Кинопублицист Абдулазиз Маҳмудов оламдан ўтди
Таниқли кинопублицист Абдулазиз Маҳмудов оғир хасталикдан сўнг 8 май куни 71 ёшида Тошкентда вафот этди. Бу ҳақда Элтузга унинг синглиси хабар берди.
Ўз замонасоз касбдошларидан фарқли Абдулазиз Маҳмудов 1980 йиллар охири ва 1990 йиллар бошидаги мустақиллик учун кураш акс этган реал воқеаларни видеотасвирга олишга муваффақ бўлган камгина шахсларнинг бири эди.
Абдулазиз Маҳмудов ўз камераси орқали 1989 йилнинг ёзида Фарғонада турк месхетилари билан маҳаллий ўзбеклар ўртасидаги юз берган қонли воқеалар; эндигина жабҳалана бошлаган ва ҳукумат босимига учраган норасмий ҳаракатлар ва шахслар ҳаёти; мухолифатдаги “Бирлик” ва “Эрк” партиясининг тузилиши каби сиёсий воқеаларни акс эттирган эди.
Шунингдек, Маҳмудов расман “Ўзбеккинохроника”, “Ўзбекфилм” киностудияларида кинодраматург ва режиссёр бўлиб фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Киноматографистлар уюшмасининг аъзоси бўлган.
Элтуз жамоаси Абдулазиз Маҳмудовнинг яқинларига ўз таъзиясини билдиради.