Асосий мавзулар
23 январ 2023

Ўзбекистондаги илк демократик касаба уюшмаси омон қоладими?

2022 йил 28 декабр куни Сирдарё вилоятидаги “Индорама Агро” компаниясининг 392 нафар ишчисига уларнинг компания ходими сифатидаги меҳнат шартномалари муддати узайтирилмаслиги ҳақида маълум қилинди.

Бунинг ўрнига уларга янги – “хизмат кўрсатиш шартномалари” берилади. Бу орқали собиқ бригадирлар арзимаган маош эвазига компания учун пахта ва ғалла етиштириши ҳамда мавжуд барча тадбиркорлик таваккалчилигини ўз зиммасига олиши керак бўлади.

Гарчи янги шартномада кўрсатилган иш ва фаолият аввалгисидаги билан деярли бир хил бўлса-да, унда ишчиларнинг компания билан меҳнат муносабатларига самарали равишда нуқта қўйилади.

Бош қароргоҳи Сингапурда жойлашган “Индорама Агро” компанияси ҳукумат қарори билан пахта, ғалла ва бошқа экинлар етиштириш учун иккита вилоятдан 40 минг гектар ер майдонини узоқ муддатга ижарага олди ва “Ўзбекистондаги энг йирик пахтачилик хўжаликларидан бирига айланди”.

Ернинг компанияга берилиши Ўзбекистоннинг вайрон бўлган қишлоқ хўжалиги секторини хусусийлаштиришнинг бир қисми бўлиб, катта ер участкалари кластерлар деб номланувчи хусусий операторларга берилган. Фермерларни “ихтиёрий” равишда ер ижарасини бекор қилиш тўғрисидаги шартномани имзолашга мажбурлаш йўли билан ер ижараси бир томонлама тартибда бекор қилиниб, улар компенсация олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бунинг эвазига уларга иш билан таъминлаш ваъдалари берилди. Тўрт ярим йил ўтгач, бу ваъдалар ҳавога учиб, “Индорама Агро”нинг собиқ фермерлари ва ишчилари қашшоқлик ва ночорликка дуч келишди.

2021 йил март ойида Сирдарё вилоятидаги “Индорама Агро” ишчилари мамлакатда демократик йўл билан сайланган биринчи касаба уюшмасини ташкил этиш бўйича мисли кўрилмаган қарорни ёқлаб овоз берди.

Ушбу ташаббус оммавий ишдан бўшатиш, жумладан, ёмон меҳнат шароитлари, паст иш ҳақлари ва ишчиларни ижтимоий нафақалар ҳамда бандлик хавфсизлигидан маҳрум қилган узоқ муддатли меҳнат шартномалари ўрнига фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари қўлланиши сабабли ишчилар ўртасида ортиб бораётган норозилик жавоби бўлди.

Охирги 12 ой давомида “Индорама” раҳбарияти меҳнат ҳуқуқлари бузилишига қарши курашаётган фаол касаба уюшмасини сустлаштиришга уриниб келмоқда. Хусусан, 2022 йил 23 май куни компаниянинг Сирдарё вилояти раҳбарияти маҳаллий ҳоким ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси (ЎКУФ) минтақавий вакиллари билан биргаликда касаба уюшмаси устидан назоратни қўлга олиш ва бошқарув аъзосини касаба уюшмасига янги раис этиб тайинлашга ноқонуний уриниш уюштирди.

Индорама 80 нафарга яқин ишчи семинарга қатнашмоқчилиги ҳақида ёлғон хабар бериб, сохта касаба уюшмаси сайловини ўтказди ва унда корхонада юқори лавозимда ишлаган Равшан Тожиев касаба уюшмаси раиси этиб “сайланди”. Мавжуд касаба уюшмаси етакчиларининг ЎКУФ раисига қилган мурожаатлари, шунингдек, Cotton Campaign коалициясининг дипломатик аралашувидан сўнг йиғилиш тартиб-қоидалар бузилгани учун ўтмаган деб топилди. Янги сайлов ўтказилиб, янги қонуний раис демократик йўл билан сайланди.

Бироқ “Индорама Агро”да меҳнат шартномаларини қайта таснифлашнинг сўнгги босқичидан кейин касаба уюшмасининг мавжудлиги таҳдид остида қолмоқда. 2022 йил январь ойида аксарияти ерлари ноқонуний олиб қўйилган собиқ фермерлар бўлган собиқ бригадирларга 100-125 гектар ерни ташкил этувчи нано бирликларда пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш ва йиғиб олиш учун жавобгарлик юкланган шартномалар берилди.

Энди нано бирлик ишчилари (НБИ) номи билан танилган бригадирлар меҳнат шартномаларини сақлаб қолиб, ойлик маош олишди, бунинг устига, улар ниҳоятда юқори ишлаб чиқариш режаларини ошириб бажарган тақдирда мукофот пули олиши мумкин эди.

НБИ билан янги шартномалар фақат бир йилга тузилиб, 2022 йил декабрь ойи охирида муддат тугади. 2022 йил 30 ноябрь куни касаба уюшмаси раиси ва нано бирлик ишчиси Шерзод Алибоев “Индорама Агро” раҳбариятига хат ёзиб, шартномалари қачон янгиланиши хусусида тушунтириш сўради, бироқ ҳеч қандай жавоб олмаган.

Компания шартномалар муддати тугашидан бир ҳафта олдин, 2022 йил 22 декабрда НБИ позициясини тушунтириш бўйича кейинги сўровларни рад этди. Янги шартнома касаба уюшмаси билан олдиндан маслаҳатлашилмай, Меҳнат кодексига зид равишда ишлаб чиқилган.

Янги шартномалар бир неча сабабларга кўра ўта муаммоли. Биринчидан, бу ишчиларни бандлик хавфсизлиги ва ижтимоий таъминотдан маҳрум этишга қаратилган аниқ уринишдир.

Иккинчидан, уларнинг бандлик мақомини олиб ташлаш орқали улар касаба уюшма аъзолигини сақлаб қололмаслиги эҳтимоли юқори бўлиб, бу уюшмалар эркинлиги ва жамоавий музокараларнинг олдини олишга қаратилгани аниқ. Учинчидан, ер майдонларининг 100-125 гектардан 80 гектарга қисқариши ҳисобига даромад олиш имконияти сезиларли даражада қисқартирилди.

Тўртинчидан, ҳар ойда атиги 106 АҚШ доллари миқдоридаги тўлов билан улар харажатларни қоплашлари кутилса, болалар ва мажбурий меҳнат охирги чора бўлиши хавфи ортади. Ниҳоят, компаниянинг ишдан бўшатиш тўғрисида олдиндан хабар беришдан бош тортиши нано бирлик ишчиларига ушбу эксплуатацион шартномаларни имзолашдан бошқа чора қолдирмайди.

Миллий меҳнат қонунчилигини қўпол равишда бузиш Ўзбекистоннинг демократик йўл билан сайланган ягона касаба уюшмаси учун жиддий зарба бўлади. Касаба уюшмаси аъзоларининг кўпчилиги НБИлардан иборат бўлгани сабабли бу ҳаракат муқаррар равишда ишчилар унга энг муҳтож бўлган пайтда касаба уюшма фаолиятини тўхтатишга олиб келади.

Ушбу сўнгги воқеа 2021 йил декабрь ойи охирида компания 300 га яқин дала ишчиси, шунингдек, касаба уюшмаси аъзолари билан шартномаларни янгилашдан бош тортганидан кейин содир бўлди.

Ишчиларнинг талаблари

 

Аввало, касаба уюшмаси иш ўринларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда ва ишчилар шунчаки яшаш учун маош ва муносиб меҳнат шароитларини талаб қилишмоқда. Дарҳақиқат, ҳукуматнинг “Индорама Агро”га оид қарорига кўра, компания 1500 та янги иш ўрни яратиши ва “қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва иш ҳақини ошириши” кутилган эди. Бундан кўринадики, “Индорама Агро” келишувни бажармаётганга ўхшайди.

Ишчилар қисқа муддатли мавсумий ва фуқаролик шартномалари ўрнига узоқ муддатли меҳнат шартномалари тузишни талаб қилишмоқда. Бу эса уларни иш билан таъминлаш, пенсия ва касаллик нафақалари каби ижтимоий тўловлар ҳамда доимий даромад олиш имконини беради.

Ишчилар, шунингдек, ердан даромад олиш, теримдан кейин ғўзапояларни ўтин сифатида ишлатиш мақсадида ердан шахсий фойдаланиш ҳуқуқлари тикланишини хоҳлашади. Аномал совуқ таъсирида Ўзбекистонда юзага келган даҳшатли энергетик инқироз шароитида бундай кичик имтиёзлар кўплаб қишлоқ аҳлининг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Ушбу талабларга қарамай, “Индорама” ўз режаларини ишчилар ёки касаба уюшмаси вакиллари билан муҳокама қилмасдан, қайта қуриш жараёнини давом эттирди. Ходимларни хизмат кўрсатувчиларга айлантириш орқали уларнинг меҳнат ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва бирлашиш ҳуқуқига нисбатан ҳурматсизлик маданиятини намойиш этади.

Компания пахта ва ғалла етиштириш бўйича деярли барча тадбиркорлик таваккалчилигини ташқи манбаларга топширган ҳолда мажбурий меҳнат шароитида самарали фаолият юритмоқда.

ХАЛҚАРО МАНФААТДОР ТОМОНЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

“Индорама Агро” Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Халқаро молия корпорацияси (ХМК)дан 70 миллион доллар кредит олган. Шунинг учун компаниянинг ишчилар ҳуқуқларига рахна солиши ушбу молиявий ташкилотлар имижига ҳам соя солади.

Шунга қарамай, банклар компанияга банкларнинг ўз фаолияти стандартлари ҳамда мижозининг мажбуриятларига риоя этилишини таъминлаш учун етарли даражада босим ўтказа олишмади.

Аксинча, 2022 йил охирида банклар компаниянинг “Экологик ва ижтимоий ҳаракатлар режаси”да яхшиланишлар кутилгунга қадар кечиктирилган кредитларни беришни бошлади.

Германиядаги Ўзбекистон  инсон ҳуқуқлари форуми ва Bankwatch Network аралашуви натижасида ЕТТБ ва ХМК 2022 йилда “Индорама Агро” фаолияти бўйича иккита текширув комиссиясини жўнатди, бироқ улар ҳанузгача ўз хулосаларини ошкор қилишдан бош тортмоқда. Шу сабабли кредит бериш тўғрисидаги қарор қандай асосда қабул қилинганини текширишнинг имкони йўқ.

2017 йилдан бери ХМК Ўзбекистон пахта компаниялари, жумладан, “Индорама Агро” учун пахта етказиб бериш занжири барқарорлиги дастурини Better Cotton Initiative (BCI) тамойилларига асосланган ҳолда қўллаб-қувватлаб келади.

BCI миссияси “атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва тиклаш билан бирга пахта жамоаларининг омон қолиши ва ривожланишига ёрдам бериш”дир. Ҳукуматнинг “Индорама Агро”га оид қарорида BCI стандартлари бўйича тайёрланган пахта ҳам назарда тутилган.

BCI ўзини “кўп томонлама мажбуриятларнинг меъмори” ва “фермерга йўналтирилган ёндашув тарафдори” сифатида кўрсатиб келади. Бундан ташқари, “Муносиб меҳнат тамойили” (Decent Work Principle) лицензиатлардан меҳнат ҳуқуқларининг халқаро стандартларига риоя қилишни талаб этади.

Энди BCI Ўзбекистонда ўз дастурини ишга туширган бўлса, ушбу стандартларга риоя қилинаётганини текшириш учун барча имкониятларга эга. Сўнгги пайтларда BCI ғарбий Хитойда кенг тарқалган тизимли мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлган BCI лицензиатларини аниқлай олмагани учун қаттиқ танқид қилинди ва улар “Индорама Агро”даги ушбу жиддий қоидабузарликларни сертификатлаш мезонлари билан қандай қилиб муросага келиши мумкинлигини кўриш жуда тушунарсиз. Бундан ташқари, BCI ишчиларнинг талабларини фаол равишда қўллаб-қувватлаши ва самарали чоралар кўриши керак.

“Индорама” ишчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ўрнига Сирдарё ва Қашқадарёда фермерлар, ишчилар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида кучайиб бораётган кескинликка қарши курашиш учун PR кампания бошлади.

“Индорама Агро”нинг 2022 йил сентябрда чоп этилган ахборот бюллетенида компания BCI вакилларининг “Сирдарёга ташрифини яхши натижа билан якунлаганини” таъкидлайди.

Худди шу хабарномада айтилишича, Меҳнат департаменти пахта терими даврида самимий меҳнат муносабатларини сақлаб қолгани, шунингдек, вилоятдаги инсон ҳуқуқлари гуруҳидан “ташаккурнома” олгани учун компанияга миннатдорлик билдиришни лозим топгани айтилади.

“Индорама Агро”нинг у ишлаётган тўртта тумандаги фаолияти ишчилар ва маҳаллий аҳоли ўртасида жиддий норозиликка сабаб бўлгани ҳақидаги далиллар ортиб бормоқда.

Аҳоли вакилларининг айтишича, компания сиёсати ваъда қилинган 1500 та иш ўрни яратиш ўрнига кўпроқ қишлоқ аҳлини чет элдан иш излашга мажбур қилмоқда. Иш билан таъминлаш ваъдаси билан ерлари ноқонуний олиб қўйилган фермерлар компаниянинг нотўғри бошқаруви натижасида ҳосилдорлик кескин пасайиб бораётганини умидсизлик билан кузатмоқда, аммо улар энди тирикчиликка пул топиш учун ҳосилни ошириши кутилмоқда.

ЕТТБ, ХМК ва BCI каби халқаро кредиторлар ва манфаатдор томонлар “Индорама Агро”га оид хавф-хатарни ўз зиммасига олиб, ўтмишда жиддий ҳуқуқбузарликлар, жумладан, таъминот занжирларида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ва уюшмалар эркинлигини бузгани учун шикоят қилинган компанияни қўллаб-қувватлади.

Ушбу манфаатдор томонлар ўз ҳуқуқ мажбуриятларига жиддий ёндашишини намойиш қилиши ва “Индорама” ҳозир “хизмат кўрсатувчилар” деб таснифлаган 400 га яқин ишчини доимий ходимлар сифатида қайта ишга тиклашини таъминлаши ҳамда ишчилар ва касаба уюшмалари билан зудлик билан музокаралар бошлаши керак.

Буни қилмаслик нафақат уларнинг сиёсати ва ишлаш талабларининг ишончлилигига жиддий путур етказади, балки “Индорама Агро” лойиҳасидан фойда кўриши керак бўлган ўзбек ишчиларидан юз ўгиришга ҳам олиб келади.

Манба: Uzbek Forum for Human Rights

Тағин ўқинг
30 июн 2016
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити даврида таҳлиллар, қарашлар борасида сукут сақлаб, гўнг бўлиб ўтирган Ўзбекистон матбуоти ниҳоят турли арбоблару шарҳловчиларнинг ...
5 май 2017
Президент Мирзиёев, 27 апрел куни, Жиззах вилоятидаги мажлисда амалдорларни кунига 8 соат ўрнига, 18 соатдан ишлаши кераклигини тайинлади. «Мен ...
1 феврал 2016
Давлатнинг бир ярим миллиард сўм пулига олинган «Барон» фильми қора бозорга чиқиб кетди. Олдинги «Сотқин» фильми билан ҳам ҳудди ...
19 апрел 2023
Салом қадрли мухлислар, бугун 19 апрел, эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади. +++ Сурхондарё вилояти Узун туманидаги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...