Асосий мавзулар
17 август 2021

«Толибон»нинг Афғонистондаги даҳшатли ғалабаси

The Economist нашри 15 август куни «Толибон»нинг Афғонистондаги ғалабаси ва ҳукуматнинг тезда таслим бўлиши таҳлилига бағишланган мақола чоп этди. Мақола ҳокимият ағдарилишига қадар мамлакат президенти Ашраф Ғани қасридаги мамлакат ташқарисида кечаётган реалликдан йироқ осойишта ҳаёт тасвири билан бошланади.

Сўнгги йилларда Кобулдаги президент саройи гавжум ва асабий шаҳардаги унинг арки ёки қалъаси деб номланувчи осойишта бир ҳудуд бўлган. Унга кириш учун ташриф буюрувчилар ўта яхши қуролланган афғон аскарлари кўригидаги бир километрлик назорат пунктларини кесиб ўтишлари лозим эди. 19-асрда қурилган бу муҳташам саройдаги гўзал боғлар билан ўралган қаҳвахонада афғон ҳукумати амалдорлари латте ичишади ва ташқарида, ҳақиқий Афғонистонда содир бўлаётган сиёсатни муҳокама қилишади.

Мақола муаллифига кўра, охирги ташрифи чоғида унга Миллий хавфсизлик кенгаши расмийлари «Толибон»ни анча заиф дея ҳисоблашларини билдиришган.  Бу расмийларга кўра, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган афғон армияси мағлубиятга учраши мумкин эмас. Афғонистон ҳукумати ҳужумга ўтмаётгани сабабини эса улар тинч аҳоли ҳаётига хавф солишни истамасликлари билан изоҳлашган. 

«Улар ҳарбий ғалабага эриша олмайди, бизнинг махсус кучларимиз жуда кучли, «Толибон» фақат уриб қочиши мумкин», дея иқтибос келтиради ўз суҳбатдошларидан The Economist нашри мухбири.

15 августда вертолётлар арк атрофида уча бошлади, шу тарзда ўша амалдорлар эвакуация қилинди.  Американинг қалъага ўхшаш элчихонасидаги ходимлари махфий ҳужжатларни ёқиб юборишаркан, тутун кўкка кўтарилди.  Президент Жо Байден 1975 йилда Сайгонда, Америка элчихонаси биносидан дипломатларни аеропортга элтиш чоғида  бўлганидек, вертолётда «одамларни томдан олиб кетиш каби ҳолатлар бўлмайди»,  деганидан бир ой ҳам ўтмади, дея шарҳлайди мақола муаллифи Афғонистондаги сўнгги воқеаларни.

Айни пайтда «Толибон»нинг Қатар пойтахти Доҳадаги дипломатик вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид таслим бўлиш бўйича музокаралар давом этаркан, толиблар шаҳар томон юришини тўхтатишини айтди. 2014 йилдан бери Афғонистон президенти бўлган Ашраф Ғани энг яқин ёрдамчилари билан бирга мамлакатни тарк этди. Йигирма йил ичида триллионлаб долларларга қурилган Афғонистон давлати гўё ҳавога сингиб йўқ бўлиб кетгандек.

Қандай қилиб дунёнинг энг яхши қуроллантирилган ва ўқитилган 350 минг аскари бўлган ҳукумат бу қадар тез ағдарилди? Асосан, душманларидан тортиб олинган қурол-аслаҳа билан қуролланган, аскарлари сони 200 мингдан ошмаган «Толибон» Афғонистоннинг барча шаҳар марказларини бир ҳафтадан кўпроқ вақт ичида деярли ҳеч бир қаршиликсиз эгаллашди. “Улар мушакларида етишмаган куч-қудратни ақли, қатъияти ва сиёсий зукколиги билан тўлдиргандек туюлади”, дея ёзади мақола муаллифи.

Ўтган бир йил давомида Ашраф Ғани ҳукумати дипломатлари «Толибон» кучларни тақсимлаш тўғрисида қандайдир битимга рози бўлиш учун Доҳада музокара ўтказишга мажбур бўлишидан умид қилганди.  “Афтидан қўзғолончилар бундан кўра Ғанининг қўли остидагилар билан шаҳарма-шаҳар музокаралар олиб бориш ва шу тариқа гиламни шунчаки унинг оёқлари остидан тортиб олиш афзалроқ эканини тушуниб етишган», дея ёзади The Economist нашри мухбири.

Масалан, Эрон чегарасидаги марварид шаҳар Ҳиротда 2001 йили «Толибон»дан шаҳарни босиб олган дала қўмондони Исмоил Хон бир неча кунлик жанглардан сўнг «тинчлик сўраб» таслим бўлди ва асирга олинди.  Илк толиблар ватани Қандаҳорда эса ҳокимнинг «Толибон» ҳамкасбига ҳукуматни топшираётгани манзараси акс этди.

Шаҳар оқсоқоллари таслим бўлиш ҳақида музокара қилингач, толиблар Жалолободга бирорта ўқ отмасдан киришди.  Бир пайтлар 90-йилларда «Толибон»га қаршилик кўрсатишнинг таянч маркази бўлган шимолий шаҳар Мозори Шариф ҳам худди шундай таслим бўлди.

Ҳар бир ҳолатда жангарилар таслим бўлиш эвазига Америка қўллаб-қувватлаган ҳукуматда хизмат қилганларни «кечириш» ҳақида катта ваъдалар беришган.  Қандаҳорда таслим бўлган собиқ аскарларга «Толибон» назорат-ўтказиш пунктларида кўрсатиш мумкин бўлган ҳужжатлар берилган. Жума куни кечаси бутун шаҳар бўйлаб ўқ овозлари эшитилди.  Аҳолининг айтишича, ўқлар асосан байрам шарафига ҳавога отилган.

«Вашингтон пост» газетаси нима учун ўз аскарлари «Толибон»га қаршилик кўрсатмаганини тушунтирган афғонистонлик бир офицердан бундай иқтибос келтиради: «Биродар, агар бошқа ҳеч ким жанг қилишни истамаса,  нега мен жанг қилишим керак?”

Ҳукуматдаги молиявий инқироз афғон ҳарбийлари руҳиятининг чўкишига олиб келди, давлат хизматчилари ва ҳарбийлар ойлаб маош олишмаган.

«Толибон»нинг ҳокимиятни эгаллаб олгани нимани англатади? Ғалабадан сўнг раҳм-шафқат кўрсатилишига кўплаб ваъдалар берилганига қарамай, Афғонистон интеллектуал элитасида ўзларини хотиржам тутаётганлар жуда кам.  Жангарилар Покистон чегарасида биринчилардан бўлиб таслим бўлган шаҳар – Спинболдақни эгаллашганидан сўнг,  июл ойининг охирида ҳукуматнинг ўнлаб тарафдорлари йўқ қилингани ҳақидаги ишончли хабарлар тарқалди. 

Июль ойи охирида Қандаҳорда жангарилар шаҳар чеккасини эгаллай бошлагач, машҳур комедиячи Назар Муҳаммадни ўғирлаб кетишди ва ўлдиришди.  Қандаҳордан келган хабарларга кўра, қуролланган толиблар уйма-уй юриб, Ғарб ҳукуматлари учун ишлаган одамларни қидиришмоқда. 

Сўнгги ҳафталарда минглаб қочқинлар Кобулдаги боғларга йиғилишди. Юзлаб одамлар охирги дақиқаларда Ғарб давлатлари томонидан уюштириладиган эвакуация умидида виза марказларига тўпланишди, дея ёзади мақола муаллифи.

«Толибон»нинг Қатар пойтахти Доҳада жойлашган сиёсий ваколатхонаси улар 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонни бошқарган, Кобул футбол майдонларида жиноятчиларни, жумладан, зино қилгани учун тошбўрон қилиб ўлдирган қонли теократлар эмаслигини айтиб баёнот беришди.  Музокарачилар исломда, масалан, аёлларга таълим беришни тақиқловчи ҳеч қандай қоида йўқлигини таъкидлашди. 

Бироқ Қатар баёнотлари ва «Толибон» қўмондонларининг Афғонистондаги ҳаракатлари ўртасидаги тафовут жуда катта.  Хабар қилинишича, талабаларининг 60 фоизи аёллар бўлган Ҳирот университетида аллақачон уларга уйларига қайтишга буйруқ берилган.  Аёл ходималарга ўз иш жойларини эркак қариндошларига бўшатиб бериш буюрилган. 

«Толибон» қўмондонларидан бири ББCга берган интервьюсида қизларнинг таълим-тарбияси ҳақида жуда аниқ гапирган. «Бизнинг қишлоқда ва ҳудудимизда бирорта қиз мактабга бормаган…  бунга ҳеч қандай шароит йўқ ва биз барибир бунга йўл қўймасдик», дея иқтибос келтиради мақола муаллифи.

Албатта, Афғонистоннинг ағдарлиган ҳукумати оддий афғонларнинг турмуш сифатини яхшилашда озроқ ютуқларга эришди. Коррупция ҳакалак отган эди ва бу, шубҳасиз, толибларнинг мамлакатни шу қадар самарали эгаллашларига асосий сабаблардан бири бўлди.

Ўзбекистонга қочгани айтилаётган ҳарбий қўмондон ва собиқ вице-президент Абдурашид Дўстумнинг қўлга олинган ҳашаматли уйига кираётган «Толибон» аскарлари тасвири ҳукуматнинг қанчалик чириганини акс эттиради. Шунга қарамай,  халқаро ёрдамлар ёмғири остида ҳукумат одамларни ўқитди ва оч қолган афғонлар кам бўлди. 

Элчихоналар ёпилиб, чет элликлар қочиб кетар экан, мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаган ва болаларни,  жумладан, қизларни ўқитишга ёрдам берадиган имкониятлар энди тугайди. Бунинг ортидан тез орада гуманитар фалокат кузатилиши мумкин.

Америка ва унинг Ғарбдаги иттифоқчиларининг шармандалиги бундан ортиқ бўлиши мумкин эмас.  Ўз фуқароларини ва чипта олиш бахтига муяссар бўлган бир неча афғон ишчиларини эвакуация қилиш тугагач, Ғарб ҳукуматларининг «Толибон» ҳокимиятда эканини тан олишдан бошқа чораси қолмайди. 

1990 йиллар охирида «Толибон» ҳукумати бир неча мамлакатлар,  хусусан, Покистон ва Саудия Арабистони томонидангина тан олинган. Кейин «Шимолий альянс» – Афғонистон шимолида тўпланган кучлар иттифоқи «Толибон» билан тўқнаш келган эди.  Бу сафар «Толибон» биринчи бўлиб мамлакат шимолини забт этишни уддалаган эди.

15 августга келиб «Толибон» вакиллари аллақачон бир қанча бошқа давлатлар дипломатлари билан учрашишга муваффақ бўлишди. Июль охирида толиблар делегацияси Хитой ташқи ишлар вазири билан учрашган эди.  Россия элчихонаси Кобулдан эвакуация қилинмаслигини билдирди.  Европа Иттифоқи толиблар ҳукуматни зўравонлик йўли билан эгаллаб олса,  «изоляция» қилиинишига ваъда берган эди. Минут сайин бу гапларнинг бари ишониб бўлмайдигандек туюлмоқда, дея хулоса қилади The Economist нашрида чоп этилган мақола муаллифи.

Тағин ўқинг
5 феврал 2021
(Арафадаги ўйлар) Бу саволни сизга эмас, ўзимга бердим узун йиллар давомида.Бу саволга бугун жавобим бор, алҳамдулиллоҳ, аммо кеча йўқ ...
17 май 2023
Бундан 10 йилча олдин Прагада дарë тошиб, уйларни ғарқ қилади деган гапни офатдан бир кун олдин айтишди. Қизиқ туйғу ...
22 май 2016
Ўғузхон номидаги Туркманфильм киностудияси бошлиғи Сапармуҳаммад Жоллиев ўтган ҳафта “ишда йўл қўйган камчиликлари” сабабли ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Туркманфилм ...
28 феврал 2023
Бундан бир йил олдин босқинчи Россия мустақил Украина тупроқларига хоинларча бостириб кириб, ëш гўдаклар, хотин-қиз, қариялар ҳамда жами ватансевар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...