Асосий мавзулар
21 апрел 2022

Президент куëвининг укасига тааллуқли инвестиция жамғармаси ишчилари камситилмоқда

“Элтуз”га Тошкентдаги ўнлаб корхонани бирлаштирган “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi” жамғармаси ишчи-хизматчилари бош директор, ўмонлик Муҳаммад ал-Лаватий (Mohamed Al Lawati ) тарафидан сурункали камситилаëтгани ҳақидаги шикоят келиб тушди.

Шикоятда айтилишича, “жамғарма раҳбарияти ходимларнинг ҳуқуқини поймол қилган, ишчилар белгиланганидан кўпроқ соат банд қилинади ва дам олиш ҳамда байрам кунлари ҳам ишлатилган”.

Шикоятчилар иддаосича, “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi” Ўзбекистон юқори раҳбариятидаги “акахон”лари яратган “дахлсизлик шамсияси”дан фойдаланиб, барча қонун-қоидаларни бемалол ошкора ва пинҳона топтаëтир.

“Элтуз” тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, 2022 йил бошигача “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi”нинг учта муассисидан бири Ўзбекистон президенти куëви Отабек Умаровнинг укаси Ойбек Умаров бўлган. «Элтуз» тасарруфидаги молиявий ҳужжатга кўра 2022 йил бошида Ойбек Умаровнинг “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi”тизимига кирувчи СП ООО «BEKTEMIR METALL KONSTRUKSIYALARI» низомий жамғармасидаги  ҳиссаси 14¸58 фоизни ташкил қилган. Бу 7 миллион АҚШ доллар деб белгиланган. Шунингдек айни тизимга кирувчи «EMPIRE INDUSTRIAL SERVICES L.P.»низомий жамғармасида ҳам Умаровга оид  539687 АҚШ долларлик ҳиссаси мавжуд бўлган.

Ҳозирги пайтда Умаров ўз ҳиссасини бизнес доираларда ҳеч ким танимайдиган Абдуллаев Фаррух Ғуломжонович номига расмийлаштирган.

“Элтуз” суҳбатлашган таҳлилчига кўра, Фаррух Абдуллевдан  “катта эҳтимол билан номинал, яъни қўғирчоқ сифатида фойдаланилмоқда ва жамғарма бенефициари Умаров бўлиб қолмоқда”.

Айни пайтда бу иддаонинг расмий тасдиғи мавжуд эмас.

“Элтуз” билан ëзишган ишчилардан бирига кўра, “жамғармада носоғлом муҳит вужудга келган, таҳдид ва ишчиларни таҳқирлаш, чақимчилик¸ ходимларнинг шахсини ҳақорат қилиш меъёрга айланган”.

Ишчининг таъкидича, бош директор Муҳаммад ал-Лаватий ходимларни атайлаб камситади ва уларга бажариб бўлмайдиган вазифалар бериб, ўз хоҳиши билан ишдан бўшаб кетишини талаб қилади.

“Элтуз” ихтиëрида Муҳаммад ал-Лаватий томонидан камситилиб, қонунга зид тарзда ишдан ҳайдалган ходим ҳуқуқларининг суд қарори билан тиклангани ва “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi”нинг суд қарорига биноан ходимга компенсация тўлаганига оид ҳужжатлар бор.

2021 йил охирида Шайхонтоҳур туманлараро суди чиқарган ажримда  “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi”да ишчилар ҳуқуқи бузилгани¸ ўзбошимча ишдан бўшатилгани қайд қилинади. Ажримга кўра, жамғарма ўзи бўшатган ишчига қирқ беш миллион сўм компенсация ва суд харажатларини тўлаб берган.

“Элтуз”га ëзган ишчилардан бирининг айтишича, жамғарма раҳбарияти суд ажримидан тўғри хулоса қилмай, ходимларни камситишда давом этмоқда.

“Жамғарма ходимларининг аксари меҳнат қонунчилиги жиддий бузилишига оид муаммолар билан юзлашган. Асосий  иш берувчи ва ишчи муносабатларини тартибга солувчи жамоа шартномаси мавжуд эмас.

“Стафар” МЧЖ томонидан кадрлар текшируви хулосаси мавжуд. Ходимлар  иш ҳажми ва штатларни қисқартириш ниқоби остида вақти-вақти билан ишдан бўшатилади (Меҳнат кодексининг 100-моддасига зид тарзда).

Аслида жамғарма ўзига содиқ янги ходимларни ишга олади. Жамғарма ва унинг шўъба корхоналарида меҳнат жамоаси манфаатларини ҳимоя қилувчи вакиллик органи (касаба уюшмаси) йўқ. Иш ҳақи индексацияланмайди, ваъда қилинган бонуслар шу пайтгача тўланмади”, дейди ходим.

“Элтуз” бу мақолани ëзиш асносида “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi” ишчилар ҳуқуқини камситиш билан биргаликда Ўзбекистон қонунларида иқтисодий жиноятлар дея таснифланадиган қилмишлар содир этаётгани, хусусан, солиқдан қочаётгани ҳақидаги иддаолар билан ҳам танишди.

Жамғарма фаолиятидаги иқтисодий схемалар ҳақидаги иддао “Элтуз” тасарруфидаги ҳужжатлар билан қисман далилланган:

“Активларни (савдо марказлари, бизнес марказлар ва бошқаларни) сотиб олиш бўйича операциялар компанияларнинг (МЧЖ) устав капиталидаги улушларини алмаштириш ниқоби остида амалга оширилади. Бундан мақсад кўчмас мулкни сотиб олаётганда ҚҚС (15 %) тўламасликдир.

МЧЖ тўғрисидаги қонунга мувофиқ, компания йил давомида чиқаётган иштирокчининг улушини соф фойдадан сотиб олиш ҳуқуқига эга. “Самарқанд дарвоза” савдо марказида (“СД Малл” МЧЖ) иштирокчи Аббосхўжаевнинг 18 % улуши компаниянинг ўзи томонидан таъсисчи Узомандан қарз маблағлари олиш йўли билан сотиб олинган.

Тўлов  ўта тез, яъни 2 кун ичида амалга оширилган. Мақсад солиқ тўламаслик оқибатларидан қочишдир.

МЧЖ тўғрисидаги қонуннинг 43-моддасини бузган ҳолда, жамғарма солиқ тўлашдан бўйин товлаш мақсадида ҳар икки компаниянинг юқори органлари рухсатини олмай,      шўъба корхоналарига фоизли кредитлар бериб келади.

Пудратчи “Four Front” МЧЖ билан барча объектлар бўйича шартномалар лойиҳасиз, харажатлар сметасисиз, тендер савдоларсиз, сметачи баҳосисиз тузилган. Шартномалар миқдори бошқа таклифларга нисбатан ошириб кўрсатилган.

Жамғарманинг Ўзбекистонда яшовчи хорижлик ходимлари уй-жой ижараси учун 2 та шартнома тузадилар – бири Давлат солиқ қўмитасида рўйхатдан ўтиш учун энг кам миқдорга, иккинчиси нақд пулга. Бошда айтганимиздек, мақсад солиқ тўлашдан бўйин товлаш”.

“Элтуз” келтирилган ушбу иддаолар юзасидан “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi”дан расман жавоб кутади.

Тағин ўқинг
24 март 2016
“Адолат” газетаси интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги масалаларига бағишлаб Самарқанд давлат чет тиллар институтида бўлиб ўтган тадбир ҳақида хабар ...
7 июл 2016
«Ўзбекистон овози» газетаси Халқ демократик партияси етакчиси, партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмоновнинг Бўз туманидаги сайловчилар билан ...
18 феврал 2016
“Иззатини билган бирор балиқ бундай газетага ўрашларини истамасди” деган чикаголик журналист Майк Ройконинг сўзлари бугунги ўзбек газеталари ҳақида айтилгандай, ...
23 август 2019
Давлат сиëсати бошқарилади. Сиëсатни сиëсатчилар амалга оширади. Сиëсатчиларни эса халқ гап-сўзи, бўйи-басти ва тарбиясига қараб сайлаб, танлаб олади. Танлов ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...