Анонс
24 ноябр 2021

Меҳнат соҳасидаги камситишлар

«Элтуз» Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми билан ҳамкорликда меҳнат ҳуқуқларига бағишланган туркум анимацияларини давом эттиради. Туркумнинг ўтган сонларида биз жамоа шартномаси ва фуқаролик ҳуқуқий шартнома ўртасидаги фарқлар ҳақида гапирган эдик. Бу гал ишда содир бўлиши мумкин бўлган турли дискриминациялар – камситишлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Камситиш – бу муайян тоифадаги кишилар гуруҳи ёки кишига уларнинг муайян хусусияти учун салбий муносабат бўлиб, имкониятлар ва муомала тенгсизлигига олиб келади.

Меҳнат соҳасидаги камситиш – бу ишга ёллаш, хизматда кўтарилиш, иш ҳақини белгилаш, хизмат мажбуриятларини тақсимлаш ва ҳоказолар бўйича камситиш, шунингдек, иш берувчининг ходимга унинг лаёқатига боғлиқ бўлмаган ҳолда устуворликлар беришидир.

Меҳнат соҳасидаги камситиш қуйидаги ҳолатларда намоён бўлади:

  • Ишга қабул қилиш жараёнида
  • Меҳнатга ҳақ тўлашда (ҳақ тўлашдаги нотенглик)
  • “Ижтимоий” пакет тақдим этишда
  • Интизомий ва моддий жавобгарликка тортишда
  • Хизматда кўтарилишда
  • Малака оширишда
  • Иш тақсимотида (бошқа меҳнат шароитларида)
  • Ишдан бўшатишда ва бошқа ҳолатларда

Камситишга қарши қўйиладиган тамойил тенглик бўлиб, бунда бир хил вазият учун бир хил қоидалар қўлланилиши талаб этилади. Масалан, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳужжатларида қуйидаги тамойиллар мустаҳкамланган:

  • тенг меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш;
  • тенг қийматдаги иш учун эркаклар ва аёлларга тенг ҳақ тўлаш.

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, иш берувчи ишга ёллашда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг имкониятларни, тенг меҳнат учун хотин-қизлар ва эркакларга тенг иш ҳақини (мукофотни) ҳамда хотин-қизлар ва эркаклар ишининг сифатини баҳолашга доир тенг ёндашувни, хизматда кўтарилиш, қайта тайёрлаш ва малака оширишда тенг имкониятларни ва ҳоказоларни таъминлаши шарт.

Бу каби қоидалар меҳнат соҳасидаги камситишларни бартараф этиш ва аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқларни рўёбга чиқаришга қаратилган.

ЭСДА ТУТИНГ!

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган:

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси).

Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида кафолатланган бўлиб, унда фуқаролар ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларда камситишларни тақиқлайди (ЎзР МКнинг 6-моддаси). Шу билан бирга, меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки давлатнинг юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин (ЎзР МКнинг 6-моддаси).

Меҳнат соҳасида камситишларга учраган ходимларнинг аризаси туман (шаҳар) судларида кўриб чиқилади.

Меҳнат соҳасидаги камситишларнинг кўринишлари

Меҳнат соҳасидаги камситишнинг асосий кўринишлари қуйидагилар:

  1. Ёшга доир. Масалан, пенсия ёшига яқинлашган ёки пенсия ёшидаги шахслар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш умумий тартибда амалга оширилади. Амалиётда эса иш берувчилар бу тоифадаги ходимлар ёки 40 ёшдан ошганларни истамайгина ишга олишади. Бу ҳолат меҳнат соҳасида ёшга доир камситишга мисолдир.
  2. Ҳақ тўлашга доир. Иш берувчи тенг қийматдаги иш учун ходимларга тенг иш ҳақи берилишини таъминлашга мажбурдир. Масалан (меҳнат шароити ва малакаси бошқалар билан бир хил бўлишига қарамай), айрим ходимлар юқори маош олади. Чунки улар ишга танишлари орқали ёки пора бериб кирган, бошлиққа ёки бевосита раҳбарга “ёқади” ёки “ёқмайди”. Туғруқ таътилига чиқиб малакасини йўқотмаслиги, шунингдек, “оила бошлиғи ва боқувчиси” экани ва аёлга нисбатан кўпроқ ҳақ олиши баҳонасида эркакнинг маоши аёлникидан баланд бўлиши мумкин. 
  3. Жинсга доир. Туғиш ёшидаги, чақалоқ ёки ногирон фарзанди бор аёллар кўпроқ гендер камситишларга дучор бўлади (уларни ишга олишни хоҳлашмайди, ўрнига кўпроқ эркакларни олишади, чунки улар бола парвариши бўйича касаллик таътилига кам чиқади ва декрет таътилини олмайди). Камситишнинг бу кўриниши ёшга доир камситишга ҳам ўхшаб кетади (гарчи Ўзбекистонда ёш мутахассисларнинг ишга жойлашиши учун квоталар мавжуд бўлса-да, уларнинг иш топиши жуда қийин.
  4. Ишга қабул қилиш ва бўшатишда. Меҳнат соҳасидаги камситишнинг бу кўриниши иш тажрибасига эга бўлмаган ходимларга, ногиронлиги борларга, хорижий фуқароларга, ёши катта ходимларга, қамоқдан чиққан фуқароларга нисбатан кўпроқ учрайди. Ишга қабул қилишда меҳнат соҳасидаги камситишга йирик компанияга ходимлар танлашдаги вазиятни мисол қилиш мумкин. Бунда компаниянинг хавфсизлик хизмати ишга талабгорларнинг кредит бўйича қарздорлиги ва унга нисбатан ижро иши бор-йўқлигини текширади. Агар мазкур маълумотлар кейинчалик ишга қабул қилишни рад этишга асос бўлса, иш берувчи талабгорнинг ишчанлик сифатларига эмас, балки у ҳақдаги маълумотларга асослангани англашилади. Ишга қабул қилишни бу тарзда рад этиш бир вақтнинг ўзига ҳам камситиш, ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
  5. Карьера қилишда. Меҳнат соҳасидаги камситишнинг хизматда кўтарилишни рад этиш тарзидаги кўринишига, хусусан, хотин-қизлар, иммигрантлар, миллий озчилик вакиллари, ногиронлиги борлар дуч келиши мумкин.
  6. Соғлиғига кўра. Меҳнат соҳасида ногиронларни камситиш ҳолатлари учрайди. Ногирон шахс иш ўринлари квотаси асосида ишга жойлаштириш учун жўнатилганда у билан меҳнат шартномасини тузишни рад этиш қонунбузарлик ҳисобланади. Масалан, ОИВ/ОИТС касаллиги (гарчи у маиший йўл билан юқмаса-да) ва бошқа хасталиклар сабаб ишга қабул қилмаслик ҳолатлари.
  7. Меҳнат соҳасидаги камситишнинг бошқа кўринишлари ҳам учраши мумкин. Масалан, касаба уюшмасига аъзолик, ирқий ва диний белгилар, ходимнинг яшаш жойи билан боғлиқ ҳолатлар шулар жумласидан.

Ўзбекистон қонунчилиги бу каби кўринишдаги камситишларни тақиқлайди. Меҳнат соҳасида камситишларга учраган ходимлар туман ёки шаҳар судларига мурожаат этиши мумкин.

Меҳнат ҳуқуқларига оид келгусидаги анимациялар учун сизни қизиқтирган мавзулар ҳақида изоҳлар қолдиринг.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 май 2016
Исми келтирилмаётган Ўзбекистон фуқароси, тергов маълумотларига суяниб «Озодлик» радиосининг билдиришича, ўтган йилнинг августида янги туғилган қизчасини бўғиб ўлдирган. Боласининг ...
12 январ 2023
Ўзбекистон ССР Компартияси Марказқўмининг собиқ биринчи котиби, СССР Олий Cовети Миллатлар кенгаши собиқ раиси таниқли ўзбек-совет сиëсий арбоби, дипломат, ...
7 март 2020
“Straus House” муассиси туяқуш олиб  бераман деб одамлардан алдаб олган пулини тимсоҳ сотиб олиш учун сарфлабди. Аммо на тимсоҳдан ва ...
15 апрел 2019
«Халқаро амнистия» (Аmnesty International) ташкилоти 10 апрель куни қамоқда сақланаётган Ўзбекистон собиқ бош прокурори 67 яшар Рашид Қодировнинг қийноқларга ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...