UzPoster
7 март 2020

РТдан ваъз: Милтиқ тепкисини ким босади?

“Straus House” муассиси туяқуш олиб  бераман деб одамлардан алдаб олган пулини тимсоҳ сотиб олиш учун сарфлабди. Аммо на тимсоҳдан ва на туяқушдан дарак бор. Туяқуш кўрдингми, йўқ.

Аҳмадбой эса қамоқдан чиқарсангиз ишлаб одамлардан ўмарган пулимни қайтараман, деди. 12 миллион доллар пулни мол боқиб сўйиб сотиб топаман, деди пирамидачи бой ота.  Биз ишондик, аммо судья ишонмади.

Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи ҳам ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини, хорижга чиқаëтган созанданинг чолғусини олиб қўядиган муттаҳамга айланди.

3 март куни Тошкент аэропортида ўзбекистонлик созанда Дилшод Назаровнинг виоленчелини божхоначилар олиб йўйди. Дилшод Назаров қатор халқаро мукофотлар лауреати, Париж олий консерваториясини битказган илк ўзбекистонликдир.

Мавзуни шу каби маҳаллий ва чет эл хабарларидан сўнг давом эттирамиз.

Маҳаллий хабарлар

Йиғилиш қатнашчиларини уят гаплар билан сўккан Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов 4 март куни ишдан бўшатилди. Уни фермерларни сувга бўктиргани билан танилган Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаев бўшатди.

3 март куни Бухоро вилояти Олот туманига Наргиза Неъматова ҳоким этиб тайинланди. Лекин Олотнинг фермерни калтаклагани билан танилган собиқ  ҳокими Шерали Саломов узоққа кетгани йўқ. У Бухоронинг Қоракўл туманига ҳоким қилиб тайинланди.

4 март куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг «Ватанпарвар» газетаси мухбири Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб 12 йилга қамалди.

Чет эл хабарлари

Асли касби тиш доктори бўлган Туркманистон президенти Қурбонгули Бердимуҳаммедов ўзининг Олмос лақабли отини коронавирусдан даволади. Бу ҳақда Туркманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Орқадоғга шарафлар айтилаётган шу пайтга келиб дунёда коронавирусдан ўлганлар сони, расмий маълумотга кўра, 3 254 нафарга етди.

Галилейнинг тазарруси

Тошкентдаги Имом ат-Термизий масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов пешин намози пайти намозхонлардан бирини барчанинг олдида «ваҳҳобийларнинг намояндаси», дея изза қилди.

Ваҳҳобий, ҳизб ва ҳанафий мусулмонларнинг интернетдаги ўзбек сегменти эса икки мингта худо бор деган комедиант блогерни виртуал сазойи қилди.

Комедиант ҳам бир юмалаб калимаи шаҳодат келтириши билан унга лаънат ўқиб, тош билан бошини ëриб ўлдирмоқчи бўлган оломон қалби меҳр билан лиммо-лим тўлди.

Мушт бўлиб тугилган қўл дуога очилди. Ғазабли кўзлардан севинч кўз ëшлари тўкилди.

Бу оломон мошоллоҳ дея ўз фикридан қайтиб тавба қилган комедиантнигг қўлини ўпиб таварик қилишди.

Ўзбек комедиантининг тазарруси бундан 500 йил олдин яшаган италиян астроном олими Галилео Галилей  тазаррусини эслатди.

15 асрда Италиядаги радикал диндорлар ер ўз ўқи атрофида айланмайди, дея фатво чиқаришган эди.

Ер ўз ўқи атрофида айланади, деган фикрни илгари сурган олим Галилео Галилей радикал диндорлар сазойисидан қўрқиб, ўз фикридан намойишкорона қайтган эди.

Айтишларича, тавба қилиб бўлган Галилей секингина “Ер барибир айланяпти”, деган.

Жаҳонга сиғмаганлар

1600 йилнинг 17 февралида Рим шаҳри марказида физик олим Жордано Бруно католик диндорлар фатвосига кўра тириклай ëқиб юборилган эди.

Жордано Бруно ернинг ўз ўқи атрофида ва қуëш атрофида айланишини айтгани учун радикал диндорлар ғазабига нишон бўлганди.

Орадан йиллар ўтиб католик черкови Брунониинг ëқилиши хато бўлганини тан олди.

Чунки католик черкови истайдими ë йўқми, ер ўз ўқи атрофида айланмоқда.

Бруно ëқилганидан 100 йил сўнгра Балх шаҳрида улуғ шоир Бобораҳим Машраб осиб ўлдирилди.

Ажаб мажнун эрурман, дашт ила саҳроға сиғмамдур,

Дилим дарёйи нурдур, мавж уруб дунёға сиғмамдур.

Шариат ҳам, тариқат ҳам, ҳақиқат мендадур мавжуд,

Чу султони азалдурманки, арши аълоға сиғмамдур.

Гаҳ ўрус, гоҳи черкас, гоҳи мўмин, гоҳи тарсоман,

Не кавнайни миёни лоу иллоллоға сиғмамдур.

Мудом мискин эрурман чун ғуломинг – Машрабингдурман,

Мени бечора бу дунё билан уқбоға сиғмамдур.

Бобораҳим Машраб диний уламолар назарида нотўғри ақида соҳиби эди. Шу боис ўлдирилди.

1417 йилда эса яна бир улуғ шоир Насимий ҳозирги Суриянинг Ҳалаб шаҳрида териси шилиниб ўлдирилган ва жасади тахтага қоқилиб, бозор майдонида томоша учун қўйилган эди.

Яна ўша айб -нотўғри ибодат қилди, деган фатво. Айтишларича, у териси шилинаëтган пайтда мана бу шеърни ўқиган экан.

Менман ломакон ганжи — макона сиғмасман,

Юксак бу руҳим — жисм ила жона сиғмасман.

Инсондаги бор ваҳму хаёл менда эса

Босмас ваҳима, ақли аёна сиғмасман.

Менга сиғар икки жаҳон, мен жаҳона сиғмасман.

Узоқ ва янги тарихда кимки маърифат машаласини ëқиб, улус шуурини ëритмоқчи бўлса, у аксар ҳолда бу жаҳонга сиғмаган.

Дунёни остин-устун қилган ёвузлик

Ўзбекистонда илк театрни саҳналаштирган жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий 1919 йилда Амир Олимхон томонидан диний уламолар фатвоси асосида кофир дея қатл этилгани янги тарихнинг қора кунларидан бири эди.

Нега Бруно гулханда ëқилди, Насимийнинг  териси шилинди, Машраб осилди? Ҳозирги тилда айтадиган бўлсак, улар тоқатсизлик қурбони бўлишди.

Тоқатсизлик бугун ҳам бардавом.

Масалан, Тошкентдаги Имом ат-Термизий масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов ҳам оëқларини кериб намоз ўқиëтган биродарнинг ибодат тарзига тоқатсиз бўлди.

Агар Бегматовга қўйиб берилса, бу “ваҳҳобий”нинг терисини шилиб олишга ҳам ҳозир.

Дунë тарихи аслида тоқатсизлик тарихидир. Шиалар шиа бўлгани, ҳиндилар маймун ва сигирга сиғингани, яҳудийлар таврот ўқигани учун ўлдирилди, мол-мулки торож бўлди.

Қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов фа-фа-фа деб челленж қилгани учун юз минглаб ватандош уни бурдалаб ташлаш ниятида оëққа қалқди.

Айни пайтда бу оломон олдинги президент қизларининг миллиардлаб давлат пулини ўмаргани ва ҳозирги президент куëвларининг мамлакатни талон-торож қилаëтганига тоқатли.

Нима ўзи тоқатсизлик?

Инглиз тилидаги Intolerance калимаси бизнинг тушунчамиз ва дунëқарашимизга тўғри келмайдиган барча нарсани рад қилиш демакдир.

Ҳолливуд киночиси Дэвид Уорк Гриффит 1915 йилда суратга олган Intolerance фильми бир-бирининг дунëқарашидан нафратланган тўдалар тўқнашуви ҳақида ҳикоя қилади.

Айнан шу фильмда тоқатсизлик дунëни остин-устун қиладиган ëвузлик экани аëн бўлади.

Чийи бахмал кийган оломон

Ëшлигимизда деярли барчамиз қора чийи бахмалдан шарвар шим, бўмази кўйлак ва пахталик гуппи киярдик. Оëғимизда эса шина заводида чиқарилган елим калиш.

Қўшнимиз Сора опанинг эрка ўғли Равшан эса зангори рангли клёш шим, учи бигиздай қора лок туфли ва темир тугмали хиноранг фикон куйлак киярди.

Бизнинг сочларимиз машинкада тақир қилиб олинган эди. Равшаннинг таралган сочлари елкасини қоплаган эди.

Биз бит босган яғир пахталик гуппимиздан фахрланиб, Равшандан очиқчасига нафратланардик.

Унинг  бит босган пахталик гуппи киймагани бизнинг назаримизда улуғ гуноҳ эди.  Кўплашиб Равшанни тутиб урдик. Фикон куйлагини йирдик. Кимдир қайчи олиб келиб унинг узун сочларини кесиб ташлади.

Биз ўзимизга ўхшаш жулдирвоқи бўлмагани учун Равшанни жазоладик. Сийдик иси ўтириб қолган чийи бахмал иштонимизни кўтариб, ғалаба нашидасини сургандик ўшанда. Янглишмасам, 1974 йил эди.

Ҳозирги тушунча билан айтсак, биз Равшаннинг ташқи кўринишига тоқатасиз бўлдик. Бу тоқатсизлик нафратга айланган ва пировардида қўшнининг ўғли сазойи қилинган эди.

Жордано Брунони гулханда ëққан католик диндорлари каби тоқатсиз эдик. Йиллар ўтиб католик черкови ҳам ўз айбини тан олди. Мен ҳам Равшанни калтаклашда иштирок этганимни хато деб ҳисоблайман.

Ҳолбуки, мен ҳам ичимда Равшан каби клёш шим ва фикон кўйлак кийишни чандон истардим. Титилиб кетган калиш ва бит босган пахталик нимчамдан нафратланар эдим.

Аммо тўда инстинктига содиқ бўлиш учун ичимдаги истакларни бостиришга мажбур бўлгандим. Тўдага яхши кўриниш учун биринчи бўлиб Равшаннинг бошига тош билан ургандим. Йиллар ўтиб Сора опанинг ўғлидан кечирим сўрайман.

Равшанбек, кечир мени, оғайни. Сен ҳақ, мен эса ноҳақ эдим. Аммо ўша пайтдаги жамоат фикри ҳам тоқатсизликни парваришлар эди.

«Муштум» ва «Крокодил» журналларида Равшанга ўхшаш стилягалар давлат душмани сифатида тавқи лаънат қилинар эди.

Институтнинг биринчи курсига кирганимда ректор жаноблари мен кийган америка жинси шимини кўриб, “Бугун жинси шим киясан, эртага эса ватанни сотасан! Еч буни, сатин шим кий”, дея маломат қилган эди.

Бегона монастирга ўз тузугинг билан кирма

Тўғри, дресс код деган чекловнинг ҳам яшашга ҳаққи бор. Масалан, симфоник оркестр концертига шортик иштонда борсангиз, киритмасликка ҳаққи бор.

Шу маънода Тошкентдаги Имом ат-Термизий масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов ҳам асосан ҳанафийлар ибодат қиладиган масжидга ваҳҳобийларни киритмасликка ҳаққи бор.

Ўрисларда “В чужой монастырь со своим уставом не суйся”, деган гап бор. “Бегона монастирга ўз тузугинг билан бурун суқма”, деб таржима қилсак бўлади.

Бундан 100 йил олдин Россиядаги ўнлаб монастирларнинг ҳар бирида ўз қонун-қоидаси, роҳибларнинг ибодат қилиш тузуги бўлган.

Битта монастир қавми икки бармоқ билан чўқинса, яна бири уч бармоқ билан топинган. Монастир етакчисининг қайси супурги билан муқаддас сувни қайси азиз авлиë номидан сепиши ҳам турлича бўлган.

Мабодо,  кимдир қўшни монастирдан келиб, ўз тутумини қилмоқчи бўлса, бунга йўл қўйилмаган.

Қачон халқ бўласан эй, сен – оломон?!

Тоқатсизлик ҳақида гаплашаëтгандик. Ҳатто имом-хатиб Исҳоқжон Бегматовга бироз ҳақ ҳам бердик.

Аммо Ўзбекистон диний давлат эмас. Конституцияга кўра, Ўзбекистонда ягона яхлит мафкура йўқ.

Мамлакат турли институтлар уйғунлигида яшайди. Виждон эркинлиги эса ҳар бир одамнинг истаган динига топиниши ва айни пайтда ҳеч бир динга ишонмасликни ҳам кaфолатлаши лозим.

«Фалончи ваҳҳобийча намоз ўқийди», деб маломат қилиш қанчалик нотўғри бўлса, пистиëнчи 2000 та худо бор деса ëки умуман борлигини инкор қилса, уни сазойи қилиш ҳам нотўғри.

Яқинда бир одам билан гаплашсам, Ўзбекистонда ҳамма йўлдан озган, ҳамма риëкор, биттасини қолдирмай отиб ташлаш керак, дейди.

Ҳаммани отиш керак бўлса, тепкини ким босади? Умуман, нафрат, кин, тафриқу дашномдан қутулиб, бир-бировнинг дунëқарашига тоқатли яшасак бўлмайдими?

ОЛОМОНГА

Машраб осилганда қаёқда эдинг?

Лорка отилганда қаёқда эдинг?

Суриштирганмидинг Қодирийни ё,

Қалқон бўлганмидинг келганда бало?

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,

Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?

Нечун томошага бунчалар ўчсан?

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,

Қачон халқ бўласан эй, сен – оломон?!

(А. Орипов. 1980)

Бу шеър ëзилганига ҳам 40 йил бўлди. 40 йилда бир йигит камолга етади, дейишади. Аммо нега унда бу сатрлар яна долзарб?

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак.

Рассом Туз

Тағин ўқинг
7 декабр 2018
Осиё теннис федерациясининг 1 декабрь куни Филиппин пойтахти Манилада ўтган йиллик конгрессида Ўзбекистон махсус хизматининг собиқ раиси Рустам Иноятов ...
8 январ 2024
2019 йилнинг июлида интернетда таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст “Пуфак” сарлавҳали мақола эълон қилдию, Арипову, Ортиқхўжаевларнинг хейт компанияси нишонишга айланди. Ёзувчи ...
14 ноябр 2019
Кеча Лоланинг клипидан сўнг қўштирноқ ичидаги «маънавият» яна долзарб мавзуга айланди. Кўпчилик Лоланинг «исён»ини олқишлаган бўлса, маънавиятчи ва радикаллар, ...
6 ноябр 2019
Ўзбекистонлик инсон ҳақлари фаоли Аъзам Турғунов 31 октябрь куни Прагада ўтган тақдимотда People in Need халқаро ташкилотининг «Жасорат» мукофотига ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...