусулмон, сенга вермиш, анга йўқми қудрати!

Лек андин азмойиш, сендин истибдоддир.

Ўйлама, ўлгунча ҳар ким бу разолатда кетар,

Шоҳлар бир кун гадо, бир кун гадо шаҳзоддир.

Бир етимга тева бўлмоқ шоҳ Аҳмадга надир,

Бир етим дилшоддир, даргоҳи акбар шоддир.

Ҳақ қули бўлсанг ҳақиқат риштасин тутғил мудом,

Зоҳиру ботин ҳақиқат наҳридин ободдир.

Эй Ниҳон, бўйла мусулмонлик ила шармандасен, 

Зоҳиринг тақлид-уммат, ботининг ифсоддир.

Ҳамза Ҳакимзода Ниëзий 

1914 йил 10 август.

Қандай ибратли гаплар! Шоҳлар бир кун гадо, бир кун гадо шаҳзоддир. Шу боис, кибр ва каттазангликка не ҳожат. 30 кунлик рўза айëмида ибодат ўрнига такфир қилган мутаассибларни ҳам кўрдик. Мана бу ривоят шу ҳақда.

Бир куни Мажнун (асл исми Қайс) йўлда Лайлининг итини кўриб қолди. Севгилимнинг итини бир эркалай деб Мажнун итнинг ëнига борса, ит қочди. Мажнун итни қувиб кетди. 

Ит қувлаган Мажнун бир масжиднинг ëнидан “зувв” этиб  ўтиб кетди. Масжид айвонида одамлар намоз ўқиб ўтирарди. Итни қувиб ушлолмаган Мажнун ортига қайтаëтиб яна масжид олдидан ўтди. 

Масжидда намоз ўқиб ўтирган одамлардан бири Мажнунни маломат қилди. “Нега намоз пайтида бир кўппакнинг ортидан қувалаб юрибсан? Бизнинг намоз ўқиб ўтирганимизни кўриб ҳам югуриб ўтиб кетдинг”, деди. 

Мажнун бўлса: “Мен сизларни кўрганим йўқ. Мен севгилимнинг ити пешинда эдим. Бутун ўй-хаëлим ана шунга қаратилган эди. Мен-ку бир ит пешинда юриб сизларни кўрмадим. 

Аммо сизлар намоз ўқиëтиб, Худо пешинда бўлиб, узоқда ит қувалаб юрган Мажнунни қандай кўра олдингиз? Нега ўз эътиқодингизга фокусланмай, ëн атрофга аланглайсиз?” дейди. 

Бугун ўзи чала-чулпа рўза тутиб: “Нега палончи рўзадор эмас?” дея бармоқ ниқтаган такфирчилар микробдай урчиган. Ўзинг рўза тутдингми? ОК. Табриклаймиз. Сенга охиратда фойдаси тегади. Аммо бошқа билан нима ишинг бор? Бировнинг кўзидаги зирапчани кўргунча, ўз кўзингдаги ғўладан эҳтиëт бўл. 

Ит қувган Мажнунни бенамозликда айблаган мутаассиб каби бўлма. Ҳар кимнинг гўри бошқа, савол-жавобини ўзи беради. Сен эса ўзингни бил. 

Шу ўринда яна бир ривоят. 

Оқдўппилик бир соқолтой йигит бетонканинг ўртасида ўтирволиб намоз ўқияпти. Икки тарафда ўтаëтган “Камаз” шўпирлари мошиндан калла чиқариб, “Баракалла. Роса тақволи экансан”, дейишса, анави йигит намозни тўхтатиб, уларга қараб, “Мен рўзаям тутганман”, дермуш.

Ана шунақа гаплар. 

Намойишчилар отилган кун

Агар мени андижонликлар кўраëтган бўлса, 13 май санасини эслашда ҳикмат бор. 

2005 йилнинг 13 майида Ўзбекистон ҳукумати ҳарбийлари томонидан Андижоннинг Бобур майдонидаги бегуноҳ одамлар отилган кун жума эди. Қонли жума. 

Мемориал фаоли Баҳром Ҳамроев Москвадаги Каримов ҳайкали олдида чиқиш қилиб Андижон қирғинини эслади.

Ҳамроев на Каримов даврида, на Мирзиёев ҳукмронлик қилган йилларда Андижон қирғини бир мотам куни сифатида эсланмагани, ҳануз бу юзадан мустақил суриштирув ўтказилмагани ҳақида гапирди.

Ҳайкал атрофидаги скамейкаларда ҳуқуқ фаолининг устидан кулиб ўтирган, Каримов бир вактлар дангаса деб атаган ўзбек меҳнат муҳожирлари эса Хамроевни маломат қилиб, мусаффо осмонга шак келтирмасликка чақиришди.

Уларнинг бир иккитаси ҳатто кекса фаолининг устига бостириб бориб таҳдид ҳам қилди. Бироқ камера кўтарган журналистлар назарига тушишдан қўрқиб тезда майдонни тарк қилишди.

Бу йил ҳам Ўзбекистон ҳукумат томонидан 16 йил бурун Андижонда юз берган хунрезлик эсланмади. 

Гарчи ўша кунги қўрғошин ëмғиридан кейин ëққан ëмғир кўчалардаги қонларни ювиб юборган бўлса ҳам, гарчи акрамий деб ном чиқарганлар бу кун ҳақида мум тишласа ҳам биз унутмадик. 

Жамиятда хотирани қўрқоқларча эсламаслик қусури урчиганини кўриб маюс бўламан, холос. 

Бундай одамларни ҳам “тушуниш керак”, деган эди америкалик ëзувчи Эрнст Хемингуэй. Бу фикрни давом эттирган хоразмлик шоир Матназар Абдулҳакимнинг закий мисраларини қайта ўқийман:

Ҳамма-ҳаммасини тушуниш мумкин,

Жазоирда ёққан қалин қорни ҳам.

Йўқни ҳам тушуниш мумкин ўйласанг,

Ўйласанг, тушуниш мумкин борни ҳам.

“Салбий муҳит” ёки “ёмон тарбия”,

Ўғрини тушуниш мумкин бир куни.

Ўғрини тушуниб бўлгач, албатта,

Тўғрини тушуниш мумкин бир куни.

Аблаҳнинг қалбида ногоҳ уйғонган

Диёнат, тушунсанг, ҳайрон қолдирмас.

Ўзингни бахш этган бир инсон қилган

Хиёнат, тушунсанг, ҳайрон қолдирмас.

Фаҳм этсанг, сотқин хом сут эмган жон,

Англасанг қотил ҳам эмас ҳеч эриш.

Тушунсанг, тушунсанг, тушунаверсанг,

Ҳамма-ҳаммасини зарур кечириш.

Тушуна олди дунё. Лекин бунинг-чун

Ким уқубат чекар, ким тортар азоб.

Хоинлар, сотқинлар қилмиши учун

Ким олади, ахир, олий бир жазо!

Тушунсанг, кўзларинг олдига келар

Ҳам дўзах, ҳам жаннат ҳамда аросат,

Оёғи шоҳсупа, бўйни сиртмоқда,

Манглайин милтиққа тутган Фаросат!..

Шунақа… Фаросат ўз пешанасига тўппонча тираган давр. “Эҳ, давр? Эҳ, даврон? Эҳ, инсон тубанлиги? (O tempora, o mores!)” дея улуғ нотиқ Цицероннинг қадимги Рим сенатида айтган машҳур гапини ëдга оламан.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Тағин ўқинг
15 май 2019
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси «Элтуз»да чоп этилган “Тинтув қилинган Маҳмуд Ражабнинг уйидан ...
27 феврал 2021
26 февраль куни тузилажак «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал- демократик партияси ташаббускори, иқтисод фанлари доктори Хидирназар Аллақулов уйидан куч ишлатар ...
19 сентябр 2024
Американинг икки шоввоз ватандоши Томас Гаскел Аллен (Thomas Gaskell Allen) ва унинг дўсти Уильям Луис Сахтлебен (William Lewis Sachtleben) ...
28 феврал 2023
Бундан бир йил олдин босқинчи Россия мустақил Украина тупроқларига хоинларча бостириб кириб, ëш гўдаклар, хотин-қиз, қариялар ҳамда жами ватансевар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...