Асосий мавзулар
1 ноябр 2021

Тошкентда Шуҳрат Бобожоннинг шахсий кўргазмаси очилди

Тошкентдаги “Ҳамар” бадиий галереяси кўргазмалар залида 1 ноябрь куни таниқли рассом Шуҳрат Бобожон асарлари кўргазмаси тақдимоти бўлиб ўтди. “Гиламда акс этган уруш» (War on carpet) дея номланган муҳташам кўргазмадан рассомнинг турли даврларда чизган 40 га яқин рангтасвир асари ўрин олди.

Кўргазма очилишида иштирок этаётган, орадан ўттиз йил ўтиб илк бор Тошкентга келган Шуҳрат Бобожоннинг айтишича, кўргазмага Ўзбекистондагилардан ташқари ҳозир дунёнинг кўплаб музейларида ва коллекционерлар шахсий фондида сақланаётган тасвирий санъат асарлари қўйилган.  

“Дунëдаги долзарб воқеалар фақат ОАВда эмас, балки тасвирий санъат асарларида ҳам ўз аксини топади. Кўргазмада рассом Шуҳрат Бобожоннинг 1983 йилдан то 2021 йилгача яратган асарлари намойиш қилинади. Бу асарларда дунëда юз берган воқеаларга (11 сентябрь фожеаси каби) ишоратлар бор», дейилади кўргазма концепциясида.

Кўргазма концепциясига кўра, рассом асарларида атрофда кечаётган шиддатли воқеаларнинг субъектив манзараси акс этган.

«Тош даврида яшаган энг биринчи рассом ғор деворларига ўзи кўрган воқеаларни чизиб қўйган. Бу расмларда қўлида қурол билан ов қилаëтган одамлар акс этган. Кейинчалик миниатюра¸ керамика ва тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан, гиламларда ҳам қуролли одамлар тасвирлари пайдо бўлди. Камондан ўқ отаëттан ва қилич ушлаганлар тасвири бу асарлар бош мавзуси эди», дея тушунтиришга ҳаракат қилади рассом ўз асарларининг концептуал моҳиятини.

Кўргазмалар залига қўйилган асарларнинг бир қисми Урганч давлат суратлар галереяси фондидан келтирилган. Кўргазма ташкилотчиларидан бири бугунги кунда “Ҳамар” бадиий галереяда ишлаётган рассом Ширин Тошевадир.

Кўргазмани ташкил қилишда унинг ҳиссаси катта бўлди. Бу бежиз эмас. 2016 йилнинг декабрида Хоразм вилоятидаги маҳаллий амалдорлар ва МХХ ходимлари Шуҳрат Бобожоннинг санъат асарларини ёқиб юбориш кераклигини айтиб, таҳдид қилишган эди.

Ўша йили ишдан бўшатилган галерея бош муҳофизи Ширин Тошеванинг жасурлиги ва маданий қадриятларни ҳимоя қилишга садоқати туфайлигина улар сақлаб қолинган.

“Ниҳоят, узоқ йиллар сургунда юрган рассомнинг чорак аср тақиқда бўлган асарлари «Ҳамар» кўргазмалар залида намойиш қилинмоқда. Фақат мирзиёевча илиқлик туфайли у Тошкентга келиб ўзининг шахсий кўргазмасини очмоқда. Рассомнинг бу йўли узоқ бўлди. Унинг ўзи айтганидек, “тошларни териш даври” келмоқда”, деди ижтимоий тармоқда кўргазма ҳақидаги ўз фикрларини қолдирган таниқли рассом ва давлат арбоби Турсунали Қўзиев.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 феврал 2019
26 февраль куни «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси «лицензия талаблари ва шартлари қўпол равишда бузилгани, миллий урф-одатлар, одоб-ахлоқ, маънавий қадриятларга ёт ...
13 декабр 2021
Қашқадарë вилоятида жойлашган Шайхали қамоқхонасида нозир бўлиб ишлаган 38 ёшли Ғаффор Акмалов жазони ижро қилиш тизимларидан ноҳақ бўшатилганидан шикоят ...
10 декабр 2020
Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги киносаройнинг кичик залида 18 йил давомида тақиқда бўлган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” фильмининг тақдимоти камтарона ва одми ...
28 апрел 2017
Тошкент пропискасига кириш учун расмий рўйҳатдаги ҳужжатларни йиғишга вақтинча пойтахтда бўлиш муддати ҳам етмаслиги ҳақидаги мақолани чоп этган Кun.uz ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...